Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигида янги давр бошланди

    Суҳбат 17 июл 2020 49301

    Мамлакатимиз кейинги йилларда чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш, хорижий давлатлар билан дўстона ҳамда ўзаро манфаатли муносабатларни ривожлантириш борасида муҳим натижаларга эришмоқда.

    Бу жараёнда, айниқса, Европанинг бир қатор давлатлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик сезиларли даражада мустаҳкамланди. БМТ, ЕХҲТ, ШҲТ, ИҲТ ва бошқа нуфузли халқаро ташкилотлар билан шериклик муносабатлари сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди.

    Мухбиримиз Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Шерзод АСАДОВ билан шу мавзуда суҳбатлашди.

    — Шерзод Икромович, кейинги йилларда Ўзбекистон ва Европа мамлакатлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришда қандай янги тенденциялар кўзга ташланмоқда? Пандемия шароитида бу алоқалар қайси соҳаларда кўпроқ намоён бўлмоқда?

    — Дарҳақиқат, Ўзбекистон Европа Иттифоқи ва Европа давлатлари билан ҳамкорликни ўз ташқи сиёсатининг устувор йўналишларидан бири деб билади. Сўнгги йилларда Ўзбекистоннинг Европа мамлакатлари билан барча жабҳалардаги муносабатлари жадал суръатларда ривожланиб бориши натижасида ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг янги даври бошланди, деб айтсак бўлади.

    Биргина мисол. Президентимизнинг Франция (2018 йил октябрь), Германия (2019 йил январь) ва Туркияга (2017 йил октябрь ва 2020 йил февраль) расмий ташрифлари ташкил этилиб, уларнинг натижалари бўйича сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳаларда салмоқли келишувларга эришилди. Ўз навбатида, ГФР Президенти Франк-Валтер Штайнмаер (2019 йил май) ва Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдўған (2018 йил апрель) мамлакатимизга жавоб ташрифини амалга оширганини алоҳида қайд этиш жоиз.

    Ҳозирги вақтда Венгрия, Италия, Бельгия, Буюк Британия ва Чехия каби давлатлар билан билан олий даражадаги ташрифларни ташкил этиш юзасидан ҳар томонлама ишлар олиб борилмоқда.

    Сўнгги бир йил давомида Европанинг Австрия, Германия, Буюк Британия, Словакия, Словения, Испания, Италия, Туркия, Франция, Швейцария, Чехия, Норвегия, Финляндия, Латвия, Литва каби мамлакатлари Ташқи ишлар вазирликлари билан 20 дан зиёд сиёсий маслаҳатлашув ўтказилди.

    Биз сўнгги вақтларда Европа Иттифоқи билан энг юқори ва олий даражадаги мулоқот илгари кузатилмаган даражада фаоллашаётганига гувоҳ бўлдик. Хусусан, 2019 йил май ойида Европа Кенгаши раҳбари Доналд Туск илк маротаба Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бундан ташқари, ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича эндиликда собиқ олий вакили Федерика Могерини икки марта (2017 йил ноябрь ва 2018 йил март ойлари) республикамизга ташриф буюрди.

    2020 йилнинг апрель ойида Президентимиз Шавкат Мирзиёев ва Европа кенгаши раҳбари Шарл Мишел ўртасида телефон мулоқоти ўтказилди. Ташқи ишлар вазири A.Комилов ЕИнинг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, Европа Иттифоқи Комиссияси вице-президенти Жозеп Боррел (2020 йил январь ойида Берлин шаҳрида ва май ойида телефон орқали) билан икки марта суҳбатлашди. Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги сиёсий-дипломатик, савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар соҳаларда кўп қиррали ҳамкорликнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.

    Мазкур музокаралар чоғида Европа томони иқтисодиёт, савдо, инновация ва инвестиция, транспорт, илм-фан, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаларида икки томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирди.

    Шу ўринда Европа мамлакатлари билан савдо-иқтисодий йўналишда ҳамкорликни сезиларли тарзда ўсиб, ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтиш лозим. Жумладан, 2019 йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва ЕИ мамлакатлари ўртасидаги савдо ҳажми 2016 йил билан таққослаганда деярли 60 фоиз ўсиб, 4 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Шу билан бирга, мамлакатимизда ишлаб чиқарилган маҳсулотларни Европага экспорт қилиш 1,5 баравар ортган ҳолда 580 миллионАҚШ доллари миқдорига етган бўлса, бу даврда импорт ҳажми 1,5 баробар ошди ва 3,42 миллиард долларни ташкил этди.

    Жорий йил январь-май ойларида товар айирбошлаш ҳажми 1,315 миллиард долларни, шу жумладан, экспорт 196,6 миллион долларни, импорт 1,11 миллиард долларни ташкил этди.

    Ўзаро муносабатларни сифат жиҳатидан янги ва юқори даражага кўтариш мақсадида расмий Тошкент ва Брюссел ўртасида янги кенг қамровли икки томонлама ҳужжат — Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битимни тузиш бўйича 2019 йилдан бошлаб фаол музокаралар ўтказилмоқда.

    Европа Иттифоқи билан кўп жабҳали мулоқотни ривожлантиришга хизмат қилаётган мазкур йўналишга, асосан, 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ўзбекистонда амалга оширилган туб ислоҳотлар туфайли эришилди.

    Сўнгги йилларда Марказий Осиёда кузатилаётган ҳамкорликнинг ижобий динамикаси, шунингдек, Ўзбекистоннинг минтақа давлатларига нисбатан яхши қўшничилик муносабатларини мустаҳкамлаш ва конструктив мулоқот орқали барча масалаларни ҳал этишга қаратилган янги сиёсати асосида Брюссел минтақага нисбатан сиёсатини минтақалараро алоқаларни ривожлантириш сари тубдан қайта кўриб чиқди.

    Буларнинг барчаси Брюссел томонидан Марказий Осиё учун тасдиқланган (2019 йил июнь ойида) янги стратегияда яққол намоён бўлди. Европа томонининг позициясига кўра, Европа Иттифоқи ва унга аъзо давлатлар Марказий Осиёнинг сиёсий барқарорлиги ва изчил ривожланишидан, шунингдек, икки минтақа ўртасидаги интеграция алоқаларини фаол ривожлантиришдан манфаатдордир.

    Минтақамиздаги барқарор вазиятни эътироф этган ҳолда, расмий Тошкент томонидан илгари сурилган яхши қўшничилик сиёсати туфайли расмий Рим илк марта «Италия — Марказий Осиё» форматидаги вазирлар учрашувини (2019 йил декабрь) ўтказди. Ўз навбатида, Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтириш мақсадида расмий Париж ҳам шу сингари мулоқотнинг иккинчи босқичини давом эттиришга қарор қилди.

    2020 йилнинг апрель ва июнь ойларида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов Европа Иттифоқи савдо комиссари Ф.Хоган билан икки маротаба видеоконференция шаклида учрашувлар ўтказди. Музокаралар давомида Ўзбекистон ва ЕИ ўртасида кенгайтирилган шерикчилик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим лойиҳаси бўйича келишиш жараёнини фаоллаштириш борасида келишувга эришилди. Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши бўйича ишчи гуруҳнинг 4-йиғилишига тайёргарлик кўриш доирасида амалга оширилаётган чора-тадбирларга, шунингдек, Ўзбекистоннинг ЕИ «ПБТ+» имтиёз тизимида бенефициар мамлакат мақомини олиши жараёнига алоҳида эътибор қаратилди.

    Таъкидлаш керакки, бугунги кунда COVID-19нинг глобал миқёсда тарқалиши ва бутун дунё иқтисодиётига салбий таъсири шароитида Европа Иттифоқи унинг салбий оқибатларини бартараф этиш учун Ўзбекистонга 30 миллион евродан кўпроқ маблағ ажратишга қарор қилди.

    Бундан ташқари, БМТ шафелигида Ўзбекистоннинг Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик Траст фондига Европа Иттифоқи 5 миллион евро, Норвегия 1,1 миллион АҚШ доллари ва Финляндия 1 миллион евро миқдорида маблағ ажратди.

    Фурсатдан фойдаланиб, Европадаги ҳамкорларимизга Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиши ҳамда республиканинг “GSP+”тизими доирасида бенефициар мақомини олиши бўйича саъй-ҳаракатлари, шунингдек, кенг қамровли ўзгаришлар шароитида мамлакатимизга кўрсатаётган молиявий ва техник кўмаги учун миннатдорлик билдирмоқчиман.

    Европа Иттифоқининг Ўзбекистон Республикаси учун 2014 — 2020 йилларга мўлжалланган беғараз ёрдами тўғрисидаги кўп йиллик индикатив дастури доирасида республикадаги ижтимоий-иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун қарийб 168 миллион евро маблағ ажратилди.

    Шу билан бирга, биз Европа Иттифоқи мамлакатларидан Ўзбекистон Республикаси раҳбарияти томонидан Афғонистондаги мавжуд вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш бўйича олиб бораётган халқаро майдондаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлагани учун миннатдормиз. Ўзбекистон учун қўшни давлатда узоқ кутилган тинчликни ўрнатиш устувор аҳамиятга эгадир.

    Биз Европа билан икки ва кўп томонлама истиқболли муносабатларни давом эттирамиз. Савдо-сотиқ, инвестиция ва молия, юқори технологиялар трансфери, илм-фан, техника, таълим, экология, соғлиқни сақлаш ва маданият соҳаларидаги ҳамкорлик, шунингдек, минтақавий хавфсизликни мустаҳкамлаш Ўзбекистон — Европа муносабатларининг асосий устувор йўналишлари ҳисобланади.

    — Ўзбекистоннинг дунёдаги нуфузли халқаро ташкилотлар, жумладан, БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСEФ билан ҳамкорлиги бугунги глобал пандемияга қарши курашда қандай самаралар бермоқда?

    — Ўзбекистоннинг нуфузли халқаро ташкилотлар, шу жумладан, БМТ ва унинг ихтисослашган агентликлари билан самарали ҳамкорлиги пандемия даврида ҳам сусайгани йўқ.

    Жорий йилнинг июнь ойида Президентимиз таклифи билан ишлаб чиқилган ва тасдиқланган БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан ҳамкорликни ривожлантириш бўйича тадбирлар режаси («йўл харитаси») фикримизнинг яққол исботидир. Мазкур ҳужжат давлатимиз раҳбари ташаббусларини БМТ доирасида илгари суриш, республика ва унинг вакиллари номзодларини БМТнинг сайлов органлари аъзолигига илгари суриш ва мамлакатимизнинг халқаро майдондаги имижини оширишга қаратилган сиёсий-дипломатик тадбирларни ташкил этиш бўйича халқаро майдондаги фаолиятни жадаллаштириш борасидаги саъй-ҳаракатларни кўзда тутади. Тадбирлар режаси сайёрамиздаги энг универсал халқаро ташкилот — БМТ ва унинг ихтисослашган муассасалари билан бундан кейинги ҳамкорликни сифат жиҳатдан янги поғонага кўтариши шубҳасиз.

    Шу билан бирга, мамлакатимизда коронавируснинг кириб келиши ва уни республика ҳудудида тарқалишига қарши биргаликда курашишда БМТ, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, ЮНИСEФ ва Халқаро меҳнат ташкилоти билан яқиндан ҳамкорлик қилиб келмоқдамиз.

    8 июль куни Женева шаҳрида дун­ё­нинг 80 дан ортиқ мамлакати давлат ва ҳукумат раҳбарлари иштирокида Халқаро меҳнат ташкилотининг меҳнат соҳасида COVID-19га қарши кураш масалалари бўйича глобал виртуал саммити бўлиб ўтди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев мазкур тадбир иштирокчиларига йўллаган мурожаатномаси мамлакатимизда пандемия шароитида олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг жаҳон ҳамжамияти томонидан кенг эътироф этилаётганидан далолат беради.

    БМТ Тараққиёт дастури биринчилардан бўлиб Ўзбекистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш бўйича аниқ мақсадли саъй-ҳаракатларни амалга ошириш учун 250 минг доллар миқдоридаги молиявий-техник ёрдамни ажратди. Шунингдек, БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси томонидан коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий оқибатларини юмшатиш борасида Ўзбекистон ҳукуматига кўмак бериш мақсадида қўшимча равишда 1 миллион доллар миқдоридаги грант маблағлари ажратиши масаласи ишлаб чиқилди.

    Бундан ташқари, БМТнинг Тошкентдаги тегишли агентликлари томонидан COVID-19 билан боғлиқ вазиятни баҳолаш ҳамда бу борадаги долзарб вазифаларни ўз ичига олган «Ижтимоий-иқтисодий чоралар бўйича умумлаштирилган кўп томонлама таклиф» деб номланган таҳлилий ҳужжат ишлаб чиқилди.

    Ҳужжатда коронавирус пандемияси шароитида ҳал этилиши лозим бўлган долзарб ижтимоий, шу жумладан, соғлиқни сақлаш соҳасига оид масалалар билан бир қаторда, БМТ ва унинг республикада фаолият юритаётган агентликларининг Ўзбекистон ҳукуматига кечиктириб бўлмайдиган макроиқтисодий чора-тадбирларни амалга ошириш, иқтисодиётни тиклаш, хусусан, маҳсулот экспортининг камайишига, кичик ва ўрта бизнес корхоналарининг ёпилишига ва тегишли иш жойларининг қисқаришига йўл қўймаслик борасида яқиндан кўмак бериш бўйича таклиф ва тавсиялари ўз аксини топган.

    Ўз вақтида ишлаб чиқилган ушбу таҳлилий ҳужжат ҳозирги шароитда жуда муҳим аҳамиятга эга бўлиб, республикада пандемияга қарши жадал олиб борилаётган тадбирларни БМТ ва унинг ихтисослашган агентликлари тажрибаси ва имкониятларини ҳисобга олган ҳолда манзилли йўналтириш имкониятини беради. Ўзбекистон томони, албатта, БМТнинг мазкур ҳужжатни тайёрлаш борасидаги фаолиятини юқори баҳолайди ва шу каби масалаларда бундан кейин ҳам ташкилотнинг Тошкентдаги ваколатхонаси билан яқиндан ҳамкорлик қилишга тай­ёрлигини билдиради.

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Ўзбекистонга лаборатория ва синов тўпламларини сотиб олишда, инфекция тарқалишини назорат қилишда, халқаро соғлиқни сақлаш қоидалари ва COVID-19 маълумотларини тўплашда ёрдам бермоқда.

    БМТнинг болалар жамғармаси — ЮНИСEФ Осиё тараққиёт банкининг молиявий кўмаги асосида республика учун 1,56 миллион долларлик тиббий асбоб-ускуналар ва жиҳозларни харид қилди. Дори-дармон воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа керакли анжомлар Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигига ўз вақтида етказиб берилмоқда.

    — Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишга интилмоқда. Бу мамлакатимизнинг эртанги тараққиёти учун қандай хизмат қилади?

    —Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ташқи сиёсий ва иқтисодий алоқаларни янада ривожлантиришда ҳамда уларни юқори босқичга олиб чиқишда муҳим омил саналади.

    Ҳозирги кунда дунёнинг 164 та мамлакатини ўз таркибига олган йирик иқтисодий интеграциялардан бири Жаҳон савдо ташкилотидир. Ташкилот алоҳида низомга эга бўлмай, шартнома ва музокараларга таянган ҳолда ташкил этилгани ва ҳозирги кунга қадар фаолият юритиб келаётгани унинг ўзига хос жиҳатларидан биридир. Мазкур ташкилотга аъзо бўлиш узоқ муддатли музокаралар ва турли йўналишларда комплекс ишларни амалга оширишни тақозо этади. Бунда асосий эътибор аъзо давлатлар билан олиб бориладиган икки ва кўп томонлама музокараларга қаратилган.

    Ташқи савдо йўналишларини диверсификациялаш ва уларнинг халқаро инфратузилмалар билан интеграциялашувига қаратилган тадбирлар доирасида Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши учун салмоқли ишлар олиб борилмоқда. Жумладан, жорий йил 29 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов раҳбарлигида Жаҳон савдо ташкилоти (ЖСТ) билан ишлаш бўйича Идоралараро комиссиясининг навбатдаги йиғилиши видеоконференция шаклида ўтказилди.

    7 июль куни Ўзбекистон Республикасининг ЖСТга қўшилиши бўйича ишчи гуруҳнинг 4-йиғилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда 60 дан ортиқ мамлакат вакиллари, жумладан АҚШ, Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Япония, Канада, Бразилия, Панама, Парагвай, Уругвай, Никарагуа, Мўғулистон, Гондурас, Ҳиндистон ва бошқалар иштирок этдилар.

    Йиғилиш давомида аъзо давлатларнинг саволларига ўзбек экспертлари томонидан батафсил жавоблар тақдим этилди.

    Учрашув якунида Ўзбекистоннинг ташкилотга қўшилиши жараёнининг кейинги босқичлари, яъни фактологик резюме ишлаб чиқиш, икки томонлама учрашувларни ташкиллаштириш ва уларни ўтказиш, илгари тақдим этилган ҳужжатларни янгилаш каби муҳим масалалар юзасидан келишиб олинди.

    Ҳозирги кунда ЖСТга аъзо давлатларнинг аксарияти, жумладан, Хитой, ЕИ, Туркия, Япония, Россия кабилар Ўзбекистоннинг ЖСТга кириши учун амалга ошириладиган тадбирларда ҳар томонлама кўмак кўрсатишга тайёр эканликларини билдирди.

    — Ўзбекистонда кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари ҳимояси, сўз эркинлигини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар Европа мамлакатлари ва халқаро ташкилотлар томонидан қандай баҳоланмоқда?

    — Юртимизда охирги уч йилда «Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун» тамойили асосида халқимиз ҳаётини тубдан яхшилашга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда. Жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Мишел Бачелетнинг 2019 йил якуни бўйича тақдим этган йиллик ҳисоботида илк бор Ўзбекистон Республикасида амалга оширилаётган ислоҳотларга алоҳида ижобий урғу берилган.

    Шу билан бирга, жорий йилнинг март ойида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича қўмитаси Ўзбекистон Республикаси томонидан тақдим қилинган Бешинчи даврий ҳисоботни кўриб чиқиб, юртимизда коррупцияга қарши кураш, аёлларга нисбатан зўравонликнинг олдини олиш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш, болалар ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш соҳасидаги ютуқларга ижобий баҳо берган. Ҳозирги кунда қўмитанинг бу борадаги тавсияларини амалга ошириш бўйича «йўл харитаси» ишлаб чиқилмоқда.

    Бундан ташқари, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг ОАВ эркинлиги бўйича вакили Арлем Дезир Ўзбекистонда сўз эркинлигини таъминлаш соҳасидаги ишларга юқори баҳо бермоқда. Жумладан, унинг офиси Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ва Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди билан ҳамкорликда қатор тадбир ва лойиҳаларни амалга оширмоқда. 2020 йилда ЕХҲТнинг Марказий Осиёда сўз эркинлиги халқаро форумини Тошкентда ўтказиш режалаштирилган.

    Жорий йилнинг 22 июнь куни Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияси қабул қилинди. Ушбу ҳужжат асосида юртимизда инсон ҳуқуқлари соҳасида янада кенг кўламли ислоҳотларни ва хорижий ҳамкорлар билан кенг қамровли ишлар кўзда тутилган.

    Хорижий шерикларимиз ва халқаро ташкилотлар билан мулоқот жараёнида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларнинг ортга қайтмаслиги ва давомийлигини алоҳида таъкидлаб келмоқдамиз. Мазкур соҳада мамлакатимизнинг нуфузини янада ошириш мақсадида Ўзбекистоннинг 2021-2023 йиллар мобайнида БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлиши масаласи бўйича республикамизнинг тегишли вазирлик ва идоралари ҳамда хориждаги дипломатик ваколатхоналари томонидан изчил фаолият амалга оширилмоқда.

    Ўзбекистон Европа Иттифоқи билан муносабатларда инсон ҳуқуқлари ва қонун устуворлиги соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.

    Республикамиз Марказий Осиёда биринчилардан бўлиб адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва алоқадор масалалар бўйича Ўзбекистон — Европа Иттифоқи қуйи қўмитаси доирасида «Инсон ҳуқуқлари бўйича мулоқот»ни ташкил этди. Бугунги кунга қадар томонлар ўртасида 12 раунд мулоқот бўлиб ўтди.

    Ҳаракатлар стратегияси доирасида кўп қиррали ислоҳотлар бошланган пайтдан буён европалик ҳамкорларимиз жамиятни демократлаштириш, қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, фуқаролик жамияти, сўз эркинлиги ва инсон ҳуқуқлари соҳасидаги чуқур ўзгаришларни қўллаб-қувватлаб келмоқдалар.

    Ўзбекистоннинг мажбурий меҳнатга барҳам бериш, суд ислоҳотлари, қийноқларнинг олдини олиш ва фуқаролиги бўлмаган шахслар билан боғлиқ муаммоларни ҳал этиш борасидаги ютуқларини Европа томони алоҳида таъкидлайди.

    Ушбу соҳалардаги сезиларли ютуқлар туфайли 2019 йилда Европа Иттифоқи «индивидуал ҳолатлар» деб номланувчи рўйхатни биринчи марта тақдим этмади. Албатта, бу мамлакатимизда мазкур соҳаларда олиб борилаётган ислоҳотлардаги сезиларли ўзгаришлардан далолат беради.

    Маълумот учун: «Ўзбекистон-ЕИ» қуйи қўмитасининг адлия, ички ишлар, инсон ҳуқуқлари ва алоқадор масалалар бўйича йиғилишлари доирасида Европа томони қамоқдан озод қилиш талаби билан «сиёсий маҳбуслар» деб аталувчи 10-15 кишининг рўйхатини анъанавий тарзда тақдим этар эди.

    Бундан ташқари, Европа томонининг таъкидлашича, 2019-2020 йилларда оқланганларнинг ўтган йилларга нисбатан жуда кўплиги Ўзбекистон суд тизимидаги ислоҳотлар амалда ижобий натижаларни кўрсатаётганидан далолат беради.

    Ўзбекистоннинг ушбу соҳада эришган ижобий натижалари Европа Иттифоқининг дунёда инсон ҳуқуқлари ва демократия бўйича йиллик ҳисоботида (2020 йил июнь ойида эълон қилинган) ҳам юқори баҳоланди. Ҳужжатда 2016 йилдан бошлаб Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан Ўзбекистонда жамиятни босқичма-босқич либераллаштириш ва демократлаштиришга қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар дастури, шу жумладан, сиёсий дастурлар амалга оширилаётгани таъкидланган.

    Алоҳида қайд этилишича, бу йўналишда жиддий ютуқларга 2019 йилда ва унинг якунида (22 декабрь) бўлиб ўтган парламент сайловида эришилди. Бу эса, ўз навбатида, республикамиз раҳбариятининг туб ўзгаришларни амалга оширишга бўлган интилишларини яққол намойиш этди.

    Бундан ташқари, ЕИ ҳисоботида сўз эркинлиги соҳасида эришилган ижобий ўзгаришларга эътибор қаратилган. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги турли давлат идоралари билан ишлашда қийинчиликларга дуч келган ўзбекистонлик журналистларга жиддий ёрдам кўрсатгани қайд этилган.

    Шу билан бирга, Ўзбекистон 2019 йилда «Чегарасиз ОАВ» таснифига кўра, «қора ҳудуд»дан чиқарилди.

    Республиканинг инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ютуқларини инобатга олган ҳолда, ЕИ ва унга аъзо давлатларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг глобал сиёсий жараёнлар, жумладан, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари кенгашига аъзо бўлишидаги фаол иштирокини қўллаб-қувватламоқда.

    — Мамлакатимизда халқаро туризмни ривожлантириш тобора жадал ривожланмоқда. Ўзбекистоннинг бу соҳадаги ташаббусларини Жаҳон сайёҳлик ташкилоти қай даражада қўллаб-қувватламоқда?

    — Албатта, Ўзбекистонда туризм соҳасини ривожлантириш, юртимизга чет эллик сайёҳларни жалб қилиш, умуман, мамлакатимизнинг туристик салоҳиятини кучайтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларимиз БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (ЮНВТО) томонидан ижобий қабул қилинмоқда.

    Республикамиз вакиллари ЮНВТО шафелигида ташкил этиладиган йирик ва нуфузли туристик ярмаркалар — FITUR, ITB, JATA, World Travel Market, Top Resa ва шунга ўхшаш қатор халқаро тадбирларда ҳамда улар доирасида ўтказиладиган вазирлар даражасидаги анжуманларда доимий равишда фаол иштирок этиб келмоқдалар. Бу эса ҳозирги кунда туризм соҳасидаги муҳим масалалар юзасидан халқаро ҳамкорлар билан фикр алмашиш имконини бермоқда.

    Ташкилот Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ташаббусларини ҳар томонлама ва кенг қўллаб-қувватламоқда. Жумладан, мамлакатимиз ташаббуси билан жорий йилнинг 1 июнь куни Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг «Тикланиш йўли» мавзусидаги халқаро анжумани ташкил этилди. Ушбу онлайн мулоқот жараёнида SAFE TRAVEL GUARANTEED ташаббуси, яъни Ўзбекистонда коронавирусга қарши курашиш, хавфсиз туризмни жорий этиш, юртимизда хорижий сайёҳлар учун яратилаётган шарт-шароитлар ҳақидаги янгилик ташкилот аъзо давлатлари ўртасида илгари сурилди.

    Бундан ташқари, жорий йилнинг 25 июнь куни Ўзбекистон раислигида ЮНВТОнинг Европа минтақавий комиссиясининг навбатдаги 65-сессияси видеомулоқот тарзида ташкил этилди. Тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов 2023 йилда БМТ Жаҳон сайёҳлик ташкилотининг Ижроия кенгашига 2021-2023 йиллар учун ва Бош ассамблеясининг 25-сессиясини ўтказишга Ўзбекистон номзодини илгари суриш ташаббусини эълон қилди ҳамда бу аъзо давлатлар томонидан илиқ кутиб олинди.

    Хуллас, Ватанимиз мустақиллигининг 29 йиллигини халқимиз халқаро миқёсда эришилаётган ана шундай салмоқли натижалар, залворли ютуқлар билан қаршиламоқда. Ишончимиз комилки, бундай хайрли ишлар келгусида ҳам давом этади. Бунинг натижасида мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи мустаҳкамланиб, Ватанимизнинг куч-қудрати юксалиб бораверади.

    «Янги Ўзбекистон» мухбири

    Баҳор ХИДИРОВА суҳбатлашди.