Маълумки, PSR диагностика таҳлилини амалга ошириш учун дастлаб COVID-19 коронавирус RNK сини ажратиб олиш талаб этилади.
Жорий йил 15 март куни илк бор Ўзбекистон ҳудудида вирус аниқлангандан сўнг, ЎзФА Ўсимлик моддалари кимёси институти ходимлари ҳам COVID-19 RNKсини ажратишга мўлжалланган диагностик тўплам ишлаб чиқиш устида тадқиқотларини бошлади ва қисқа вақт оралиғида ушбу тўпламлар ишлаб чиқилди.
Ушбу диагностик тўпламнинг клиник синовлари Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги лабораторияларида, шу жумладан, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг махсус лабораториясида ўтказилди ва ижобий натижаларни кўрсатди.
SARS-CoV2 РНК сини ажратишга мўлжаллаб ишлаб чиқилган ушбу тўплам дунёда ишлаб чиқариладиган аналоглари билан таққосланганда сезгирлиги, ўзига хослиги, айниқса, кам вақт талаб қилиши (1 соат), қулайлиги ва арзонлиги (камида 30% га арзонроқ) каби устунликларга эга.
Ушбу тўплам Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги «Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартизацияси давлат маркази» ДУК ташкилотида “ENKOR” номи билан рўйхатдан ўтказилди ва серияли ишлаб чиқариш учун рухсат берилди.
Бундан ташқари, ушбу тўплам ёрдамида гепатит В, гепатит C, одам иммун танқислиги вируси (ВИЧ) RNK/DNKсини ажратиш мумкин.
Ишлаб чиқилган диагностик тўпламлар мамлакатимизга хориждан келтириладиган нархдаги тўпламларнинг ўрнини босишга имконият яратади. Институт юқорида келтирилган тўпламларни Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан талаб бўлса, керакли миқдорда ишлаб чиқариш имкониятига эга.