Ўзгаришлар даври ёшларга улкан имкониятлар яратмоқда

    Бугун Ўзбекистонда янги Ренессансга пойдевор қўйиш даврида олий таълим тизими ҳам янгиланиш ва ислоҳотлар босқичидан ўтмоқда. Тизимда сифат ва самара шиддат билан кўтарилгани олий таълим олишнинг туб моҳиятини англаган ёшлар дунёқарашида, натижаларида яққол намоён бўла бошлади.

    Олий таълим ривожи учун тинимсиз меҳнат қилинди, оламшумул ўзгаришлар амалга оширилди. Соҳа қонунчилиги ёшлар манфаатлари йўлида йиллар оша тубдан ўзгариб борди. Ёшлар учун кўплаб имтиёзлар, имкониятлар яратилдики, бугун олий таълимда уларнинг қамрови 9 фоиздан 42 фоизга кўтарилди. Олийгоҳлар сони эса 200 тадан ошди. Демакки, тизимда катта сакраш даври рўй берди, десак айни ҳақиқат бўлади.

    Бугун ёш авлод мана шу бахтли кунларнинг чин эгаси. Ёшлар мамлакати бўлган бу юртда улар учун очилмаган эшикнинг, имконсиз нарсанинг ўзи йўқ. Меҳр-эътибор, қўллаб-қувватлаш ёки турли имтиёзларнинг барчаси – шу эл фарзандлари учун. Уларнинг фаровон ҳаёти, бахтли келажаги, эртаси учун сўнгги йиллар давомида мамлакатимиз ҳаётига дахлдор мисли кўрилмаган ислоҳотлар кечди.

    Илм йўлини танлаган, билимга чанқоқ ёшлар учун халқимиз узоқ йиллар кутган ўзгаришлар содир бўлдики, яна қайта талаба бўлгиси келади одамнинг.

    Ислоҳот, шароит ва ҳуқуқ

    Ислоҳотлар хусусида ҳар қанча гапирилса, фикр билдирилса – арзигулик. Улардан бирини таҳлил этсак. Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрдаги “Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори вақтида қабул қилинган, олий таълим тизимини катта тараққиёт йўлига олиб чиқувчи муҳим ҳужжат бўлди. Чунки тизимга инновация янгиликларини киритиш асосидагина ички ва ташқи меҳнат бозорида рақобатбардошликни таъминлаш мумкин. Ёшларнинг интеллектуал қиёфасини кўтаришга қаратилган бу ўзгариш соҳанинг барча йўналишларига ўзига хос шиддатли тўлқин берди ва ёшларимиз орзулаган кунлар кетма-кет содир бўлаётган янгиликлар билан ёришиб кетди.

    Ўзгаришлар жараёнида олий таълим соҳасида давлат-хусусий шериклиги гуркираб ривожлана бошлади. Ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражаси ошиб борди. Кўплаб олийгоҳлар қаддини кўтариб, нуфузли халқаро рейтинглар рўйхатидан ўрин эгаллади. Олийгоҳларга берилган академик мустақиллик эса Ўзбекистон олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи “хаб”га айлантиришга, олий таълимнинг инвестициявий жозибадорлигини оширишга, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этишга катта имконият яратди.

    Бу каби ўзгаришлар сўнгги беш йилликда шиддатли тус олди ва мамлакатнинг барча фуқаролари учун олий маълумотни кундузги, кечки ва сиртқи таълим шаклида олишга шароит юзага келди. Эндиликда олий таълим муассасалари ўртасида соф рақобат, меҳнат бозорида ўзининг етук кадрлари билан муносиб ўрин эгаллаш учун кучли интилиш бошланди.

    Ҳалол таълим – шаффоф тизим ва миллий тарбия

    Ёшларнинг олий таълим муассасасига ҳужжат топширишидан бошлаб, тест имтиҳонларини ўтказиш, уларни баҳолаш ва оммага етказишгача бўлган мукаммал ва шаффоф тизим яратилдики, талаба ҳамма жараённи ўзи холис равишда махсус платформаларда бошқара олади. Замонавий технология ёрдамида онлайн трансляция орқали ота-оналаримиз олийгоҳларда яратилган шарт-шароитлардан бемалол фойдаланиб, фарзандларининг имтиҳон жараёнини кузатиб бормоқда.

    Талабалар ўқишини кўчириш ва тиклаш бўйича барча босқичларни очиқ амалга ошириш мақсадида аризаларни қабул қилиш, кўриб чиқиш ва қарор қабул қилиш жараёнлари учун махсус автоматлаштирилган онлайн дастур жорий қилинди.

    Айниқса, магистратура босқичига қабул жараёнлари абитуриентнинг бакалавриат диплом бали ўртача кўрсаткичи ҳамда хорижий тилни билиш даражаси бўйича тегишли миллий ёки халқаро сертификат асосида амалга оширилиши коррупцион ҳолатлар илдизига болта урди.

    Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида белгиланган вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида кредит-модуль тизими жорий этилди. Бунинг натижасида ёшларда ўзини ўзи бошқариш имконияти ошиб борди. Шу билан бирга, бу тизим таълим сифатини оширишга, шаффофликни таъминлашга, коррупцияга барҳам беришга, таълим олувчининг ҳақиқий билимини юзага чиқаришга ҳамда талабанинг мустақил ўқиб-ўрганиб, ўз устида ишлашига замин яратди.

    Президентимизнинг 2020 йил 5 октябрдаги “Рақамли Ўзбекистон – 2030” стратегиясини тасдиқлаш ва уни самарали амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини таъминлаш мақсадида олий таълим жараёнларини бошқариш “HEMIS” ахборот тизими жорий этилди. Натижада таълим жараёнининг самарадорлиги ва шаффофлиги ортиб борди. Рақамлаштириш орқали қоғозбозлик камайиб, профессор-ўқитувчилар учун асосий вақтларини билим бериш ва изланиш билан шуғулланишига имконият яратилди. Бунинг меваси сифатида таълим сифати ва иш унумдорлиги сезиларли равишда орта бошлади. Профессор-ўқитувчилар ва талабаларга электрон таълим хизматларини кўрсатиш амалиёти такомиллашди. Талабалар давомати яхшиланишига олиб келди.

    Демак, ҳақли равишда айтиш мумкинки, ёшларимиз орзулаган кунлар бугун келди. Мамлакат драйверига айлана олган олий таълим тизими ёшлар кўз ўнгида ва халқаро ҳамжамият нигоҳида Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотлар мевасини кўрсатиб берди.

    Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади

    Юртимизда “Аёл бахтли бўлса, жамият бахтли бўлади” эзгу ғояси давлат сиёсати даражасига кўтарилди ва хотин-қизларимиз ҳаёти янада яхши бўлиши, таълим олиши учун бемисл ўзгаришлар бошланди.

    2022 йил 7 мартдаги “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонга асосан, олий таълим муассасалари, сиртқи ва кечки таълимда ўқиётган хотин-қизларнинг контракт пулларини тўлаш учун 7 йилга фоизсиз кредит бериш, давлат олий таълим муассасаларининг магистратура босқичида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт тўловлари тўлиқ давлат бюджетидан қоплаб берилиши Ўзбекистонда амалга оширилган энг инсонпарвар ислоҳотлардан бири, десак муболаға бўлмайди.

    Миллат тараққиёти, жамият ривожи учун аёлларимизнинг таълим олиши, илм билан шуғулланиши ва ижтимоий фаоллигини рағбатлантиришга эҳтиёж катта эди. Бу эҳтиёжни қондириш учун нафақат ўқишда, балки ишда ҳам, оилада ҳам, умуман, барча жабҳада аёллар қадрланди, уларнинг илм олиши, жамиятда муносиб ўрин эгаллашига муносиб шарт-шароитлар яратилди. Зеро, хотин-қизлар, аёлларимизга кўрсатилаётган меҳр, эҳтиром эртага мамлакат тараққиёти, билимли авлод камолоти учун пойдевор бўлади.

    “Сиз ахир осмонни олмоқ бўлсангиз,

    Не учун елкамни тутиб бермайин?”

    2022 йил 30 июнь – Ёшлар куни муносабати билан ташкил этилган байрамда Президентимиз мамлакатимиз ёшларини табриклар экан, халқ шоири Ғафур Ғуломнинг юқоридаги ёниқ мисраларини ёдга олди.

    Кўплаб кўнгли ярим ёшларнинг дилига қувонч, ҳаётига бахтиёрлик бахш этган воқеликлардан яна бири 2020 йил 23 сентябрда “Таълим тўғрисидаги” қонуннинг қабул қилиниши, 2022 йил 28 январдаги “2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисида”ги фармон асосида инклюзив таълим шакли жорий этилиши бўлди. Фарғона давлат университетида ҳам инклюзив таълимни ривожлантириш бўйича қатор ишлар амалга оширилдики, натижада университетда 2016 йилда ногирон талабалар контингенти 15 нафар бўлса, бу кўрсаткич 2024 йилда 230 нафарни ташкил этиб, 15 баробар ошди.

    2020/2021 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида таълим олаётган талабаларга тўлов-шартнома суммасини тенг улушда, ўқув йили давомида тўрт маротаба бўлиб тўлаш ҳуқуқи берилди. Бу эса талабадаги ҳавотир, гуруҳдошлари олдидаги хижолатли вазиятларни бартараф этиб, олийгоҳ ва ёшлар ўртасида катта ишонч кўпригини ҳосил қилди.

    Бундан ташқари, давлат олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилишда шундай имтиёзлар тақдим этилдики, ёшларнинг таълим тизими хусусидаги қарашлари, нуқтаи назарлари буткул ўзгариб кетди. Хусусан, имтиҳонсиз қўшимча давлат гранти асосида талабаликка тавсия этиш учун асос бўлувчи қатор имтиёзлар белгиланди. Улар ёшлар кўнглини тоғдек кўтариб, ҳаёт йўлларида суянч устунига айланди.

    Жорий йил 24 май куни яна бир муҳим ҳужжат қабул қилинди. Президентимизнинг “Олий таълим ташкилотларига ўқишга қабул қилиш ва давлат буюртмасини жойлаштириш тизимини такомиллаштириш тўғриси”даги фармони асосида 2024/2025 ўқув йили қабулидан бошлаб давлат буюртмаси параметрларини давлат олий таълим муассасалари кесимида тақсимлаш амалиёти бекор қилиниб, бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари бўйича кундузги таълим шаклида тасдиқлаш тартиби жорий этилди. Шу билан бирга, давлат буюртмаси бўйича квоталар тақсимотида муҳандислик, тиббиёт, аниқ ва табиий фанларга устуворлик берилди. Фармонда таълим олувчилар манфаатларини кўзловчи шу каби кўплаб янги тартиб ва ўзгаришлар белгиланган.

    Ёшларимиз олий таълим муассасасига қабул қилингандан сўнг ҳам унинг талаба сифатидаги имкониятлари давом этади. Жорий этилган имтиёзлар энди уни сифатли таълим олиш ва ўз касбининг етук мутахассиси бўлиб етишиш учун руҳлантиришга хизмат қилади. Вазирлар Маҳкамаси қарори билан 2024/2025 ўқув йилидан бошлаб барча босқичлар талабалари учун давлат олий таълим муассасалари талабалар турар жойига жойлашиш онлайн шаклда амалга оширилиб, талабалар устуворлик асосида ётоқхонага қабул қилинади. Шунингдек, кўз касалликлари бўйича 1-2-гуруҳ ногиронлиги борлар, чин етимлар (ота-онасининг ҳар иккиси вафот этганлар) ва етимлар (ота-оналаридан бири вафот этганлар), меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари, ижтимоий ҳимояга муҳтож талабалар имтиёз асосида ётоқхона тўловларидан буткул озод қилинади.

    Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 24 сентябрдаги “Ижара ҳуқуқи асосида яшаётган талабалар томонидан тўланадиган ижара тўловларини қоплаб бериш тизимини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, ётоқхона билан қамраб олинмаган ва ўзига, шу жумладан, ота-онаси (қонуний вакиллари)га тегишли бўлмаган уйда ижара ҳуқуқи асосида яшайдиган талабаларга БҲМнинг ярим баробари миқдорида ижара пули тўлаб берилмоқда.

    Мазкур имкониятлар моҳиятини англаган ҳолда айтиш керакки, ёшларга кўрсатилаётган ғамхўрлик, уларнинг таълим олишидан тортиб қаерда ва қандай яшашигача қайғуришга фарзандларимиз фақат ўқиш, изланиш ва ўз ватани, миллати учун қайғурадиган чин инсон бўлиб етишиш билан жавоб қайтариши керак.

    Бугун бу ўзгаришлар таълимнинг қайси бўғинида содир бўлмасин, тизимдаги кўрсаткичлар ҳали Ўзбекистонда маърифат, илм-фан учун Ренессанс даврининг бошланиши экани, келгусида ёшларимизни бундан-да катта имкониятлар кутаётганини бугун ҳамма кундан кунга чуқур англаб етмоқда.


    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    педагогика фанлари доктори, профессор

    Мақола "Янги Ўзбекистон" газетасининг 161-сонида (2024 йил 13 август) чоп этилган.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates