Яъни пахта хомашёсининг баҳоси бозор иқтисодиёти талабларига мувофиқ, ҳар бир ҳудуддаги ернинг ҳолати, пахта етиштиришга йўналтирилган сарф-харажатлар, бозордаги талаб ва таклифдан келиб чиқиб, бевосита олувчи ва сотувчи томонларнинг ўзаро келишуви асосида белгиланади.
Президентимизнинг 2023 йил 26 январдаги “Пахта хомашёси етиштирувчилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига асосан, фермерларга етиштирган пахта ҳосилини харидор билан ўзаро келишилган нархда сотиш эркинлиги берилди. Пахта етиштириладиган майдонларни насос орқали суғоришда сарфланадиган электр энергияси харажатларининг 50 фоизгача қисми давлат бюджетидан қоплаб берилади.
Айтиш жоизки, етиштириш харажатларини камайтириш мақсадида кластерлар томонидан уруғлик, минерал ўғитлар, ёнилғи-мойлаш материаллари ва ўсимликларни ҳимоя қилиш воситалари фермер хўжаликларига устама қўлламасдан, ўтган йилга нисбатан 15-20 фоиз паст нархларда етказиб берилди.
Шу билан бирга, жорий йилда пахта-тўқимачилик кластерлари ва фермер хўжаликлари томонидан 5 мингдан ортиқ юқори унумли қишлоқ хўжалиги техникалари ва агрегатлари харид қилиниши натижасида 48 фоиз майдонда чигит юқори унумли замонавий пневматик сеялкаларда экилди. Натижада 5 минг тонна уруғлик чигит (24 млрд. сўмдан ортиқ) ва 5 минг тонна дизель ёнилғиси (қарийб 50 млрд. сўм) тежалди.
Томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган пахта майдонлар қарийб 300 минг гектарга етказилиши туфайли эса ғўзани суғориш ишларида 1,5 миллиард куб метрга яқин сув ресурслари, 50 минг тоннадан ортиқ минерал ўғит (қарийб 200 миллиард сўм) ва 10 минг тоннага яқин ёнилғи-мойлаш материаллари (90 миллиард сўмдан ортиқ) иқтисод қилингани пахта етиштириш харажатларини камайтиришга олиб келди.
Эслатиб ўтамиз, Президентнинг 2020 йил 6 мартдаги “Пахтачилик соҳасида бозор тамойилларини кенг жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан пахтахом ашёсининг харид нархини давлат томонидан белгилаш амалиётидан воз кечилган.