Пахта терими: бир мавсум — бир йилга татийди

    Бўка тумани бу йил ҳам пахта терими борасида Тошкент вилоятида етакчилар қаторида турибди.

    Куз фасли деҳқонлар учун йиғим-терим, баҳорда ерга сочилган уруғлар ҳосилини йиғишитириб оладиган палла. Айниқса, катта-катта ер майдонларида етиштирилган пахта ҳосилини нест-нобуд қилмасдан йиғиб олиш муҳим масалалардан бири. Бунинг учун ҳудудларда жиддий тайёргарлик кўрилган ва сентябрь ойи бошлариданоқ юртимиз бўйлаб пахта терими қизғин бошлаб юборилди. Жорий йилда қўлда терилган пахтанинг ҳар бир килограмми учун биринчи теримда 1500 сўмдан, иккинчи теримда 1800 сўмдан кам бўлмаган миқдорда ҳақ тўланиши ҳам белгиланган.

    Миришкорларнинг бу йилги пахта ҳосилидан кўнгли тўқ. Об-ҳавонинг қулай келгани ҳамда соҳага замонавий илм-фаннинг тобора жадал кириб келаётгани ва бу йўналишда кластер тизимининг жорий этилиши ҳосилдорликни бир неча баробарга оширмоқда. Кластер таркибида бирлашаётган фермер хўжаликлари бу йил пахтани янада замонавий техника ва технологиялар асосида етиштирди. Бунинг натижасида аксарияти режани ортиғи билан бажариш, хирмонларни вақтидан аввал тўлдириб, кетини узмасдан дарҳол ерга ғалла уруғларини қадашни кўзлаяпти.

    Терим бошланганига кўп бўлмасдан ҳудудлардан хушхабарлар эшита бошладик. Навоийлик Раъно Валиева раҳбарлигидаги “Валиобод” фермер хўжалиги пахта тайёрлаш режасини республика ва вилоятда биринчилардан бўлиб бажарди. Узоқ йиллардан буён самарали меҳнат қилаётган фермер аёл бу йил 31,5 гектар майдонда пахта етиштириб, 91,5 тонналик режани ортиғи билан топширган.

    Пахта терими Тошкент вилоятида ҳам қизғин руҳда бошланди. Очиғи, бу йилги пахта ҳосили ёмон бўлмайдиганга ўхшайди. Боиси, Бўка туманига қараб йўл олган ижодий гуруҳимиз йўл-йўлакай бошқа туманлардаги пахта далаларини ҳам кўздан кечирди. Ғўзалар бўйи анчагина баланд, соғлом ўсгани рангининг тиниқлигидан кўриниб турибди. Кўсакларнинг бари бир текис очилган. Оппоқ, момиққина пахталар узоқлардан ҳам яққол кўзга ташланади. Уларга қараб, бундан 6-7 йил олдин ўзим кўрган пахта далалари ёдимга тушди. Ўшанда яхши ўсмай қолган пахта новдалари худди касаллангандек кўринган. Кўсаклар ҳам бироз қорайиб, бужмайиброқ турар, назаримда, ҳосилдорлик яхши бўлмагандек эди. Бу галги манзара эса одамнинг баҳри дилини очиб юборди.

    — Жорий йил вилоятда 72,1 минг гектар майдонда ғўза парвариш қилиниб, 257 минг 900 тонна пахта хомашёсини етиштириш режа қилинган, — дейди Тошкент вилояти қишлоқ хўжалиги бошқармаси бошлиғи Равшан Норбўтаев. — Бунинг учун 1 минг 181 та фермер хўжалиги ва 6 та пахта-тўқимачилик кластери билан контрактация шартномалари тузилди. Ушбу теримда пахтани механизация ёрдамида териб олишга кўпроқ эътибор қаратиляпти. Ўтган йили 20 фоиз майдон шу усулда териб олинган бўлса, жорий йилда етиштирилган пахтанинг 48 фоизи машиналар ёрдамида териб олинади. 52 фоизи эса қўл терими бўлгани ҳолда, ҳудудларда махсус терим отрядлари шакллантирилиб, ҳар бир отрядга ўртача 100—120 нафардан теримчи бириктириляпти.

    Мавсум давомида теримчиларни иссиқ овқат билан таъминлаш ҳамда бошқа зарур шароитларни яратиб бериш кластер корхоналари ва фермер хўжаликлари зиммасида бўлади. Айниқса, ишчиларнинг меҳнат ҳақларини ўз вақтида тўлаш масаласи назоратга олинган. Бу борадаги ҳар қандай шикоятлар зудлик билан ўрганилади. Лекин ҳозирча вилоят бўйича бундай шикоятлар бўлмади. Режага кўра, терим мавсумини 10 сентябрдан 10 октябргача, 30-35 иш кунида якунлаш графиги ишлаб чиқилган.

    “Пахта теримини кутиб турамиз...”

    “... Иккинчи курсда пахтага бордик. Ўша Бўка районига. Четдаги бир колхозига. Мана шу ўзимизнинг Сурхон воҳасига ўхшаб кетадиган жойлар экан: ҳар қадамда қиёқлар ўсган. Боғ-боғ ёш қамишни таги билан ўтқазиб қўйгандай. Ери жиққа ажриқзор. Мол ўтлайдиган, болалар чиллак ўйнайдиган ер-да!”

    Шукур Холмирзаевнинг “Ўзбеклар” ҳикояси шундай бошланади. Негадир Бўка туманига кетишда шу асар ёдимга тушди. Балки унда ҳам пахта терими ҳақида гап боргани учундир. Ҳар ҳолда, асарда пахта теримининг завқи тасвирланмаган. Аксинча, яқин йилларгача мажбурий меҳнатга айлантирилган бу машаққатли ишнинг оғир шароитлардаги ачинарли ҳолати акс этади.

    Афсуски, бу ҳолатларга биз ҳам йиллар давомида гувоҳ бўлиб келдик. Аммо Янги Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларнинг энг аввалида мана шу тизимга қарши чоралар ишга тушди. 2017 йилдан қатъий ташланган қадамлар ўз самарасини берди. Ниҳоят, Ўзбекистонда мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига буткул барҳам берилди. Буни халқаро экспертлар ҳам тасдиқламоқда. Ҳатто, жорий йил 10 март санасида “Cotton Campaign” халқаро коалицияси томонидан ўзбек пахтасига нисбатан бойкот бекор қилингани расман эълон қилинди. Яъни, ушбу тарихий кундан эътиборан узоқ йиллар давомида муҳим саноат хомашёси ва у асосида ишлаб чиқарилган маҳсулотларимизга қўйилган глобал тақиқ ечилди. 12 йилдан ортиқ амал қилган бойкот мамлакатимизда 2021 йилги пахта терими мавсумида болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатга йўл қўйилмагани муносабати билан бекор қилинди.

    Ҳозир мамлакатимизда пахта теримига чиқиш мутлақо ихтиёрий. Теримга чиқадиган хотин-қизларга ҳеч қандай талаблар қўйилмайди. Ҳатто, ёш болали аёллар иш кунини вақтлироқ якунлаб, уйига кетиши ҳам мумкин. Чунки, теримчиларга ишига қараб ҳақ тўланади. Қанча кўп пахта терса, шунча кўп даромад олади. Бўка туманидаги “APK Bo‘ka” МЧЖ ХК кластерида ишчиларга меҳнат ҳақларини вақтида бериб, иссиқ овқат билан таъминлаш тизимли йўлга қўйилган. Яқин-атрофдаги хонадонлардан теримга чиқаётган хотин-қизларнинг кўпчилиги ушбу мавсумдан фойдаланиб, қўшимча даромад топишларини айтишди.

    — Ҳар йили пахта теримига чиқамиз, ҳатто, терим бошланишини кутиб ўтирамиз, — дейди шу ерлик Мунаввар Омонова. — Бу бир ойлик мавсум-да, одамлар шундан даромад топади. Айниқса, давлат ишида ишламайдиган, кам таъминланган оилалар аъзолари теримдан фойдалансам дейди. Қолаверса, пахта теришнинг гашти бор. Эрталабдан қўшни аёллар билан биргаликда келамиз, кун давомида бирга пахта терамиз, орада гурунглашиб, одатий ишлардан чалғиймиз. Ёш болам бўлгани учун мен уйга сал вақтлироқ кетаман. Уй ишлари, болага қарашда қайнона—қайнотам ёрдамлашиб туришибди. Бунинг учун улардан миннатдорман. Ўзим коллежда ҳамшираликка ўқиганман. Фарзандимни сал катта қилиб олгач, шу соҳада ишга кирмоқчиман. Лекин барибир пахта мавсумида теримга чиқишни канда қилмасам керак, чунки бу иш ўзимга ёқади.

    Хотин-қизлар пахтага мажбуран, фақат даромад топиш учун чиқади, деб ўйлашга ўрганиб қолган эканмиз. Лекин кластердаги ишчилар билан суҳбатлашиб, бу ишдан завқ оладиган, қуёшнинг қизиган тиғига қарамасдан, ҳатто, пахта даласига чиқиб, дам оладиган инсонлар борлигини кўрдик.

    Терим машаққати бир томон бўлса, халтани тўлдириш янада қийинроқ экан. Чунки момиққина пахталар жуда юмшоқ ва енгил бўлгани сабабли тош босиши осон эмас. Шунга қарамай, бу ишнинг устаси бўлиб кетган, узоқ йиллик пахтакорлар кунига 150 килограмгача пахта теряпти.

    — Ёшим 52 да. Салкам 40 йилдан бери пахта тераман, — дейди Барно Шермирзаева. — Аллоҳга шукур, таним соғ, ҳалигача теримга чиқяпмиз. Кунига 150 килогача пахта тераман. Бу иш ўзимга ёқади, терим мавсумини кутиб турамиз. Маҳалладошлар билан уйда ўтириб, зерикмаслик учун ҳам теримга чиқамиз. Бир мавсумда 6-7 миллион сўмгача даромад қиламиз. Шунинг орқасидан тўйлар қилдик, ўзимга зирак-узуклар олганман. Ҳаммаси ҳалол меҳнатимиз орқасидан бўляпти. Болаликдан далада меҳнат қилиб катта бўлдик. Оиламизнинг асосий даромади деҳқончиликдан. Томорқамизда иссиқхона қилганмиз. Кўчат етиштириб, сотамиз. Пахта терими бизга қўшимча даромад. Авваллари теримга одамлар мажбурий олиб чиқиларди. Ҳозир ихтиёрий, болалар умуман йўқ. Кластер ташкил этилганидан бери шароитлар жуда яхшиланган. Ҳар куни иссиқ овқат бор, пулни вақтида беради. Узоқроқда яшайдиганларни машинада обориб-обкелишади. Одамлар хурсанд.

    Пахтага тўлган халталар бирин-кетин тарозибон томонга олиб келинади. 15 йилдан бери қишлоқ хўжалиги соҳасида ишлаётган Ғиёс Исаев ҳозир кластер бригадери. Жамоаси билан биргаликда ҳашарчилар терган пахталарни бирма-бир тарозида тортиб, килосини ёзиб боради. Сўнг тўпланган пахтани кластернинг қабул қилиб олиш пунктига олиб боришади. Бир кунда 4 та машина пахта топширишяпти. Терим бўйича умумий ҳисоб-китоблар эса бухғалтерга берилади. Шу асосида теримчиларнинг кунлик пуллари ҳисобланиб, эртасига далада тарқатилади.

    Қўл теримига нисбатан самаралироқ

    Чигитни вақтлироқ ерга қадаб, агротадбирларни илмий ёндашувлар асосида тўғри ташкил этган кластерлар ҳосилни ҳам бошқалардан олдинроқ йиғиб олишга киришган. “APK Bo‘ka” МЧЖ ХК кластери ҳосил йиғимини биринчилардан бошлади. Йиғимнинг дастлабки кунларида кластерда мавжуд 11 та терим машналари ишга тушди. АҚШ давлатидан олиб келинган энг замонавий терим тракторлари кунига 20-30 тонна пахта териш имкониятига эга. Қолаверса, улар анча камхаржлиги билан қўл теримига нисбатан самаралироқ экан.

    — 10 йилдан бери тракторда пахта тераман, — дейди Нуриддин Эрназаров. — Охирги 3 йилда замонавий тракторлардан бирини ҳайдаяпман. Кўринишидан баҳайбат бўлса ҳам, бошқариш осон. Ичида барча шароитлари қилинган. Ҳаво совитиш ва иситиш ускуналари бор. Пахтани териш тезлиги ва самарадорлиги анча юқори. Эски тракторларда пахта териш секин ва сифатсизроқ бўларди. Улар пахтани чала терарди, камига шпинделлари ўзини-ўзи ювмасди, натижада ораларига тиқилиб қолган пахталар носозликни юзага келтирарди. Замонавий тракторда бундай муаммолар йўқ. Шу пайтгача терим жараёнида ҳам қийинчиликлар бўлмади. Бу машиналарда кунига 25-30 тоннагача пахта теряпмиз.

    Тракторлар кира олмайдиган қия жойлар ёки пахта пастроқ ўсган далаларда эса теримчилар жалб этилмоқда. Кластер ўртача 35—40 центнер ҳосил кўтаряпти. Жорий йил режа бўйича 8,5 минг тонна пахта топшириши кутиляпти. Бу вилоят бўйича энг юқори кўрсаткичлардан.

    — Ҳозирги кунда пахта режасини бажариш аввалгидек ўта машаққатли иш эмас, — дейди “APK Bo‘ka” МЧЖ ХК кластери бош агрономи Аъзамжон Абдужабборов. — Чунки бизда уруғчилик, илм-фан йил сайин ривожланиб боряпти. Масалан, деҳқон битта уруғ экиб, кам ҳосил олса, келаси йили кўп ҳосил берадиган навларни қидиряпти, иш жараёнларига агрономларни жалб қиляпти. Мақсад кўп ҳосил олиб, яхши даромад топиш. Бозор иқтисодиёти талаби шу. Биз ҳам олдинги йили пахтанинг “6524” навини эккандик. Лекин у нав сувсизликка чидамсиз бўлгани учун ҳосил кутилгандек бўлмади. Шу боис, бу йил “Бухоро” навини экдик. У сувсизликка чидамли экан, ҳақиқатан натижаси бўлди. Атиги 2 марта суғордик, ҳосил ҳам яхши бўлди. Лекин пахтани фақат суғориш билан иш битмайди. Доимий агротадбирлар олиб борилсагина, яхши ҳосил олинади. Ҳамма гап парваришда. Чигит ерга қадалгандан то пахта етилгунча даладан чиқмаймиз, доимий ишчилар ишлайди. Шунда ҳам харажатдан икки баробар кўп даромад топяпмиз.

    Охирги икки йилда деҳқон олган ҳосилидан ҳатто харажатини қоплай олмайди, деган гапларга ишонмай қолдим. Сабаби, хонадонларга ҳам кўп эътибор бераман, одамлар сабзавот экяпти, агрономлардан маслаҳат олиб, агротадбирларини қиляпти, натижада ҳосил кутганидан кўп бўляпти. Аҳоли кичкина томорқасидан ҳам яхши даромад топяпти. Шунинг ҳисобига ҳозир бозорларимизда қишин-ёзин сифатли, янги озиқ-овқат маҳсулотлари сотиляпти. Мева-сабзавотларни қаранг, қандай чиройли, даладан узиб олиб чиқиляпти. Ёшлигимизда бозорга борсак, янги узилган бодринг, помидор у ер-бу ердагина бўларди, кўпи аввалдан сақланган, бужмайиб турарди. Ҳозир деҳқонлар мавсум кутиб ўтирмаяти, йил ўн икки ой ҳосил етиштиряпти. Чунки уруғни ерга шундай қадаб қўйган билан ҳеч нарса бўлмайди. Ҳозир деҳқончилик фақат билимга таяниб қилинадиган ишга айланди. Шу кетишда Ўзбекистон 10 йилдан кейин қишлоқ хўжалиги соҳасида бемалол Голландия билан беллаша олишига ишонаман.

    2020 йилда давлатимиз раҳбарининг қарори билан пахта бўйича давлат буюртмасининг бекор қилингани ҳам тизимда катта янгиланишларга йўл очди. Мамлакатимизда давлат томонидан пахта хомашёсининг харид нархини белгилаш амалиётидан воз кечилди. Бу борада эркин рақобатни таъминлайдиган бозор тамойилларига ўтилиб, фермер хўжаликлари манфаатдорлигини оширишнинг янги механизмлари белгилаб берилди. Ана шу тарихий ҳужжат бугун бободеҳқонларимизнинг бири икки бўлиб, косаси оқаришига хизмат қилмоқда. Уларда иқтисодий манфаатдорлик ҳисси ошиб, ер эгалари маҳсулот ишлаб чиқаришда ҳам, нархларни шакллантиришда ҳам бозор шароитидан келиб чиқмоқда.

    Органик пахтага талаб ортмоқда

    Пахта толаси дунё тўқимачилик саноати учун табиий толанинг энг улкан ва қайта тикланувчи манбаи ҳисобланади. У ўзининг нафислиги ва ҳаво ўтказувчанлик каби хусусиятлари, шунингдек, экологик соф маҳсулот экани билан сунъий толаларга қараганда бир қанча афзалликларга эга. Шу сабабли, дунёда пахта толасига бўлган талаб асло камаймайди.

    Қишлоқ хўжалигида эса мўл ҳосил олиш ернинг ҳолатидан тортиб, об-ҳаво қандай келишигача боғлиқ. Авваллари бу ҳодисалар борича қабул қилиниб, деҳқонлар унга мослашган. Лекин ҳозир ҳар бир жараённи илмий ёндашувлар асосида таҳлил қилиб, самарали чора-тадбирларни ишлаб чиқиш имконияти юқори. Масалан, сўнгги йилларда кундузги ва тунги ҳарорат бир хил бўлиб қолаётгани, янги турдаги ҳашаротларнинг кўпайиб бораётгани ушбу шароитга чидамли навларни кўпайтиришни тақозо қилмоқда.

    Қолаверса, жаҳон бозорида экологик тоза, яъни, органик пахтага талаб ортиб боряпти. Шу боис, “APK Bo‘ka” МЧЖ ХК кластерида бу йил пахта етиштиришда кимёвий дорилар ишлатилмади. Асосан биолаборатория орқали фойдали ҳашаротлар билан ишланган. Пахтани чанглатишда эса асаларилардан фойдаланилди. Агроном Зойирқул Султонов халқаро семинарларда қатнашиб, хорижлик ҳамкорларнинг органик пахта борасидаги талабларини ўрганди. Унинг айтишича, чет эллик ишбилармонлар органик пахта учун оддий пахтага нисбатан 4 баробар қиммат нарх таклиф қилмоқда. Фақат, бунинг учун органик пахта талабларига тўлиқ риоя этиш, умуман кимёвий дори, минерал ўғит ишлатмаслик талаб этилади. Тўғри, бу ҳосилни камайтирар экан, аммо ушбу усул 8-9 баробар арзонга тушади, хомашё нархи эса анча қиммат белгиланади.

    Кластер бу йил тажриба тариқасида 100 гектар майдонда органик усулда пахта етиштирмоқда. Агротадбирлар борасида 2 та халқаро ташкилот билан иш олиб бориляпти. Ҳосил терилгач, натижа кутилгандек бўлса, келаси йили яна 300 гектарда органик пахта етиштириш режалаштирилган.

    Органик пахта етиштириш юртимиз учун ҳам фойдали бўлади. Чунки хомашёни тайёр маҳсулотга айлантириш орқали, кўпроқ даромад топиш мумкин. Бу борада Ўзбекистон қисқа вақт ичида катта тажриба тўплашга эришди. Бундан 6 йил олдин бошланган пахта ва тўқимачилик саноатидаги ислоҳотлар сабаб диёримизда пахта хомашёсини қайта ишлаш тизими йўлга қўйилди. Президентимиз ташаббуси билан пахта-тўқимачилик соҳасида тўлиқ кластер тизими жорий этилди. Натижада 350 га яқин йирик фабрикалар ишга туширилди. Беш йил аввал юртимизда етиштирилган пахта толасининг атиги 40 фоизи қайта ишланган бўлса, бугунги кунда ушбу кўрсаткич 100 фоизга етган. Ип-калава ишлаб чиқариш 2, тайёр маҳсулот 3 баробарга ортди. Яъни, ҳозир ўзбек пахтаси аввалгидек хориж давлатларига хомашё сифатида энг арзон нархларда сотилмаяпти. Аксинча, тадбиркорларимиз тўлиқ қайта ишлаб, тайёр маҳсулотни бир неча баробар қимматга экспорт қилмоқда. Бу эса тадбиркорнинг ҳам, пахта теримида меҳнат қилаётган ишчиларнинг ҳам юқори даромад олишига хизмат қиляпти.

    Умуман, пахта хомашёсидан кўпгина тармоқларда кенг фойдаланилади. У хомашё сифатида ҳам, тайёр маҳсулот сифатида ҳам мамлакат иқтисодиётига сезиларли фойда келтиради. Пахта-тўқимачилик тармоғи минглаб инсонлар бандлигини таъминлаб, оилалар фаровонлиги, даромадларини оширишга хизмат қилади. Шундай экан, пахта хирмонларимиз тўлиб, ризқ-рўзимиз доимо баракали бўлаверсин.

    Ирода ТОШМАТОВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири