Покистон “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон – Ҳинд океани портлари” мультимодаль йўлагини ташкил этишга қўшилди

    2024 йил 18 сентябрда транспорт ва логистика соҳасидаги халқаро ҳамкорлик доирасида Покистон томони расмий равишда “Беларусь – Россия – Қозоғистон – Ўзбекистон – Афғонистон – Покистон – Ҳинд океани портлари” халқаро транспорт йўлагини ташкил этиш ва ривожлантириш тўғрисида Ўзаро Англашув Меморандумига (кейинги ўринларда ХТЙ) қўшилди.

    Покистон Ислом Республикаси коммуникация вазири ушбу Меморандумни имзолаб, лойиҳанинг минтақада савдо-иқтисодий алоқалар ва юк ташишларни ривожлантиришдаги аҳамияти ва муҳимлигини таъкидлади.

    ХТЙни ташкил этиш ва ривожлантириш жараёни 2022 йил августда Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати ва Евроосиё иқтисодий комиссияси ўртасидаги ҳамкорлик бўйича Қўшма Ишчи Гуруҳнинг учинчи йиғилишида бошланган. Ушбу йиғилишда йўлакни ривожлантириш масалалари фаол муҳокама этилиб, Россия ва Беларусь томонларидан мазкур лойиҳани амалга оширишга алоҳида қизиқиш билдирилган.

    Таъкидлаш жоизки, 2023 йил ноябрь ойида Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон транспорт вазирлари ўртасида имзоланган Ўзаро Англашув Меморандуми, лойиҳа бўйича амалга оширилиши кутилган ишларнинг фаоллашишига олиб келди. Мультимодаль транспорт йўлагини ривожлантириш бўйича ишчи гуруҳнинг биринчи йиғилиши 2024 йил апрель ойида Термиз шаҳрида бўлиб ўтди, унда Беларусь Транспорт вазирлиги Меморандумга қўшилиб, Афғонистон ва Покистон томонидан эса лойиҳага қўшилиш учун давлат ички тартиб-таомиллари якунланиши лозимлиги маълум қилинди. Ушбу йиғилишда юк ташишларни ривожлантириш, юк оқимларини таҳлил этиш, электрон рақамли ҳужжатларни жорий этиш ва божхона жараёнларини оптималлаштириш бўйича аниқ режаларни ўз ичига олган Йўл харитаси қабул қилинди, деб хабар беради Транспорт вазирлиги матбуот хизмати.

    Покистоннинг ушбу кенг кўламли лойиҳага қўшилиши минтақавий савдо алоқаларини мустаҳкамлаш ва ХТЙ орқали халқаро юк ташишларни тезлаштиришда муҳим қадам эканлигини билдиради. Томонлар ХТЙ Евросиёдаги транспорт тизимида муҳим бўғин бўлишига, маҳсулотларни транзит ташиш учун қулай ва самарали йўлларни таъминлашига, ва иштирокчи мамлакатлар ўртасида иқтисодий ҳамкорликни кучайтиришига умид билдирдилар.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates