Пулни бошқариш санъати

    Бунинг учун билим ва кўникма зарур.

    Ҳар бир оила аслида кичик бир жамият. Унинг ўз даромадлари, ҳисоб-китоби, кирим-чиқимлари бор. Уларни бошқариш, тартибга солиш эса бир ёки бир неча кишининг зиммасида бўлади. Аммо оиланинг умумий фаровонлиги барибир ундаги молиявий саводхонлик даражасига бориб тақалади.

    Яъни ўз молиясини тўғри бошқариш учун зарур билим ва кўникмаларга эга бўлмаслик, даромадни беҳуда сарфлаш, маблағни керакли жойга йўналтира олмаслик иқтисодий қийинчиликлар, ҳатто камбағалликкача олиб бориши мумкин. Шу боис, юртимизда аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартиришга қаратилган чора­тадбирлар қаторида жамиятда молиявий саводхонликни ошириш борасидаги саъй­ҳаракатлар ҳам фаоллашмоқда.

    Бугунги бозор иқтисодиёти шароитида молиявий саводхонлик, айниқса, муҳим. Бу нафақат молия соҳасидаги билим ва кўникмаларга эга бўлиш, балки аҳолининг кундалик ҳаётдаги оддий иқтисодий ҳисоб­китоблардан тортиб, тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш, тижорат банклари кредитларидан фойдаланиш каби қатор мураккаб жараёнларда иштирок эта олиш кўникмаларини назарда тутади.

    Мамлакатимизда аҳоли бандлигини таъминлаш мақсадида кўплаб иш ўринлари яратиляпти, кичик бизнес ва тадбиркорликни қўллаб­қувватлаш учун имтиёзли кредитлар, субсидиялар ажратиляпти. Жорий йил 25 январь куни Президентимиз раислигида камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб­қувватлаш масалалари бўйича ўтказилган йиғилишда оилавий тадбиркорликка янада туртки бериш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилиши таъкидланди. 2022 йилда бу мақсадга қарийб 10 триллион сўм имтиёзли кредит ажратилган бўлса, бу йил оилавий тадбиркорлик дастури учун 12 триллион сўм йўналтириладиган бўлди.

    Бундай шароитда талабгорларнинг имтиёзли кредитларни олиш жараёнлари бир жиҳат бўлса, маблағдан тўғри фойдаланиб, ишни ривожлантириши, қарзларни ўз вақтида тўлай олиши алоҳида масала. Молиявий саводхонликка эга бўлмаган инсон буни уддалай олмайди. Аҳолининг молиявий жиҳатдан саводхон эмаслиги нафақат шахсий фаровонликка, балки бутун молиявий соҳага салбий таъсир кўрсатади. Мана, нима учун жамиятда молиявий саводхонликни ошириш муҳим аҳамиятга эга.

    Бунинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш ҳам ҳозирги шароитда долзарб вазифаларимиздан бири. Одамларга молиявий имкониятларни тўғри ўлчаш ва масъулиятни ҳис қилиш бўйича билимларни оддий шаклда етказиш лозим. Уларга шахсий жамғармалар, молиявий таъминот, ўзаро қарз муносабатлари ҳақидаги билимларни бериш орқали оилавий бюджетни тўғри тақсимлаш, пулни жамғариш ва уни кўпайтириш борасидаги тушунчалари ошириб борилади. Чунки пул билан тўғри муомала қилолмаган, уни тўғри тақсимлай олмаган инсон молиявий мустақилликка эришолмайди.

    Аҳоли молиявий саводхонлигининг ижтимоий аҳамияти ҳам бор. Чунки алоҳида шахснинг молия борасидаги билим ва кўникмалари пировардида, жамият иқтисодий ҳаётининг муваффақияти ва барқарорлигини белгилаб беради. Масалан, фуқароларнинг ўз даромадлари ва харажатларини аниқ тасаввур қилмаслиги ёки нотўғри режалаштириши оқибатида кредитор қарздорлик пайдо бўлади, саводсизлик молиявий пирамидалар ва фирибгарликлар сони ошишига олиб келади. Молиявий саводхонликни юксалтиришдан асосий мақсад инсоннинг фаровонлиги ва ҳаёт сифатини ошириш ҳисобланади. Бироқ бунинг учун у ихтиёридаги иқтисодий ресурслардан, рўй бериши мумкин бўлган воқеа ва ҳодисалар, вужудга келиши мумкин бўлган шарт­шароитлардан ўзи ҳамда жамият учун манфаатли ва самарали фойдаланиш борасида етарли билим ва кўникмаларга эга бўлиши лозим.

    Молиявий саводхонлигимиз қай даражада?

    Бир неча йиллик изланишларим ва тадқиқотлар натижасида камбағалликни қисқартиришда аҳолининг молиявий саводхонлигини ошириш муҳим, деган хулосага келдим. Буни шакллантириш бир неча омилларга боғлиқ. Жараёнда барчаси — инсоннинг ёши ва ҳаётий таж рибаси, маълумоти, касбий фаолият йўналиши, иқтисодий фаоллик даражаси, дунёқараши ҳамда қизиқишлари эътиборга олинади.

    Бу борада тажриба тариқасида 14 та модулдан иборат дастур ишлаб чиқиб, амалиётда қўллаяпмиз. Дастур “Молиявий саводхонлик”, “Криптовалютага кириш” курслари ҳамда “Молиявий парҳез” марафонини ўз ичига олади. Бугунги кунга қадар юртимиз бўйлаб 20 мингдан ортиқ ўқувчи ушбу курслар орқали пулни тежаш, пассив даромад манбалари, оила бюджетини шакллантириш ва, албатта, сармоя киритиш ҳамда инвестиция қилиш бўйича билимларга эга бўлди. Қолаверса, ортиқча сарф­харажатлар оқибатлари, маданиятимизга сингиб кетган дабдабали тўйлар ўтказиш, кераксиз маросимларга пул сарфлаш каби одатларнинг иқтисодий зарарлари ҳақида ҳам тушунчалар берилиб, уларнинг қисқаришига эришилмоқда.

    Тадқиқот доирасида ўтказиладиган сўровнома ҳам жамиятимиздаги молиявий саводхонлик даражасини аниқлашда асқатмоқда. 2020 йил август ойидан буён ҳар ой ўтказилаётган сўровларда 15 мингга яқин шахс қатнашди. Иштирокчилар сифатида 40 ёшдан 70 ёшгача бўлган эркаклар ва уларнинг турмуш ўртоқлари танлаб олинди. Суҳбатлар, асосан, интернет тармоғи орқали ўтказилди, ёрдамга муҳтож ёки тармоққа уланмаган респондентлардан эса жавоблар телефон орқали қабул қилинади. Тадқиқотда маркетинг агентлиги ёрдамида жамланган маълумотлар базасидан фойдаландик.

    Сўровнома варағи ҳисоблаш ва фоиз ставкалари билан боғлиқ ҳисоб­китобларни бажариш қобилияти, инфляция тушунчаси ҳамда хатарларни диверсификация қилиш каби саволлардан иборат. Бунинг ичига иқтисодий тежамкорлик, инвестицион қарорларни қабул қилиш кабилар ҳам киради.

    Масалан, кўпчилик валюта кўринишидаги шахсий жамғармасини фоизи мунтазам кўтарилади, деган фикрда йиллар давомида жамғариб боради. Аммо фоиз ставкасининг ошиши содир бўладиган инфляция ҳисобига деярли фойда келтирмайди. Масалан, битта компаниянинг акцияларини сотиб олиш инвестиция фондига қараганда хавфсизроқ даромад келтиради.

    Иштирокчиларнинг берган жавоблари асносида шахс ёки оиланинг молиявий саводхонлик даражаси баҳоланиб, FinLit (Financial literacy) — унинг индекси ҳисоб лаб чиқилди. Афсуски, якуний натижалар аҳолининг молиявий саводхонлик даражаси, айниқса, кам таъминланган оилаларда жуда паст эканини кўрсатди. Бу эса камбағалликни қисқартиришда имконияти чекланган оилалар аъзоларини касб­ҳунар ва тадбиркорликка ўқитиш билан бирга молиявий саводхонлигини ошириш, сўнг кредитлар ажратиш лозимлигини англатади. Чунки молиявий саводхон инсон даромадини тўғри тақсимлай олади ва юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай молиявий хавфларга тайёр туради.

    Тизимга айланаётган жараён

    Бу борада кўплаб лойиҳалар амалга оширилиб, мунтазам тренинглар ташкил этиляпти. Аммо тажрибалар кўрсатяптики, мазкур ишларни аниқ механизм асосида, тизимли олиб бориш зарур. Асосийси, аҳолига молиявий билим ва кўникмалар ёши, яшаш жойи, ҳатто менталитету қадриятларига боғланган ҳолда ўргатиб борилиши муҳим.

    Айтайлик, кундалик ҳаётимизда 99 фоиз одамни молиявий аҳволи ташвишлантиради ва ҳаракатларининг катта қисми шу масала билан боғлиқ. “Боламнинг боғчасига пул тўлашим керак”, “яхши едириб, яхши кийинтиришим керак” каби ўй­фикрлар одамларнинг яхшироқ яшаш, моддий фаровонликка бўлган интилишини кўрсатади. Бу нормал ҳолат ва ҳар кимнинг моддий эҳтиё жи ихтиёрий талабларидан келиб чиқади. Аммо доимий фаровонликни истаган инсон пул билан тўғри муомалада бўлишни билиши лозим.

    Халқимизда “болани пулга ўргатма”, “боланинг олдида пул ҳақида гапирма”, “пул болани бузади” каби қарашлар бор. Мен бу фикрларга қўшилмайман. Айниқса, ҳозирги даврда болага пул билан қандай муомала қилишни ўргатмас эканмиз, у эртага моддий қийинчиликларни енгиб ўта олмаслиги, ҳаётда муваффақият, моддий фаровонликка эришишга қийналиши мумкин. Шу боис, оилада фаровонликни таъминлаш учун нафақат эркак, балки аёллар ва фарзандларга ҳам пул жамғариш, уни тўғри тақсимлаш, сармоя киритиш ҳамда молиявий мустақилликка эришишни ўргатиш лозим.

    Давлатимиз раҳбарининг тегишли фармони билан “Молия ва инвестиция саводхонлиги” дастури маъқулланган. Дастур доирасида умумтаълим мактаблари ўқувчилари ҳамда ноиқтисодий йўналишдаги олий таълим ташкилотлари талабалари учун “Молиявий саводхонлик” ўқув курсини фан сифатида жорий этиш белгиланган эди.

    Фарғона вилоятида янги ўқув йилидан “молиявий саводхонлик” курси фан сифатида киритилди. Юртимиз бўйлаб молиявий саводхонлик даражасини оширишга оид таълим тадбирларини ўтказиш ишлари ҳам фаоллашиб боряпти. Уларга илғор хорижий ўқув муассасалари ва тадқиқот институтлари, молия ташкилотларидан етакчи мутахассисларни жалб қилиш бўйича амалий ва назарий дастурлар ишлаб чиқилган. Минглаб инсонлар ана шу дастурлар асосида ўқитиляпти.

    Қолаверса, аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг молиявий саводхонлигини ошириш, молиявий хизматлар ва маҳсулотлар, жумладан, капитал бозори ҳамда молиявий инструментлар ҳақида хабардор қилиш борасида мутасадди ташкилотлар ҳамкорлиги йўлга қўйилмоқда. Бу чора­тадбирларни янада кенгайтириш, янги лойиҳаларни татбиқ этиш, аҳолига молиявий ва инвестицияга оид билимларни энг бошидан ўргатиш орқали жамиятда молиявий саводхонлик даражасини оширишга эришиш мумкин.

    Шоҳида Ибрагимова,

    иқтисод фанлари доктори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates