Қалбимиз офтоби ҳеч қачон сўнмасин!

    Фикр 18 апрел 2022 2348

    Режиссёр Сарвар Каримовнинг "Яшин" хусусий телеканали мухбири билан "Коррупция, ўзбек киносининг ривожланмаслиги ва таълим тизимидаги абсурд қарашлар ҳақида" мавзусидаги суҳбатига муносабат билдиришни лозим топдим.

    Дунёда шундай жаннатмакон юрт борки, у юртда олиб борилаётган ҳар бир ҳаракатнинг замирида инсон манфаатларини ҳимоя қилиш ётади. Ҳа, ана шу муқаддас замин сезганингиздек, менинг, Сизнинг ватанингиз Ўзбекистон! Бу шукуҳли ҳамда Аллоҳ назар қилган юртда ҳар бир инсоннинг билим олиб, етук ва комил инсон бўлиши учун барча имкониятлар яратилган. Бошқача айтганда, инсон ҳуқуқлари қомусимиз билан кафолатлаб қўйилганлиги амалга оширилаётган ибратли ва хайрли ишларда ҳам ўз аксини топмоқда. Олиб борилаётган ислоҳотлар замирида битта тамойил "Инсон қадри учун" ғояси устуворлик касб этмоқда. Ушбу тамойилнинг ҳаётий ҳақиқатга айланаётгани бугун янги Ўзбекистонда яшаётган халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи, ҳаётдан рози бўлиб яшашлари учун қилинаётган ҳаракатда ҳам ўз ифодасини топаётгани ҳеч кимга сир эмас. Албатта, Президентимиз раҳбарлигида олиб борилаётган ислоҳотлар самараси улкан натижалар касб этаётгани ҳам ҳаммага маълум бўлган ҳақиқат. Аммо...

    Юртимиздаги ўзгаришларни теран ақли орқали англай олмайдиган, тор фикрли инсонлар бор экан, биз ҳамиша ҳам ўйлаган мақсадимизга эриша оламизми, бирон масала хусусида фикр билдиришдан олдин айнан шу масала юзасидан холислик тамойили асосида сўз айтишга маънан ҳаққим борми деган савол юрагимизни ўрташи ёки ўзимизни қийнаб бўлсада, ушбу саволларга жавоб топишимиз керак эмасми деган мулоҳазага бормаймиз?!

    Нега?!

    Биз ҳаммасини биламизми ёки барча амалга оширилаётган амалий ишлардан бохабармизми?! Минг афсуски, йўқ!

    Кейинги пайтда айрим соҳа вакиллари ўзлари билмасада, саёз фикрлар айтиб, маънавият-қалб қуёшимизни хиралаштиришга уринмоқда. Яқинда "Яшин" хусусий телеканали орқали режиссёр Сарвар Каримовнинг телеканал мухбири билан "Коррупция, ўзбек киносининг ривожланмаслиги ва таълим тизимидаги абсурд қарашлар ҳақида" мавзусидаги суҳбатини кўриб, тўғриси маънавият эмас, маънавиятсизликни тарғиб қилаётган инсон қиёфасини кўрдим. Табиийки, ушбу суҳбатни кўриш асносида туғилган айрим мулоҳазаларни маънавиятчи ва ижодкор инсон сифатида сиз билан бўлишгим келди.

    Ҳурматли Сарвар Каримов!

    Сиз суҳбат жараёнида адабиётимиз ривожланмаган, биронта тузук ёзувчимиз йўқ дейсиз.Сиз адабиётни ичида юрмай туриб, бугунги адабий жараёнда бўлаётган ўзгаришлар хусусида маълумотга эга бўлмай, бу тор хулосани қайси виждон билан айтдингиз?! Ахир, Сиз адабиёт кўчасига кирмаган инсон дунё Алишер Навоий, З.Бобурни ўқиётганини, А.Қодирий романлари, Чўлпон шеърлари билан жаҳон афкор оммаси танишлигини, уларни билишини қаердан ҳам билардингиз?! Қолаверса, Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуфнинг шеърлари китоб ҳолида Туркияда турк тилида чоп этилиб, тақдимоти ўтказилганини, севимли ёзувчимиз Тоғай Муроднинг асарларини таржима қилиш учун 10 та давлат навбат кутиб турганини ҳам биласизми? Яна ҳам чуқурроқ ёндошадиган бўлсак, бугунги ўзбек насрида шоҳ асарлари билан ном қозонган Назар Эшонқул, Улуғбек Ҳамдам, Тўлқин Ҳайит, Эркин Аъзам асарларини дунё ўқиётганини ҳамда адабий жараёнга ўзгача иштиёқ билан кириб келаётган, ўз услубини, ўз йўлини топишга интилаётган умидли ижодкор ёшларимиз борлигини ҳам биласизми?! Ўзингиз билмаган соҳа ҳақида тор хулоса беришга Сизни нима мажбур қилди?!

    Сарвар Каримов жаноблари!

    Муҳтарам Юртбошимиз ёшларимиз, эртамиз эгаларининг комил инсон ҳамда етук мутахассис бўлиб етишишлари учун барча имконият ва шарт-шароитларни яратиб бераётганидан хабарингиз бўлсада, бугун учинчи Ренессансни Ёшлар билан қурамиз деб турганларида, Сиз ОТМларида Ёшлар билан асосий фаолиятни олиб борадиган проректорларни ҳам ҳақорат қилгансиз("агар мен шундай вазифада ишласам, ўзимни ип билан осардим" дейсиз). Унутманг, мана шу Сизнинг наздингизда "нима иш қилаётганини билмайдиган проректорлар"га Президент қарори билан биринчи проректор мақоми берилган. Улар ёшлар маънавияти масаласига асосий жавобгар саналади.

    Кейин яна бир гап, ёдингиздан чиқмасинки, ҳар қанақа шахс бу лавозимда хизмат қилмайди. Умрини илмга, ёшлар тарбиясига бағишлаган фидоий, туғма маънавиятчилар фаолият олиб боради. Айтаётган сўзларингиздан таълим тизимидан чиқиб кетганингиз боис, нафратнинг ҳиди келади. Сиз уларнинг бир кун давомида бажарадиган иш тартиби билан танишиб кўрганмисиз?! Уларнинг фаолиятини масштаби қанчалик кенглигини тасаввур ҳам қила олмасангиз керак. Сўзингизнинг бошланма қисмида инсон камолотида муҳим роль ўйнайдиган фанлар миллий истиқлол ғояси, маънавият асослари, одобнома каби фанларни сафсата дейсиз. Сиз шу фанларни ўқимаганингизда бугун шу жойгача етиб келармидингиз?! Ёки ҳамма ўринда ҳам маънавияти тор, жамият мафкурасини англамайдиган инсонларни фикри муҳим деб ўйлайсизми?! Не-не замонлар бўлдики, Сиз учун "сафсата" бўлиб туюлган фанларни ўқиган юртнинг асл фарзандлари Ватан учун жон олиб, жон беришган. Ҳа,айтганча, Сиз жавобини қидириб, кейинчалик, зўрға топган маънавиятнинг нима эканлиги ҳақида "Дунёнинг ишлари" асарида ўзбек оналарининг бетимсол сиймосини гавдалантирган, севимли ёзувчимиз Ўткир Ҳошимов жавобни аллақачон ёзиб қўйганлар: "Одамзод, нима учун кафтдек ҳовлисига гул экади? Ундан кўра шолғом экса, қозонига тушади-ку?! Нима учун осмонда чарақлаб ётган юлдузларни кўриб, кўнгли завққа тўлади?! Ахир, юлдузлар унинг ҳамёнидаги тиллалар эмас-ку?! Одамзод, нима учун китоб ўқиётиб, суюкли қаҳрамони ўлиб қолса йиғлайди? Ахир, уни ёзувчи "ичидан тўқиб чиқаргани"ни билади-ку?! Одамзод, нима учун ўзга юртларга бориб беҳисоб мол-дунё орттирса-ю, болалиги кечган кулбаси ёдига тушиб, туни билан йиғлаб чиқади? У ахир кошона қасрда яшайди-ку?! Одам, нима учун боласининг бошида алла айтади? Ёки, гўдак алла эшитмаса ухламайдими? Одамзод, нима учун набирасини етаклаб, неча замон аввал ўтиб кетган бобосининг қабрини зиёрат қилади?! Ахир, марҳум уларни кўрмайди-ку?! Гап шундаки, одамзодни ҳайвонотдан ажратиб турадиган чегара бор. Бу чегаранинг номи "МАЪНАВИЯТ" деб аталади".

    Ушбу ёзувчимизнинг асарлари ҳам яқинда тожик тилига таржима қилиниб, китобхонлар эътиборига ҳавола қилинди. Бу янгиликдан ҳам хабарингиз бўлмаса керак. Айтганча, яна бир гап, сиз маънавиятимизнинг асл сарчашма намуналарини яратиб кетган улуғ боболаримиз, алломаларимиз ҳам борлигини биласизми?! Аминман, асарлари хусусида маълумотга эга бўлмасангиз ҳам ҳеч бўлмаса мутафаккирларимиз номини санаб бера оласизми?! Ахир дунё аҳлини ҳайратга солган Ренессанс ҳодисаси Шарқда юз берганку!

    Ҳурматли Сарвар Каримов жаноблари!

    Сиз суҳбат чоғида "талабага ёш болага қарагандай қарашни тўхтатиш керак, ота-оналар мажлисини қилиш кулгули" деган сўзларни айтасиз. Энди дўппини олиб ўйлаб кўринг, бугун дунё шиддат билан ривожланаётган дамларда биз эртамиз эгаларининг тақдирига бефарқ бўла оламизми?! Ахир, дунёда энг ёмон иллат- бефарқлик балосику! Таълим тизимида фаолият кўрсатиб келаётган зиёли сифатида тарбия учун нафақат ота-она барчамиз масъуллигимизни унутмаслигимиз керак деб ўйлайман.

    Ҳаётда шундай дамлар бўладики, ёшлар олийгоҳга ўқишга киради. Кунлар, ойлар йиллар ўтади.Баъзи ота-оналаримиз фарзанди тақдирига бефарқ, қаерда яшаяпти? Кимлар билан дўст?! Дарсдан кейин нима билан шуғулланади? Бу саволларни ўзларига беришмайди, тўғрироғи қизиқишмайди. Шунақа пайтда ота-она тарбия қилсин керак бўлса деб устоз бефарқ қараб туриши тўғри бўладими? Ўшанда устоз айниқса, фидоий устоз бўлса, қилаётган меҳнатидан рози бўладими?! Йўқ, асло!!! ЯНА БИР БОР АЙТАМАН, ТАРБИЯ УЧУН БАРЧАМИЗ МАСЪУЛМИЗ!!! Ота-оналар мажлисларини ўтказилиши тўғри ҳолат деб қабул қилиш керак. Сиз таълим тизими коррупцияга ботиб кетган соҳа деган фикрни ҳам билдиргансиз. Шуни билингки, беш қўл баробар эмас, буни билиш учун узоққа бориш шарт эмас, қўлингизга қарасангизгина етарли жаноб! Айрим инсонларни деб, бутун тизимни ёмонотлиқ қилишга, қолаверса, кечаги кунга тош отишга ҳам маънан ҳаққингиз йўқ. Ҳеч бўлмаганда, Чирчиқ, Нукус давлат педагогика институтлари, Урганч давлат университетининг соҳа проректорлари билан ярим соатгина суҳбат қуришингизни тавсия этаман.

    Сиз очиқ билдирмасангизда, мустақилликка эришилгандан кейинги 2016 йилгача бўлган даврдан норизолигингизни ифода этиб қўйгансиз. Ва 2016 йилдан кейинги ҳаётимиз яхши эди дейсиз.

    Сарвар Каримов жаноблари!

    Кечаги куннинг ҳар бир они, ҳар бир сонияси тарих. Тарихга тош отишга эса ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Қолаверса, тарихини, ўтмишини билмаган халқнинг келажаги бўлмайди деган сўзни ҳам ўқиб қўйсангиз ниҳоятда фойдали бўлар эди. Сиз уялмай нетмай биз қуллик рамзини гербига олиб чиққан халқмиз дейсиз. Эртак қаҳрамонини олдига қўйганмиз дейсиз. Шуни унутманг, биз мустақилликка четига гул қоплаб қўйилган йўлдан осонгина юриб борганимиз ёки қўлга киритганимиз йўқ. Миллатимиз асл фарзандларининг бунинг учун қони тўкилган. Мустақил давлатнинг давлат рамзлари бўлишини, унинг қандай қабул қилинганини ақл билан ўйлаб кўриб, англарсиз деган умиддаман. Кези келганда айтишни истардим, Сиз "кинога тарбия инструменти сифатида қарамаслик керак, кино тўғрисидаги фармойишда мана шу жойлари нотўғри кетган" дейсиз. Санъат, адабиёт, театр, кино инсон тарбиясида муҳим роль ўйнайди. Кино ҳам санъат. Албатта, унинг ҳам тарбияловчи хусусияти бор. Юқорида бежизга Ўткир Ҳошимовнинг сўзларини келтирмадим. Инсон маънавиятини юқори нуқтага кўтаришда кино санъатининг ҳам ўрни жуда катта. Агар мен сизнинг ўрнингизда бўлсам, берилган саволларга жавобни минг ўйлаб, тор жавобларни айтишдан олдин тўхта мени ўзим Ватанга нима бердим деб ўйлаб кўрардим. Кино соҳасининг ривожига қанчалик ҳисса қўшдим деган савол юрагимни тирнарди. Афсуски, Сиз сўзингизда жиллақурса Шуҳрат Аббосов номини ҳам тилга олмайсиз. Гўёки, сизнинг назарингизда ҳеч нарса ва ҳеч ким йўқ!

    Сарвар Каримов! Сиз аслида ғурурланишингиз керак эди, қон қонига миллий урф-одатлари, қадриятларига ҳурмат руҳи сингиган буюк миллатнинг вакили эканлигингиз учун. Сиз бошқа томондан кетишни афзал биласиз. Сизнинг қалб қуёшингиз хиралашган бўлса, бошқаларнинг ҳам қалб қуёши хиралашишига сабабчи бўлманг!

    Давлатимиз раҳбари "Агар жамият ҳаётининг танаси иқтисодиёт бўлса, унинг жони ва руҳи маънавиятдир" деганларида минг бора ҳақ эди. Ростдан ҳам бугун қайси масала, ижтимоий маънавий муҳитми, ёшлар масаласими ёки бошқа соҳами барча барчасида маънавиятнинг ўрни беқиёс эканлигини эътироф этмоғимиз керак. Маънавият-қалбимиз қуёши. У бўлмаса, инсон қалбини қандай англаймиз? Кўнгилнинг эҳтиёжи бўлган маънавият бор экан, биз ҳамиша кўзлаган мақсадимизга эришиб келамиз. Бошқача айтганда, инсон қалбига борадиган ягона йўл маънавият орқали барчасини англаймиз. Баски, шундай экан, қалбимиз офтоби ҳеч қачон сўнмасин!

    М.БОТИРОВ

    ФарПИ биринчи проректори

    No date selected
    май, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates