Қаллибек Камолов: Тақдиримиз ягона, дардимиз ўхшаш, ютуқларимиз умумий

    Фикр 2 июн 2021 3179

    Яқинда Нукус шаҳридаги «Билим» нашриётида Қаллибек Камолов қаламига мансуб «Эл хизматида» номли хотира китобининг ўзбек тилида нашрдан чиқарилиши китобхонлар учун ўзига хос совға бўлди.

    Қорақалпоқ халқининг таниқли оқсоқоли, давлат ва жамоат арбоби, «Шуҳрат» медали, «Эл-юрт ҳурмати» ордени соҳиби, яқинда 96-баҳорни қаршилаган Қаллибек Камоловнинг номи нафақат қорақалпоқ элида, балки бутун мамлакатимизда яхши таниш.

    Улкан ҳаётий тажрибага эга бўлган ҳурматли оқсоқолнинг ушбу асарида муаллиф туғилган вақтдан бошлаб, ўз элига раҳбарлик қилган 1960-80 йиллар ва ундан кейинги даврларда юз берган ҳаётий воқеалар тўлиқ қамраб олинган. Айтиш жоизки, холис ва ҳаққоний руҳда ёзилган ушбу асар мароқ билан ўқилади, унда тасвирланган ҳар бир ҳолат ўқувчини ҳаёт ҳақида чуқур мушоҳада юритишга ундайди.

    Меҳнат фаолиятини 1942 йилда мактабда оддий ўқитувчиликдан бошлаган ёш Қаллибек институтда ўқиб юрган кезларидаёқ ўзининг сиёсий ва ижтимоий фаоллиги билан яққол кўзга ташланиб қолади. Шу боис уни 1949 йилда область ёшлар ташкилотининг биринчи котиби этиб тайинлашади. Шундан сўнг тажрибали эл оқсоқолининг узоқ йиллик шарафли раҳбарлик фаолияти бошланади. Жумладан, у 1951 йилда Қорақалпоғистон Министрлар Совети Раисининг ўринбосари, 1952 йилда Нукус шаҳар ижроия қўмитаси раҳбари, 1953-1956 йилларда коммунал хўжалик вазири, 1956-1958 йилларда Автомобиль транспорти ва йўллар вазири, 1958-1959 йилларда собиқ Куйбишев райони партия қўмитасининг биринчи котиби, 1959-1963 йилларда Қорақалпоғистон АССР Министрлар Совети Раиси, 1963-1984 йилларда ушбу республиканинг партия қўмитасининг биринчи котиби, 1984-1986 йилларда собиқ Иттифоқнинг Руминиянинг Констанса шаҳридаги Бош консули вазифасида фаолият кўрсатади.

    Қаллибек оға 6 маротаба собиқ Иттифоқ Олий Кенгашига депутат этиб сайланган. Фавқулодда ва мухтор элчи дипломатик мақомига эга бўлди. Ўндан ортиқ нуфузли орден ва медаллар, турли фахрий унвонлар билан тақдирланган.

    1949 йилда у киши садоқатли рафиқаси Любов Семёновна билан турмуш қуриб, 70 йилдан ортиқ давр мобайнида аҳил ва тотув яшаб келишмоқда. Иккаласи оилада 4 нафар фарзандни, ўнлаб набираларни вояга етказишди. Бир сўз билан айтганда, Қаллибек оға бугунги кунда пиру бадавлат нуроний сифатида мазмунли ҳаёт кечирмоқда.

    Китоб қорақалпоқ элининг келиб чиқиш тарихи ҳақида илмий манбаларга асосланган ҳикоялар билан бошланиб, салкам юз йиллик даврда юз берган воқеалар қиёсий-солиштирма далиллар асосида таҳлил қилинади. Асарда кўплаб таниқли раҳбарларнинг эл-юрт тараққиёти йўлида амалга оширган эзгу ишлари тилга олиниб, уларнинг фаолиятига холис ва ҳаққоний баҳо берилади.

    Айниқса, муаллиф ўз асарида 1936 йилда Қорақалпоғистон Автоном Республикасининг Ўзбекистон таркибига ўтиши – тарихий илдизлари бир бўлган икки туғишган миллат ҳаётида туб бурилиш ясаган ниҳоятда адолатли қарор бўлганини эътироф этади: “Қардош халқларнинг ягона мақсад йўлида бирлашуви улкан бахт ва фаровонлик сари йўл очди. Ўзбекистон бағрида яшаб, ўзбек халқи билан қисматдош бўлишимиз бизни бахт-саодатга, тўкис ва фаровон ҳаёт сари етаклади. Бағрикенг, оқкўнгил ўзбек халқи қорақалпоқлар билан бир ота-онанинг фарзандлари сингари ҳамжиҳатликда ҳаёт кечириб, ягона мақсад сари қадам ташлаб келмоқда. Аллоҳ таолонинг ўзи бизни Ўзбекистон билан тақдирдош қилиб яратган”.

    Таъкидлаш керакки, Қаллибек оға ўтган асрнинг ўрталаридан бошлаб ўзлаштирилмаган улкан имкониятлар маскани ҳисобланган, иқтисоди етарли даражада ривожланмаган Қорақалпоғистоннинг қаддини тиклаш, жумладан, унинг ҳудудида маҳаллий ва халқаро аҳамиятга молик йўлларни барпо этиш, қишлоқ хўжалиги, чорвачилик, шоличилик, саноат, қурилиш инфратузилмаларини юксалтириш ва ҳудудларни газлаштиришга киришди. Ўлкада соғлиқни сақлаш, маданият ва илм-фан соҳаларининг ривожига беқиёс ҳисса қўшди. Сафдошлари билан бир ёқадан бош чиқариб меҳнат қилиб, бундай шарафли йўлда жуда катта ютуқ-натижаларга эришди.

    Муаллиф бийдай чўлу биёбон бўлган ҳудудда қандай қилиб мева-сабзавотчиликни тараққий эттиришга эришгани ҳақида тўхталиб, бунинг сабабларини мисоллар орқали очиб беради: “Шароф Рашидовнинг топшириғига асосан 1963 йили эрта баҳорда Тошкентдан боғдорчилик соҳасининг академиги ҳисобланган атоқли боғбон Ризамат акани республикамизга таклиф қилдик. Ана шу оқсоқол бошчилигида Нукусдаги олий ва ўрта махсус ўқув юртларининг талабалари кўмагида қарийб 2 минг гектар майдонга турли мевали дарахт ниҳоллари экилди. Мазкур боғни ҳосилга киргунча уч-тўрт йил вақт давомида давлат маблағи ҳисобидан асраб-авайлаб, парваришладик”.

    Шундан кейин колхозу совхозларнинг ҳар бирида 30-50 гектардан боғлар ташкил этилгани, бунинг натижасида 80 йилларга келиб ҳудуд мева-сабзавот маҳсулотлари билан ўзини ўзи таъминлабгина қолмай, бошқа республикаларга вагон-вагон сархил мева-чева юбориш ва халқнинг дастурхонини олма, узум ва бошқа неъматлар билан тўкин қилишга муваффақ бўлингани баён этилади.

    Қаллибек Камолов ўз асарида икки қардош эл – ўзбек ва қорақалпоқ халқлари орасидаги биродарлик ришталарни янада мустаҳкамлашга, уларнинг оғизбирчилиги, якдиллиги ва тотувлигини бардавом қилишга ҳисса қўшган улуғ инсонлар ҳақида алоҳида тўхталади. Жумладан, китоб аввалида ўқувчиларга қорақалпоқ халқининг атоқли сўз санъаткори, Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири, ўз элининг суюкли фарзанди ва сўнмас юлдузи Ибройим Юсуповнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида қимматли маълумотлар берилади. Муаллиф Ибройим оға билан 1945 йилдан, яъни Нукус педагогика институтида бирга ўқиган давридан бошлаб олтмиш йилдан зиёд давом этган дўстона алоқалари ҳақида мароқ билан ҳикоя қилади.

    Шунингдек, қорақалпоқ элининг улкан чинорлари – юртга ўтган асрнинг 30 йилларидан бошлаб узоқ йиллар раҳбарлик қилган, журъатли, ҳалол, чуқур билим ва тажрибага эга биринчи раҳбарлар – Пиржан Сейитов, Матеке оға Жуманазаров, Наврўз оға Жапақовлар ҳақида ибратли фикр-мулоҳазалари билан ўртоқлашади. Бу оқсоқоллар қийин-қистовли йўқчилик замонларида баландпарвоз чақириқлардан ҳоли тарзда ватанпарварлик, халқпарварлик, куйинчаклик билан халқ фаровонлиги йўлида улуғ ишларни амалга оширишгани диққатга сазовордир.

    1937-1950 йилларда Ўзбекистонга раҳбарлик қилган Усмон Юсуповнинг қорақалпоқ элига оталарча ғамхўрлиги, бу заминнинг гуллаб-яшнаши ва мамлакатнинг илғор марказлардан бирига айланиши йўлидаги саъй-ҳаракатлари, айниқса, собиқ Марказқўм томонидан «ҳайфсан» олишига сабаб бўлсада Чоржуй-Қўнғирот темир йўли тармоғини қуриш борасидаги чинакам жасорати қизиқарли очиб берилган.

    Китобда собиқ Иттифоқ миқёсидаги баъзи улкан раҳбарларнинг қишлоқ хўжалиги соҳасидаги нўноқлиги, саводсизлиги ва мафкуравий ёндашуви оқибатида унинг таркибидаги республикаларда бу борада тушунарсиз ва хато сиёсат олиб борилгани, қўриқ ерларни ўзлаштириш борасидаги бирёқлама хатти-ҳаракатларнинг аянчли оқибатлари аниқ фактлар асосида чуқур таҳлил қилинган: “Н.С. Хрушчёв партия ва ҳукумат раҳбарлигини қўлга олиши билан қишлоқ хўжалиги соҳасини ривожлантиришга қаратилган сентябрь Пленуми (1954 йил) ўтказилди. Шунга асосан амалга оширилган колхозларни йириклаштириш сиёсати бизнинг республикада овул хўжалигини ривожлантиришга унчалик яхши таъсир кўрсатмади.

    Машаққатли меҳнат ва кам ҳосил олиш, колхозчиларнинг жуда оз миқдорда иш ҳақи олиши каби ҳолатлар бартараф этилмади. Сентябрь пленумининг қарорига биноан мамлакатдаги барча кучлар Қозоғистон ва Россиядаги қўриқ ерларни ўзлаштиришга сафарбар этилди.

    «Ўттиз мингчилар» ҳаракати бошланди, бироқ ана шу тадбир ҳам Қорақалпоғистонда ўзини оқламади. Қўриқни ўзлаштиришларга кўпроқ эътибор қаратилиб, бизнинг республикага янги техника воситалари етарли даражада ажратилмади”.

    Қаллибек оға ўз меҳнат фаолияти давомида яна бир халқпарвар арбоб, донишманд ва диёнатли инсон Шароф Рашидовдан ҳам кўп меҳр кўрганини, у кишининг ҳамиша ўзига дўстона маслаҳатлар берганини, қорақалпоқ элига, барча соҳалар ривожига алоҳида эътибор қаратганини, шу сабабли ўзи учун қадрли ва ғамхўр, улуғ устоз деб билишини алоҳида ҳурмат билан қайд этади.

    Шароф Рашидов оғир пайтларда ҳамиша қорақалпоқларга кўмак-мадад берганини, жуда кўплаб қишлоқ хўжалиги техникалари, маблағ ва ресурслар ажратиб беришда ёрдамини аямагани, биродар қорақалпоқлар манфаатларини ҳар доим собиқ Иттифоқ миқёсида ҳам қатъият билан ҳимоя қилганини қайд этади.

    У кишининг кўмагида Тахиатош ГEСи ва тўғонининг қурилиши, юз минглаб аҳоли яшайдиган Элликқалъа, Жамбасқалъа, Қирққиз массивларининг бунёд этилиши бутун Қорақалпоғистон қиёфасини ўзгартириб юборгани ҳақидаги хотиралар билан танишар экансиз, Шароф Рашидов сиймосига ҳурматингиз янада ошади.

    Ўзбекистоннинг атоқли раҳбарининг Тилевберган Жумамуратов, Жулмирза Оймирзаев, Ибройим Юсупов, Тўлепберган Қайипбергенов каби қорақалпоқ ёзувчи ва шоирлари ижодини собиқ Иттифоқ миқёсида кенг тарғиб қилиш, уларнинг заҳматли ижодий меҳнатларини муносиб мукофотлашга катта ҳисса қўшганини чуқур мамнуният билан ёдга олади.

    «Эл хизматида» асарида собиқ тузумнинг сўнгги даврларида юз берган сиёсий ўйинлар, талотўпли воқеа-ҳодисаларга ҳам кенг ўрин берилган. Тақдир тақозоси билан маълум муддат Ўзбекистонни бошқарган айрим раҳбарларнинг нўноқ-ношудлиги ва қатъиятсизлиги, мустақил қарорлар қабул қилиш салоҳиятидан мосуволиги, уларнинг собиқ Марказдан кадрлар масаласида ёрдам сўраши, Гдлян ва Иванов бошчилигидаги жаллодларнинг юртимиздаги кирдикорлари, «пахта иши» деган туҳмат асосида халқимизнинг ор-номуси оёқости қилинганини афсус ва надомат билан ёдга олинади.

    Афсуски, вақтида Қорақалпоғистон Республикасининг тараққиёти йўлида улкан ишларни амалга оширган Қаллибек Камоловнинг ўзи ҳам ана шундай ноҳақликларнинг жабрини тортишга мажбур бўлди. Кейинчалик Қорақалпоғистонга раҳбар этиб тайинланган кимсанинг тинимсиз ва тизимли «саъй-ҳаракатлари» оқибатида у Руминиядаги дипломатик лавозимидан муддатидан аввал чақириб олиниб, узоқ йиллик терговларга тортилди, бир неча йил давомида ноҳақ турмада ўтириб, суд-терговдан боши чиқмади. У ана шу йилларда юз берган ҳақсизликларни ўкинч билан эсга олади.

    Эл-юрт ҳурматига сазовор бўлган Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов катта мардлик ва адолат билан ана шундай адолатсизликларга узил-кесил нуқта қўйди. Қаллибек Камоловга нисбатан очилган жиноят ишига ҳам узил-кесил барҳам берилиб, Олий суд Пленуми қарор билан у киши тўлиқ оқланди, шаъни ва обрўси қайта тикланди.

    Ана шу оғир ва синовли дамларда ҳам Қаллибек Камолов руҳан тушкунликка тушмади. Ҳақиқат ва адолат қарор топишига бўлган қатъий ишонч уни тарк этмади. Энг муҳими, ҳар қандай туҳмат ва маломатлар ҳам қорақалпоқ халқининг қалбида ўзининг севикли фарзандига бўлган юксак ҳурматига заррача соя сола олмади. Қаллибек оға оқланиб, собиқ тузум марказидаги қамоқхонадан ёруғ юз билан чиқиб келган кун қорақалпоқ элида ҳақиқий байрамга айланиб кетгани ҳам шундан далолат беради.

    Қаллибек оға улкан ҳаётий билим ва тажрибага эга оқсоқол сифатида мамлакатимизда бугунги кунда юз бераётган оламшумул ўзгаришларни ҳам теран таҳлил қилиб, ибратли фикр-мулоҳазаларини китобхонлар эътиборига ҳавола қилади.

    Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган беқиёс ислоҳотларнинг ҳаётий аҳамиятини очиб бериш билан бирга, Ўзбекистоннинг фаол олиб бораётган ички ва ташқи сиёсатига юксак баҳо беради. Айниқса, яқин қўшниларимиз билан йўлга қўйилган ўзаро ишонч ва ҳамжиҳатликка асосланган қардошлик алоқаларининг аҳамияти қай даражада юқори эканига аҳамият қаратади.

    Президент Шавкат Мирзиёевнинг «мен ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг фарзандиман» дея айтган сўзлари бизнинг халқимизнинг қалбида катта ғурур ва ифтихор туйғуларини уйғотди”, дея ёзади муаллиф.

    Қаллибек оға ўз асарида Орол денгизининг қуриши ва сув тақчиллиги оқибатида юзага келган ўта қийин ижтимоий-иқтисодий вазият оқибатларини юмшатиш масаласи муҳтарам Президентимизнинг алоҳида диққат марказида турганини чуқур қониқиш билан қайд этади. Атиги беш ой ичида Қўнғиротдан Мўйноққа 101 километр масофага водопровод тармоғи тортилгани, овлоқ туманга тоза об-ҳаёт кириб бориши чинакам халқ шодиёнасига айланиб кетганини миннатдорлик билан тасвирлайди.

    Нафақат Мўйноқда, балки Нукус шаҳри ва бутун республикада замонавий ва кўркам уй-жойлар, ижтимоий объектлар қурилаётгани, янги-янги саноат корхоналари барпо этилаётгани, кўплаб иш ўринлари яратилаётгани, сўнгги 4 йилда қорақалпоқ ўлкаси ҳам тубдан кўркамлашиб, обод бўлиб бораётганини алоҳида қайд этади.

    Шунингдек, асарда қорақалпоғистонлик заҳматкаш аёллар, илғор ёшларнинг фаолиятига, тил, адабиёт, илм-фан, соғлиқни сақлаш соҳаларини ривожлантириш борасидаги эзгу ишлар ҳақида ҳам атрофлича ҳикоя қилинади.

    Қорақалпоғистон матбаачилигида дастлабки мемуар, яъни ёднома жанридаги «Эл хизматида» асарини мамлакатнинг қарийб ярим асрлик ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётини ўзида батафсил ва холис акс эттирган салмоқли илмий-тадқиқот иши, дея баҳолаш мумкин.

    Ана шу йиллар давомида қорақалпоқ элининг сиёсий, иқтисодий тараққиёти, барча тармоқларда юз берган ривожланиш босқичлари ҳатто, унча-мунча архивларда ҳам топилмайдиган ноёб маълумотлар, аниқ дадил ва рақамлар орқали қаламга олиниб, воқеаларга бевосита гувоҳ бўлган раҳбар тилидан чиройли тарзда очиб берилади.

    Қўли очиқ, дастурхони ёзиқ қорақалпоқ элининг фаровонлиги учун ўзининг бутун умрини бағишлаган, юртини жонидан ҳам ортиқ яхши кўрган, узоқ йиллик захматли меҳнатлари натижасида саҳро қўйнида кўркам масканлар барпо этган обрўли Қаллибек Камолов ҳақли равишда ўзбек ва қорақалпоқ халқларининг юксак ҳурматига сазовор бўлган инсонлардан биридир.

    Асарни ўқир экансиз, беихтиёр ўзингизни ўша даврларга тушиб қолгандек ҳис қиласиз. Муаллифга хос кенгфеъллик, холислик ва самимийлик билан ёзилган воқеа-ҳодисалар манзараси, таҳлилий мушоҳада қуввати, ўша даврда яшаган шахсларнинг қиёфаси кўз ўнгингизда яққол намоён бўлади. Қизиқарли ҳаётий воқеалар сизга завқ бағишлайди. Бу ўринда Қаллибек оқсоқолнинг тўғрисўзлигига, донишмандларча фикр юритиши ва керак бўлса, ижодкорлик маҳоратига, сўзни қўллаш услубларига тан берасиз.

    «Эл хизматида» асари таниқли ижодкор, моҳир драматург Ғафур Шермуҳаммад томонидан ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилинган. Эътиборли жиҳати, таржимон китобни ўзбек тилига ўгириш жараёнида муаллифнинг ўзига хос ифода услуби, қорақалпоқ адабий тилининг нафосати ва гўзаллигини сақлаб қолиб, ўзбек тилида янада жилолантиришга муваффақ бўлган. Бу ўринда унинг қорақалпоқ адабиёти намуналарини ўзбекчалаштириш борасида орттирган бой амалий тажрибаси қўл келгани яққол сезилади.

    Фалсафий-психологик таҳлил ва мулоҳазаларга бойлиги, халқона мақол ва нақллардан ўринли фойдаланилгани боис бу асар қорақалпоқ адабиётининг олтин хазинасидан жой олиши ҳам шубҳасиз. Китоб келгусида тарих, фалсафа, жамиятшунослик, сиёсатшунослик, журналистика, маънавият асослари, қурилиш ва бошқа йўналишларда фундаментал илмий қўлланма вазифасини ўташига ҳам ишончимиз комил.

    Чиндан ҳам, мазкур китоб жуда кўплаб соҳалар бўйича ноёб маълумотларни ўзида жамлаган қомусий асар, таъбир жоиз бўлса, ўқувчига улкан маънавий озуқа берадиган Ҳаёт китобидир.

    Л.Раҳматов

    журналист

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates