Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти хабар қилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Миришкор тумани бўлими томонидан Қарши шаҳридаги “Хонтепа” МФЙ ҳудудида ўтказилган тезкор тадбирда қонунга хилоф равишда тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келган И.Н. “L.E.” МЧЖга қарашли савдо дўконида турли номдаги жами 2 052 қути умумий баҳоси 70 млн сўмлик тамаки маҳсулотларини сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланиб, ушбу тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, Департаментнинг Ғузор туман бўлими, ИИБ ва солиқ инспекцияси ходимлари ҳамкорлигида “Хўжагузар“ МФЙ ҳудудидаги савдо дўконида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро О.С. ноқонуний алкоголь ва тамаки маҳсулотлари савдоси билан шуғулланиб келаётганлиги аниқланиб, 42 турдаги 1030 дона истеъмолга яроқсиз алкоголь ва 16 турдаги 1804 қути тамаки маҳсулотлари ашёвий далил сифатида олинган.
Ҳозирда мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 186-1-моддаси (этил спирти, алкоголли маҳсулот ва тамаки маҳсулотини қонунга хилоф равишда ишлаб чиқариш ёки муомалага киритиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.