Қўмондонлик томонидан фаол ёшларга «Темур тузуклари» китоби совға қилинди

    Ҳарбий 4 апрел 2022 4121

    Пойтахтимизда жойлашган Темурийлар тарихи давлат музейида буюк саркарда, давлат арбоби Амир Темур таваллудининг 686 йиллигига бағишлаб «Амир Темурнинг мамлакатни бирлаштириш ва марказлашган буюк давлат тузишдаги тарихий хизмати», «Амир Темур давлатининг қурилиши» мавзуларида маънавий-маърифий тадбир ҳамда давра суҳбати бўлиб ўтди.

    Ўқувчи ёшларни ҳарбий-ватанпарварлик руҳида тарбиялаш, уларнинг маънавий-интеллектуал салоҳиятини янада ошириш, ўтмишни яхшироқ ҳис қилган ҳолда боболари тарихини яқиндан ўрганиш, юксак маънавий фазилатларини бойитиш мақсадида ташкил этилган тадбирда давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, профессор-ўқитувчилар, тарихшунос олимлар, ҳарбий хизматчилар ва ёшлар иштирок этди.

    Тадбирда тарихшунос олимлар томонидан Амир Темурнинг адолатли жамият барпо этиш, халқ фаровонлигини таъминлаш, ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга оид эзгу тамойиллари қайд этиб ўтилди.

    Дарҳақиқат, буюк саркарданинг давлатчилик ва дипломатия, ҳарбий маҳорат, бунёдкорлик, илму фан, санъат ва меъморчиликка оид қарашлари, ҳаёт, эзгу амаллар ҳақида билдирган фикрлари, ҳар бир масалада етти ўлчаб, эл манфаатини ўйлаб иш тутиш билан боғлиқ ибратли фазилатлари «Темур тузуклари» асарида батафсил ёритилган.

    Тадбир давомида қўмондонлик тасарруфидаги «Истеъдод» бадиий-ҳаваскорлик жамоаси томонидан ижро этилган куй-қўшиқлар барчага хуш кайфият улашди. Шунингдек, тадбир якунида фаол ёшлар ҳамда тадбирни ташкил қилишда яқиндан ёрдам берган иштирокчиларга ташаккурнома ҳамда «Темур тузуклари» китоби совға қилинди, деб хабар беради Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати.