Қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартиби янада такомиллаштирилди

    Хавфсизлик 19 ноябр 2021 2054

    2021 йил 17 ноябрда Адлия вазирлиги томонидан АОКА анжуманлар залида қонунчилик ҳужжатларини коррупцияга қарши экспертизадан ўтказиш тартибини такомиллаштиришга оид Ўзбекистон Республикаси Президенти қарори юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

    Матбуот анжуманида Адлия вазирлиги, Молия вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда бошқа вазирлик ва идоралар, матбуот вакиллари ва ташаббускор фуқаролар иштирок этди.

    Анжуманда коррупциянинг олдини олиш ва коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган омилларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларига оид амалдаги қонунчилик ҳужжатлари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилганлиги маълум қилинди. Коррупцияга қарши экспертиза натижалари бўйича юқоридаги соҳаларни тартибга солувчи 226 та қонунчилик ҳужжатининг 75 тасида (33 фоизи) 302 та коррупциявий омиллар мавжудлиги аниқланди.

    Мазкур Президент қарори амалдаги қонунчилик ҳужжатларида аниқланган коррупциявий омилларни бартараф этиш, коррупцияга қарши экспертиза ўтказиш тизимини такомиллаштириш ҳамда кейинги 5 йил давомида барча норматив ҳуқуқий-ҳужжатларни комплекс тарзда коррупцияга қарши экспертизадан ўтказишни ташкил этиш мақсадида қабул қилинганлиги маълум қилинди.

    Янги қарорга мувофиқ, коррупцияга қарши экспертиза соҳасида қуйидаги янгиликлар жорий этилганлиги айтиб ўтилди:

    ‒ барча норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар «коррупциядан ҳоли қонунчилик» тамойили асосида ишлаб чиқилади;

    ‒ 2022-2026 йиллар давомида амалдаги 21 мингдан ортиқ қонунчилик ҳужжатлари тўлиқ коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади;

    ‒ қурилиш, соғлиқни сақлаш, олий таълим ва давлат харидлари соҳаларига оид амалдаги қонунчилик ҳужжатларида аниқланган 302 та коррупциявий омиллар бартараф этилади;

    ‒ илмий ташкилотлар ва олий таълим муассасалари вакиллари ҳамда жисмоний шахслар, яъни мустақил экспертларга қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши илмий ва мустақил экспертизадан ўтказиш ҳуқуқи берилди;

    ‒ ҳар йили давлат органлари ва ташкилотларининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш фаолияти баҳоланади;

    ‒ Адлия вазирлиги коррупцияга қарши экспертиза бўйича давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш ва услубий ёрдам кўрсатиш ҳамда ўқувлар ташкил этишни амалга оширади.

    Бундан ташқари, фуқаролардан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган, коррупцияга сабаб бўладиган омиллар мавжудлиги ҳақидаги таклифларни бевосита қабул қилишга мўлжалланган adliya_korrupsiyasizqonun_bot телеграм боти ишга туширилганлиги таъкидлаб ўтилди. Мазкур телеграм бот орқали аҳоли амалдаги қонунчилик ҳужжатларидаги коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни содир этиш имкониятини яратадиган нормалар, бюрократик тўсиқлар ва асоссиз харажатларга олиб келувчи нормалар ва уларни бартараф этиш бўйича таклифларни Адлия вазирлигига юбориш имкониятига эга бўлди.

    Шунингдек, матбуот анжуманида ОАВ вакиллари ҳамда фуқароларнинг қарор бўйича ўзларини қизиқтирган саволларига тегишли вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари томонидан жавоб берилди, деб хабар беради Адлия вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates