Қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш: фундаментал асослар ва халқаро амалиёт  

    Қонун лойиҳаларининг 11 фоизида тадбиркорларни қўшимча харажатга олиб келиши мумкин бўлган 220 дан ортиқ ҳуқуқий нормалар аниқланган.

    Адлия вазирлигида “Jacobs, Cordova and Associates” халқаро консалтинг ташкилоти вакиллари иштирокида “Қонунчилик ҳужжатларининг тартибга солиш таьсирини баҳолашнинг фундаментал асослари ва халқаро амалиёт” мавзусида ўқув-амалий семинар ташкил этилди. Семинарда 30 дан ортиқ вазирлик ва идораларнинг ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларининг қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича масъул ходимлари, шунингдек, Европа тикланиш ва тараққиёт банки томонидан жалб қилинган “Jacobs, Cordova and Associates” халқаро консалтинг ташкилоти катта директори – Цезарь Кордова ва иқтисодий ривожланиш бўйича маслаҳатчиси – Жозе Армандо маъруза билан иштирок этди.

    Халқаро экспертлар иштирокида ўтказилган семинарни ташкил этишдан мақсад вазирлик ва идораларнинг, шунингдек, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича масъул ходимларида қонун ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолашга оид билим, малака ва амалий кўникмаларини ошириш ҳамда ушбу соҳадаги халқаро амалиёт билан яқиндан таништиришдан иборат.

    Таъкидлаш жоизки, 2021 йил 15 март куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилиниб, мамлакатмизда тартибга солиш таъсирини баҳолаш тизимини икки босқичда жорий этиш белгиланди. Хусусан, биринчи босқич - 2022 йил 1 январга қадар тадбиркорлик субъектларига рухсат бериш, лицензиялаш, янги чекловлар ва қўшимча талаблар жорий этишга оид қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг лойиҳаларини, иккинчи босқич - 2022 йил 1 январдан бошлаб тадбиркорлик фаолиятига, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларига, шунингдек, атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи барча қонунчилик ҳужжатлари лойиҳалари ва қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш кўрсатиб ўтилган.

    Тадбирда доктор Ц.Кордова тартибга солиш таъсирини баҳолашга оид хорижий мамлакатлар амалиёти, сифатсиз ва самарасиз қонунчилик ҳужжатлари ва уларнинг салбий оқибатлари ҳақида иштирокчиларга амалий мисоллар билан маълумот берди. Шунингдек, маърузачи мазкур тартиб-таомил дунёнинг 60 дан ортиқ давлатларида йўлга қуйилганлиги, Ўзбекистонда ҳам унинг ҳуқуқий
    ва методологик асослари яратилганлигини эътироф этди.

    Ж.Армандо тартибга солиш таъсирини баҳолашга оид энг яхши давлатлар амалиёти, юзага келиши мумкин бўлган қийинчиликлар ва уларни енгиллаштириш усуллари ҳақида тўхталиб ўтди. Хусусан, АҚШда ҳам мазкур тизим 30 йил давомида йўлга қўйилганлиги таъкидлаб ўтди.

    Семинарда қонунчилик ҳужжатларини тартибга солиш таъсирини баҳолаш йўналишида Ўзбекистоннинг салоҳияти етарли эканлиги, салмоқли ишлар амалга оширилганлиги, вазирлик ва идораларда таркибий тузилмалар яратилганлиги ва эришилган дастлабки натижалар ҳақида айтиб ўтилди.

    Маълумот учун: жорий йилда Адлия вазирлигига экспертизага келиб тушган қонунчилик лойиҳаларининг 170 тасида (11 фоизида) тадбиркорларга ортиқча ва қўшимча харажатга олиб келиши мумкин бўлган 220 дан ортиқ ҳуқуқий нормалар аниқланган
    ва уларнинг қабул қилинишининг олди олинган.

    Шу билан бирга семинар якунида, халқаро ҳамкорликни янада кенгайтириш, халқаро ва маҳаллий экспертлар билан учрашувларини кўпайтириш, энг муҳими мамлакатмизда мазкур тизимни янада такомиллаштириш, хусусан Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси портали (regulation.gov.uz) ҳамда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш ва келишишнинг ягона электрон тизимини (project.gov.uz) тартибга солиш таъсирини баҳолаш бўйича модернизация қилиш юзасидан тегишли техник вазифалар ишлаб чиқиш, тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказиш бўйича мутахассисларни тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириб боришга қаратилган tstb.gov.uz онлайн ўқув платформасини жорий этиш бўйича вазифалар белгилаб олинди, деб хабар беради Адлия вазирлиги жамоатчилик билан алоқалар бўлими.