Мазкур фестиваль доирасида Қўқон шаҳрида ташкил этилган "Мақом кечалари" концерт дастури маданият ва санъатимизга эҳтиром тадбири сифатида минглаб иштирокчиларга манзур бўлди.
Мақом мусиқа ижодиётининг бошқа турларидан бадиий мукаммаллиги, куй ҳамда шакл тузилишлари, лад ва усул тизимлари ҳамда илмий ва амалий асослари пухта ишлангани билан фарқ қилади. Мақом мусиқа, шеърият ҳамда рақс санъатларини мужассамлаштирувчи муштарак бадиий дурдонадир. Ўзбек миллий мақом санъатини кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида миллий мумтоз санъатимизга ҳурмат ва эътибор туйғуларини камол топтириш муҳим вазифалардан саналади. Президентимизнинг ташаббуси билан ҳар икки йилда бир марта Халқаро мақом санъати фестивали ўтказилмоқда.
Фурқат боғида ташкил этилган тадбирда Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минҳожиддин Ҳожиматов, Қўқон шаҳар ҳокими Маъруфжон Усмонов барчани мақом кечаси билан табриклади.
Ўзбекистон Республикаси Давлат Мустақиллигининг 30 йиллиги муносабати билан ташкил этилган концерт дастури Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ўқитувчи ҳамда талабаларидан ташкил топган "Янги Ўзбекистоннинг ёшлар ансамбли" томонидан ижро этилди.
Мақом санъатининг тажрибали ҳамда ёш намоёндалари жонли ижрода куйлаган мумтоз куйларнинг ёрқин намуналари кишилар руҳиятига кўтаринкилик бахш этди, уларнинг қалбида эзгулик, юртпарварлик, меҳр-оқибат каби гўзал туйғуларни уйғотди. Концерт дастурида Ўзбекистон Республикаси халқ артисти Муножат Йўлчиева, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Салоҳиддин Азизбоевлар ижро этган мумтоз қўшиқлар дилларга хушнудлик улашди, дея хабар беради ЎзА.