Семинар давлат органлари ва ташкилотларидаги хотин-қизларнинг соҳадаги фаолиятини қўллаб-қувватлаш, уларнинг лидерлик компетенцияларини ривожлантириш, давлат фуқаролик хизматидаги ислоҳотлар билан хабардор қилиш, мавжуд муаммоларни яқиндан ўрганиш мақсадида ташкил этилди.
Семинар аввалида сўз олганлар сўнгги йилларда Ўзбекистонда давлат бошқарувида хотин-қизлар учун муносиб меҳнат шароитларини яратиб бериш, уларни қўллаб-қувватлаш мақсадида муҳим қадамлар қўйилганини таъкидлашди. Соҳанинг норматив-ҳуқуқий базаси такомиллаштирилгани маълум қилинди. Президентимизнинг узоқни кўзлаган одилона сиёсатлари натижасида давлат ва жамият бошқарувида аёллар улуши ортиб, бу халқаро кўрсаткичларда ҳам ўз аксини топаётгани билдирилди.
Семинарда тажрибали ва салоҳиятли масъул раҳбарлар, соҳа мутахассислари раҳбар аёлларда лидерлик, халқпарварлик, креативлик кўникмаларини шакллантириш, давлат хизматида инновацион технологияларни қўллашда хотин-қизларнинг роли, давлат хизматчиларининг саломатлиги — давлат хизмати самарадорлиги кафолати, давлат хизматида оила ва карьера мувозанатини таъминлаш стратегиялари мавзуларида ўз фикр ва мулоҳазаларини билдиришди. Соҳада йиллар давомида босиб ўтилган ҳаётий тажрибаларини ўртоқлашишди.
Семинар ўз ишида шуъбаларда давом эттирмоқда. Унда иштирокчилар учун “Давлат хизматидаги хотин-қизларнинг шахсий самарадорлигини ошириш имкониятлари”, “Хотин-қизларга нисбатан тазйиқ ва агрессиянинг психологик асослари”, “Инсон ресурсларини бошқаришнинг замонавий усуллари”, “Хотин-қизларнинг давлат хизматига мослашуви ижтимоий хусусиятлари”, “Давлат хизматидаги хотин-қизларнинг жамоатчилик билан ҳамкорлиги: замонавий технологиялар ва трендлар”, “Давлат фуқаролик хизматидаги хотин-қизларни қўллаб-қувватлашнинг ҳуқуқий асослари” мавзуларида тренинглар ташкил этилди. Шуъбалар ўз ишини кичик гуруҳларда ишлаш, кейс-стади ва баҳс-мунозара каби интерфаол усулларда ташкил этди. Семинар давомида иштирокчиларнинг соҳага оид таклиф ва ташаббуслари, мавжуд муаммолари ижтимоий сўровнома орқали ўрганилди.
Бир сўз билан айтганда, ушбу семинар Қорақалпоғистонда фаолият юритаётган давлат хизматидаги хотин-қизларнинг ташаббус ва ғояларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг янги билим ва кўникмалар олиши, ўзаро тажриба алмашиши, соҳадаги фаолиятларини янада ривожлантириши учун ўзига хос корпус вазифасини бажарди.