Транспорт вазирлиги хабарига кўра, Тошкент ерусти метросининг «Қўйлиқ – Қурувчилар» участкасидаги 5 та бекат фойдаланишга топширилди
Тошкентда метрополитен тармоғи 66,74 кмга, бекатлари сони эса 48 тага етди. 2016 йилгача бўлган кўрсаткич – 38 км ва 29 та бекатдан қарийиб икки баробарга кўпайди. Кунлик йўловчилар сони эса 3 баравардан кўпга ортди ва бугунга келиб 620 мингдан зиёдни ташкил этмоқда. Бу охирги 6 йилдаги ислоҳотлар ва жадал ҳаракатлар натижасидир.
Қайд этиш жоиз, 2020 йил августида Ўрта Осиёда илк маротаба эстакада услубидаги Тошкент ерусти метросининг биринчи босқичи ишга туширилди. Шу йили декабрь ойида эса Сергели йўли очилди. «Дўстлик – Қўйлиқ» участкаси фойдаланишга топширилди.
Бугун, 25 апрель куни эса ушбу лойиҳанинг давоми сифатида 7,74 километрлик «Қўйлиқ – Қурувчилар» участкасидаги 5 та янги бекат (8-12-бекатлар) ишга туширилди.
Янги бекатларнинг ҳар бири ўзига хос дизайнга эга, кенг, ёруғ ва файзли. Уларга замонавий лифт ва эскалаторлар ўрнатилган. Имконияти чекланган йўловчилар учун ҳам қулайликлар яратилган.
Ҳозир 12-бекатдан кейинги 3,64 километрлик «Қурувчилар – Қипчоқ» участкасида ҳам бунёдкорлик ишлари жадал олиб борилмоқда
Ер усти метроси қурилишининг иккинчи босқичи тўлиқ якунланиши билан Тошкент метрополитенининг узунлиги 70 километрдан ортади, бекатлар сони эса 50 та бўлади.