Учрашувда Ўзбекистон ва Россия ўртасида савдо, саноат, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида амалдаги келишувларнинг ижро этилишининг бугунги ҳолати атрофлича кўриб чиқилиб, амалга ошириш жараёнини жадаллаштириш бўйича навбатдаги қадамлар белгилаб олинди.
Хусусан, жорий йил 10 ойида икки давлат ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 20 фоизга ўсиб, 9,7 миллиард долларни ташкил этди. Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилардан етказиб берилаётган маҳсулотлар рўйхати 68 та янги позицияга кўпайди.
Томонлар асосий мақсади икки мамлакатнинг ўзаро савдо кўрсаткичларини 30 миллиард долларга етказиш бўлган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги 2024-2030 йилларга мўлжалланган товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича Қўшма ҳаракатлар режасини амалга оширилишини атрофлича кўриб чиқдилар. Шу ўринда комплекс чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, жумладан, саноат ишлаб чиқариши, транспорт ва агросаноат соҳаларидаги ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги таъкидланди.
Учрашув якунлари бўйича томонлар кўп қиррали ўзаро муносабатларни янада ривожлантиришга тайёрлигини билдирдилар ҳамда Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилишини жорий йил охиригача Москва шаҳрида ўтказиш муддатларини келишиб олдилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.