Россиялик депутат Захар Прилепиннинг собиқ СССР ҳудудларини Россияга қўшиб олиш ҳақидаги таклифидан сўнг 21 декабрь куни Ташқи ишлар вазирлигига Россиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор Элчиси Олег Малгинов таклиф этилди.
Учрашув давомида Россия вакилига "Россия сегодня" матбуот-марказида бўлиб ўтган анжуманда "Справедливая Россия – за правду" партияси ҳамраиси Захар Прилепиннинг Ўзбекистон ҳудудини Россияга қўшиб олиш зарурлиги ҳақидаги таклифи мамлакатимизда чуқур ташвиш ҳисси билан қабул қилингани қатъий тарзда етказилди.
Россия каби дўст мамлакат партия раҳбарларининг бундай ўйламай билдираётган муносабатлари, афсуски, Ўзбекистон ва Россия ўртасидаги ҳар томонлама стратегик шериклик ва иттифоқчилик руҳига мос келмаслиги маълум қилинди.
Россия оммавий ахборот воситаларида кенг тарқалган бу каби баёнотлар атайлаб провокацион руҳда бўлиб, икки халқ ўртасида ўрнатилган тарихий дўстона муносабатларга салбий таъсир кўрсатиши мумкин.
Қайд этилишича, О.Малгинов тўлиқ масъулият билан З.Прилепиннинг баёнотлари Россия раҳбариятининг дўст ва мустақил Ўзбекистон тўғрисидаги расмий позициясига умуман алоқаси йўқлигини таъкидлади.
Россиянинг Ўзбекистондаги вакили сифатида элчи "Ўзбекистон Республикасининг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлиги унинг мамлакатида ҳеч қачон шубҳага олинмаган"лигини таъкидлади.
О.Малгинов, шунингдек, Россия Ташқи ишлар вазирлиги яқин вақт ичида ушбу ҳодиса бўйича изоҳ беришни режалаштираётганини таъкидлади.