Самарқандда Абу Али ибн Синонинг анъанавий тиббиёт ривожидаги аҳамияти муҳокама қилинди

    Кеча Самарқанд шаҳрида анъанавий тиббиёт бўйича «Абу Али ибн Сино ва Буюк ипак йўли» I халқаро илмий-амалий конференцияси ўтказилди.

    Абу Али Ибн Сино таваллудининг 1042 йиллигига бағишланган илмий анжуман Самарқанд давлат тиббиёт университети, Ибн Сино жамоат фонди, Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва «China-Uzbekistan medicine technical park» МЧЖ ҳамкорлигида ташкил этилди.

    Конференциянинг очилиш маросимида Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов, соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев, Самарқанд давлат тиббиёт университети ректори Жасур Ризаев, Ибн Сино жамоат фонди бошқаруви раиси Нозимхон Маҳмудов, Ўзбекистон Табобат Академияси раиси Иброҳим Асқаров, Эроннинг Ўзбекистондаги элчиси Ҳамид Наиййрободий ва бошқалар иштирок этди.

    Халқаро конференция «Таълим ва халқ табобати», «Фан ва халқ табобати», «Aнъаналар ва халқ табобати», «Доривор ўтлар ва халқ табобати» мазуларидаги секциялар шаклида бўлиб ўтди.

    Секцияларда Ўзбекистон, Германия, Исроил, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Қозоғистон, Хитой, Қирғизистон, Малайзия, AҚШ, Тожикистон, Туркия, Россия ва бошқа хорижий давлатлардан эксперт ва олимларнинг анъанавий тиббиёт соҳасига оид 50 дан ортиқ маърузалари тингланди.

    Тадбир доирасида, «Ибн Сино» жамоат фонди ва Самарқанд давлат тиббиёт университетининг Жанубий Кореянинг Даегу Ҳаанни (Daegu Haany) университети, Европа тиббиёт ассоциацияси (Германия), Исроил доривор ўсимликлар уюшмаси, Тошкент вакцина ва зардоб илмий тадқиқот институти, Қозоғистон анъанавий ва халқ табобати тиббиёт мутахассислари миллий ассоциацияси билан Ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.

    Шунингдек, 6 октябрь куни халқаро илмий-амалий конференция олдидан «Халқ табобатида экстракт Ganoderma lucidum маҳсулотининг роли» «Азотли гетеросиклик бирикмалар асосида янги дори воситаларини ишлаб чиқиш», «Вирусли ва бактериал инфекцияларни комплекс даволашда ўсимлик воситаларидан фойдаланиш имконияти», «Жанубий Кореяда анъанавий тиббиёт тарихи», Жанубий Кореяда анъанавий ва спорт тиббиёти бўйича онлайн дастурлар», «Акупунктур ва остеопатия», «Ибн Сино тушунчалари билан ўз-ўзига ёрдам бериш ва уй шароитидаги дорихона» ва бошқа мавзулар бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.

    Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган халқаро анжуман ва маҳорат дарслари иштирокчилари анъанавий табобат бўйича мазкур халқаро илмий-амалий платформани доимий тарзда ташкил этиш ташаббусини билдирди.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates