Самарқандда Халқаро туризм академияси очилди

    Туризм 25 октябр 2023 1382

    Академия ташкилотчилари Ўзбекистон ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) ҳисобланади.

    Жорий йилнинг 20 октябрь куни Самарқанд шаҳрида Бутунжаҳон туризм ташкилоти БМТ Бош Ассамблеясининг юбилей 25-сессияси доирасида UNWTO Халқаро туризм академиясининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Академиядан мақсад туризм саноати ва иқтисодиёт соҳасини ривожлантиришга хизмат қиладиган малакали кадрлар синфини шакллантиришдан иборат.

    Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов, БМТ Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) Бош котиби Зураб Пололикашвили, UNWTOга аъзо давлатлар вазирлари ва делегациялари раҳбарлари, оммавий ахборот воситалари ва бошқалар иштирок этди.

    “Самарқанд бир вақтлар Ипак йўлидаги илғор таълим ва илм-фан маркази бўлган. Янги Ўзбекистонда биз тарих ва анъаналаримизни қадрлаймиз, сифатли таълимга алоҳида эътибор қаратамиз, турли соҳаларда янги авлод олимлари, ёш етакчиларни тайёрламоқдамиз. 2018 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Самарқанд шаҳрида “Ипак йўли” туризм ва маданий мерос халқаро университети очилди, — деди А.Абдуҳакимов тадбирда. — Бугун давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Халқаро туризм академияси очилди, унинг асосий мақсади туризм соҳасида таълим сифатини ошириш ва инсон капиталини ривожлантиришдан иборат”.

    Зураб Пололикашвили эса туризмни ривожлантиришда таълимнинг аҳамияти ва Бош Ассамблеянинг юбилей сессияси ўтказилган мамлакатда Халқаро академия очилишини таъкидлади.

    “Академияни очиш ташаббуси илгари сурилганидан 9 ой ўтиб, очилишда қатнашаётганимдан хурсандман. Дастлаб бунга ишонолмадим, чунки Бош Ассамблея бошланишига оз вақт қолганди. Аммо Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг қўллаб-қувватлаши ва Экология вазири Азиз Абдуҳакимовнинг саъй-ҳаракатлари бугун ташкилотга аъзо мамлакатлар туризм вазирлари иштирок этаётган Академиянинг очилишини ўтказиш имконини берди. Бу жараёнда қатнашганимдан мамнунман, — деди З.Пололикашвили очилишда. — Бу нафақат UNWTO ёки Самарқанд учун, балки умуман туризм учун ҳам муҳим қадамдир”.

    Бундан ташқари, З.Пололикашвили очилиш маросимида иштирок этган туризм вазирлари ва туризм бошқармалари раҳбарларини Академия фаолиятини ташкил этиш ва ўқув жараёнида фаол иштирок этишга чақирди.

    Тадбир давомида университет ва Туризм академиясига танишув саёҳати, эсдалик лавҳаларининг очилиши, Самарқанд шаҳридаги UNWTO тематик идораси фаолияти билан таништириш жараёнлари бўлиб ўтди.

    Таъкидлаш жоизки, Академиянинг ўқув дастури Швейтсария меҳмондўстлик мактаблари тажрибасини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқилган. Тренинг чет эллик маслаҳатчилар томонидан олиб борилади. Академияни тамомлагандан сўнг битирувчига жалб қилинган ҳамкор таълим муассасалари томонидан тан олинган сертификат берилади. Ҳар бир модулни тугатгандан сўнг, талабалар хусусий сектор ҳамкор компанияларида амалиёт ўташ орқали амалий тажриба орттириш имкониятига эга бўладилар.

    Академия ташкилотчилари Ўзбекистон ҳукумати ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бутунжаҳон туризм ташкилоти (UNWTO) ҳисобланади.

    UNWTOнинг Академияни ташкил этишдаги фаолияти халқаро тажрибага асосланган кадрлар тайёрлаш моделини яратиш, ўқув дастурларини маҳаллий шароитга мослаштириш, ТоТ дастурлари (тренерларга тренинг ўтиш, ўқитувчиларнинг малакасини ошириш) орқали менторларни тайёрлаш, институционал ривожланишни қўллаб-қувватлаш, талабалар рейтингини баҳолаш, таълим сифатини ошириш бўйича консалтинг хизматларини кўрсатиш, дастурларнинг халқаро тан олиниши ва сертификатланишини таъминлашдан иборат.

    Ўзбекистоннинг Академия фаолиятига қўшган ҳиссаси – ўқув дастурларини маҳаллий шароитга кўпайтириш ва мослаштириш, ТоТ дастурлари орқали менторлар тайёрлашга кўмаклашиш, лойиҳаларни молиявий қўллаб-қувватлаш, талабаларни ишга жойлаштиришга кўмаклашиш, дастурларни такомиллаштириш ва мослаштириш, талабалар рейтингини баҳолаш, тарғибот ишлари дастурларни тарғиб қилиш ва бошқалардир.