Қонунчилик палатаси депутатлари Самарқанд вилоятининг Самарқанд шаҳри, Самарқанд ва Оқдарё туманлари чегараларини ўзгартириш тўғрисидаги масалани кўриб чиқди.
Вазирлар Маҳкамасининг таклифига асосан, Самарқанд туманидан 170 гектар ва Оқдарё туманидан 243 гектар ер майдони Самарқанд шаҳри таркибига ўтказилиши назарда тутилмоқда.
Мажлисда қарор лойиҳаси тегишли маҳалла фуқаролар йиғинлари, халқ депутатлари Самарқанд шаҳар, Самарқанд ва Оқдарё туманлари ҳамда вилоят Кенгашларида муҳокама қилиниб, чегараларнинг картографик чизмаси ва чегаралар чизиғининг таснифи маъқулланганлиги қайд этилди.
Шунингдек, қарор лойиҳасида ҳудуднинг чегараларини ўзгартириш ва унда белгиланган вазифаларни тизимли амалга ошириш мақсадида Ҳукуматга комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш вазифаси юклатилди.
Мазкур туман ва шаҳар чегараларининг ўзгариши билан «Ширин» замонавий ишбилармонлик маркази ташкил этилиб, ушбу ҳудудда 254 та кўп қаватли уй-жойлар, 19 та ишбилармонлик ва бизнес марказлари, 50 та ижтимоий соҳа объектлари, 89 та кўнгилочар ва савдо комплекслари ҳамда тарихий шаҳарча барпо этилади.
Бундан ташқари, ҳудудда 112 км ички йўллар, пиёдалар ва велосипед йўлаклари, 6 км ер усти метро йўли, 2 та катта кўприк ҳамда 7,2 км ички коммуникация учун тоннель, 180 км ирригация қувури ҳамда 14 км канал ва кўплаб суғориш иншоотлари қурилади.
Депутатларнинг фикрича, киритилаётган ўзгартишлар келгусида аҳоли турмуш шароитини янада яхшилаш, ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳаларини кенгайтиришга хизмат қилади.
Мажлисда қарор лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.