Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтига Германия Федератив Республикасининг «Schneiders Obsthof» компанияси директори Стефан Жосеф Счнеидер ва ЖД Эаст ташкилоти вакиллари келди.
Хорижий меҳмонларни институт ректори, профессор Шавкат Ҳасанов кутиб олди.
Учрашувда иккала томон вакиллари бугунги кунда талабалар учун қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш амалиётида рақамли технологияларнинг мавжудлиги, ўсимликларни ўғитлаш, суғориш, турли касалликларга қарши курашиш тажрибаларини ўрганишлари бўйича музокаралар олиб борди.
Германиянинг «Schneiders Obsthof» компанияси асосан очиқ ва ёпиқ майдонларда қулупнай, малина ва олма етиштиришга ихтисослашган бўлиб, маҳсулотларни сақлаш, саралаш ва қадоқлаш билан ҳам шуғулланади.
Ташриф давомида делегация вакиллари институт талабалари билан учрашди ва уларнинг Германиядаги ишлаб чиқариш амалиётига бўлган қизиқишларини ўрганди. Шунингдек, Германиядаги ишлаб чиқариш амалиёти шароитлари билан талабаларни таништирди.
Маълумот ўрнида: Самарқанд агроинновациялар ва тадқиқотлар институтининг 200 нафарга яқин талабаси ўтган ўқув йилида Германия ва Буюк Британияда амалиёт ўтаганди.