Санитария шароити инсон ҳаётига қанчалик таъсир қилади?

    Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари санитария шароити ва унинг ижтимоий-иқтисодий таъсирига оид тадқиқот ўтказди.

    Нобель мукофотининг 2019 йилдаги соҳибларидан бири Эстер Дюфло ўтказган тадқиқотга кўра, жаҳон миқёсида 2,5 миллиард киши санитария талабларига жавоб бермайдиган ҳожатхоналардан фойдаланади ва қишлоқ жойларда санитария талабларига жавоб берувчи ҳожатхоналарни қуриш диарея билан касалланиш ҳолатларини 30-50 фоизга камайтиради.

    Институт томонидан ҳудудларга чиқиб ўтказилган тадқиқот бу ерда истиқомат қилувчи аҳоли ҳожатхоналарнинг санитария талабларига жавоб бермаслигига оид индикаторни камбағаллик учун аҳамиятсиз деб ҳисоблашини кўрсатди.

    Аслидачи? Санитария шароити қанчалик муҳим?

    Тадқиқотларга кўра, Ҳиндистонда диарея туфайли ҳар йили 400 минг нафардан ортиқ киши ҳаётдан бевақт кўз юмади. Инсон ахлатининг 1 граммида 10 миллионтагача вирус, миллионтагача бактерия, мингтагача паразит кистаси ва юзга яқин паразит тухуми бўлиши мумкин.

    Санитария талабига жавоб бермайдиган мактаб ҳожатхоналари болаларнинг у ерга кирмаслигига сабаб бўлади. Швецияда 6-16 ёш оралиғидаги болалар ўртасида ўтказилган сўров натижалари болаларнинг салкам 16 фоизи мактабда кичик ҳожатга умуман чиқмслигини кўрсатди. Бу ҳолат ёши каттароқ (13-16 ёш) болалар орасида янада ёмонроқ – 25 фоиз. Болалар асосий сабаб сифатида мактабдаги ҳожатхонанинг кўриниши ва ҳидини келтирган. Бу эса кун давомида болаларнинг етарлича сув ичмаслигига олиб келади. Чунки улар ҳожатга чиқмаслик учун ҳам сув ичишдан ўзларини тияди.

    Ўзбекистонда аҳвол қандай?

    Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти ва БМТ Болалар жамғармаси маълумотларига кўра, 2019 йилда Ўзбекистондаги мактабларнинг 13 фоизида қўлни совун ва сув билан ювиш учун шароит бўлмаган. Мактабларнинг 83 фоизи тоза ичимлик суви, 78 фоизи эса санитария воситаларидан фойдаланиш имкониятига эга бўлган.

    Институт ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистонда аҳолининг 41 фоизи чуқур кавлама кўринишидаги ҳожатхонадан фойдаланади. Қишлоқларда бу кўрсаткич 50 фоиздан юқори. Ҳозирги ҳолатда санитария талабларига жавоб бермайдиган чуқур кавламаларни вентиляция қилинадиган ва плиталар билан қопланган ҳолатга келтириш тавсия этилади. Биринчи қадам сифатида, ушбу чора-тадбирларни мактабларда бошлаш ва санитария талабига жавоб бермайдиган барча мактаб ҳожатхоналарини таъмирлаш мақсадга мувофиқ.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates