Мамлакатимизнинг Жидда шаҳридаги Бош консулхонаси Ўзбекистон туризм инфратузилмасини ривожлантиришга хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида Тоиф шаҳридаги йирик тадбиркорлардан бири бўлмиш Юсуф Туркистоний билан учрашув ўтказди.
Суҳбат давомида мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ўзгаришлар, иқтисодиётни либераллаштириш ва ташқи савдони ривожлантириш йўлидаги ислоҳотлар, хорижий инвесторлар учун яратилган бизнес-қулайликлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Ўз навбатида, Юсуф Туркистоний Ўзбекистондаги бизнесини кенгайтириш ҳаракатида эканлигини маълум қилди. Жумладан, айни пайтда у Фарғона водийсида “Араблар шаҳарчаси” номи остида туристик дам олиш масканини барпо этишни режалаштирмоқда.
Суҳбатдошнинг таъкидлашича, ушбу туристик масканни Фарғона шаҳри ва Чимён санаторияси ўртасидаги адирликларда 15 гектар ер майдонда барпо этиш мўлжалланмоқда. Лойиҳанинг умумий қиймати қарийб 3 миллион долларни ташкил этади. Шу муносабат билан у жорий йилнинг сентябрида Ўзбекистонга ташриф буюришни режалаштирган.