Чунки, авваллари, экологияга улкан таъсир кўрсатадиган кенг кўламли лойиҳалар, ва, умуман, катта-кичик ишлар ҳеч қандай муҳокамасиз, шовқин-суронсиз, ими-жимида салқин кабинетларда тезда тасдиқланиб кетарди.
Бу вақт ичида лойиҳа Чорвоқнинг экологик ҳолатига қандай таъсир кўрсатиши мумкинлиги борасида турли фикрлар, эътирозлар ва хавотирлар билдирилди. Энг катта хавотир шундаки, лойиҳа доирасидаги инфратузилма объектларидан чиқадиган оқова сувлар Чорвоқ сув омборига ташланади. Бу эса — уч миллиондан ортиқ Тошкент шаҳри аҳолиси ва табиатига асосий ичимлик суви етказиб берувчи Чорвоқ учун катта таҳдид дегани.
Расмийлар лойиҳа алоҳида назорат остида бўлиши, экологик хавфсизлик эса доимий назорат қилиниши ҳақида баёнотлар беришди. Аммо булар фақат оғзаки ваъда сифатида қабул қилинди, жамият, айниқса, танқидий қарайдиган қатлам бу гапларга ишонмади.
Аммо куни кеча бу борада туб бурилиш юз берди — Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан “Sea Breeze” лойиҳасини амалга оширишга бағишланган ҳужжат эълон қилинди.
Ҳужжатга кўра, лойиҳанинг экологик талабларга қатъий риоя қилиниши шарт этиб белгиланган. Хусусан, чиқиндилар ва оқова сувларнинг Чорвоқ сув омбори ҳамда Чирчиқ дарёсига ташланишига тўлиқ тақиқланади. Агар инвестор ушбу талабларни бузса, лойиҳа тўхтатилади ва ер ижараси бекор қилинади. Яъни, экологик талаблар бажарилмаса — лойиҳа ҳам бўлмайди.
Бу эса инвесторга жуда аниқ сигнал беради: экологик хавфсизлик — муҳокама қилинмайди
Бундан ҳам муҳимроғи, қарор Чорвоқ ҳудудида фаолият юритаётган барча субъектларга тегишли талабларни қўймоқда(ўтган йили Чорвоқ 12 миллионга яқин сайёҳни қабул қилган).
Бу ерда юзлаб дам олиш масканлари, меҳмонхоналар, пансионатлар ва дачалар ҳақида сўз кетяпти — уларнинг баъзилари ҳатто Совет даврида қурилган. Ўйлайманки, уларнинг ҳаммаси эмас, лекин анчагина қисми шу вақтга қадар экологик нормаларга риоя қилмайди ва оқова сувларни бевосита Чорвоққа ёки уни озиқлантирувчи дарёларга ташлайди. Бу аччиқ ҳақиқат афсус!
Ҳужжатда қуйидагилар белгиланмоқда:
- “Экология вазирлиги ва Қурилиш вазирлиги биргаликда сувни муҳофаза қилиш зоналари ва санитария ҳудудларига оид талабларга риоя этилишини таъминлаши, муҳофаза этиладиган табиий объектлар, сувни муҳофаза қилиш ва санитария зоналарида қурилиш ишлари олиб борилишига йўл қўймаслиги, сув омборига оқова сувлар ташланишини қатъий назоратга олиши шарт.”
Шунингдек, Бош прокуратура билан биргаликда юқорида номи келтирилган икки вазирликка қуйидаги вазифалар юклатилган:
- Чорвоқ сув омбори ва унинг муҳофаза ҳудудига маиший ва саноат чиқиндилари, оқова сувлар ташланишининг олдини олиш учун доимий ва ҳар томонлама назорат ўрнатиш;
- Атроф-муҳитни ифлосланишдан ҳимоя қилиш, санитария-экологик меъёрларга риоя қилинишини таъминлаш ва соғлом экологик муҳитни сақлаб қолиш чораларини кўриш;
- Барча қурилган объектлар, жумладан, янги қурилишлар бўйича инвентаризация ўтказиш, экологик нормаларни бузаётган объектларни бартараф этиш ва масъул шахсларга нисбатан қонуний чоралар кўриш.
- “Sea Breeze” лойиҳасига қайтадиган бўлсак, инвестор томонидан қурилишнинг белгиланган муддати бузилган тақдирда ҳам ер ижараси ҳеч қандай компенсациясиз бекор қилинади. Бу эса инвестор учун қурилишни ўз вақтида якунлашига очиқ ва аниқ ишорадир.
Шуни тушунишимиз керакки, экологик талаблар тўлиқ бажарилган ҳолда бу лойиҳа минглаб янги иш ўринлари, миллиардлаб инвестициялар ва қурилиш ҳамда туризм соҳаларида замонавий технологияларни жалб этиш имконини беради.
Бир неча ҳафта аввал мен Чорвоқда бўлдим. Кўрдимки, қирғоқ бўйлари жуда ифлосланган: сайёҳлар маишатидан кейин ташлаб кетган озиқ-овқат қолдиқлари, турли чиқиндилар тонналаб ёйилиб ётибди. Ҳатто айрим жойларда қирғоқ бўйлаб қаровсиз юрган қорамолларни ҳам кўрдим. Маълум бўлишича, сувда сигир жасадлари топилган ҳолатлар ҳам бўлган. Скутерлар сув устида кун бўйи назоратсиз юриш эса ҳали-ҳануз инсоний фожиаларга олиб келмоқда — ёш йигитлар ва қизлар ҳалок бўлишади.
Шу сабабли менингча, Чорвоқ атрофидаги сайёҳлик инфратузилмаси қанчалик ривожланса, бундай уятли “манзаралар“ шунча камроқ бўлади.
Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, ва Сизни эътиборингизни бошқа жиҳатга қаратмоқчиман: биз ижтимоий тармоқларда кузатган “Sea Breeze” лойиҳаси атрофидаги кенг муҳокамалар — бу яхши. Бу — бизнинг фуқаролик жамиятимиз улғаяётганининг яққол белгиси. Бу — Чорвоқнинг келажаги ҳаммамиз учун муҳимлигини кўрсатади. Ва ҳукумат жамоатчилик фикрига қулоқ тутиб, лойиҳани тартибга солувчи расмий ҳужжатга керакли бандларни киритгани — бу ҳам олқишга лойиқ.
Аммо сиёсатшунос мутахассис ва ахборий хуружлар келиб чиқиши таҳлилчиси сифатида айтмоқчиманки, шу билан бирга, ҳушёр ва эътиборли бўлишимиз керак. Экологияни ҳимоя қилиш ниқоби остида бир қатор манипулятив постлар ҳам пайдо бўлди.
Вазиятга расмий изоҳ берилишидан анча олдин, бу постларда Ўзбекистон ва Озарбайжон ўртасидаги қардошлик ва суверенитетимизга путур етказишга қаратилган чақириқлар янгради.
Қизиқ томони — бундан 3-4 йил аввал Чорвоқни алоҳида муҳофазадаги табиий ҳудуд деб эълон қилиш таклифи чиққанида, айнан шу манипуляторлар “энди қаерда чўмиламиз?” дея бақир-чақир бошлашган эди.
Шуни англаб етишимиз керакки, бугунги кунда халқнинг норозилигидан фойдаланиб, жамиятимизнинг маълум бир қатламидаги носталгик кайфиятлардан фойдаланган ҳолда ўз бузғунчи муаммоларини илгари сураётган “учинчи кучлар” кўпайиб бормоқда. Бундай манипуляцияларни фақат “Sea Breeze” ҳолатида эмас, бошқа масалаларда ҳам тез-тез учратяпмиз. Бунга қарши етук фуқаролик жамияти сифатида қатъий муносабат билдиришимиз ва бунга йўл қўймаслигимиз зарур. Биз бу ахборот ҳужумлари ва бу масалаларда содда инсонлар билан манипуляция қилиш истаги ортидан кимларнинг қулоқлари чиқиб турганини аниқ кўра билишимиз керак.
P.S. Ўзимча ўйладим..
- Наҳотки, энг юқорида ўзимизга қарши қарор қабул қилинса?
- Наҳотки, икки қардош Миллат бирлашиб бир яхши иш қилсаю биз ҳалитдан унга қарши бўлсак?
- Наҳотки, биз бутун умр Туркия, Малдив, Сейшел, Вьетнамларга ҳавас қилсакда, ўзимизда ўзимизга бўлишига раво кўрмасак? ва ҳамон ёввойи ибтидоий услубда эскича дам олишни носталгияси қумсаса..
- Наҳотки, биз бугун 21 асрда 18 асрдагидек янгилик ва замонавийликдан қўрқиб яшасак (афсус бизни хонлик ва амирлигимиз бошини шу еган).
- Наҳотки, бизни очиқ кўзларимиз шу лойиҳага халқни қарши гижгижлатаётган “буюк мутахассислар” популист ва маргинал эканлигини кўрмаяпмиз? Ахир учинчи тарафлар манфаатику бу!
Ҳамкасбларимга савол: наҳотки кимдир ё қандайдир куч чўнтагида 5-10 доллар пули бўлса бизни жамиятни шундай ахборий тўфонга дучор қила оладими? Биз нимага керакмиз унда? Ё замона шу экан, блогер ва инфлюенсерлар иши бу деб писиб ўтираверамизми кундан кунга ўрнимизни йўқотиб? Қайси биримиз таҳририятдаги салқин хонадан чиқиб Чорвоқда яшайдиган аҳоли, холис экологлар, прокуратура ходимлари билан суҳбатлашдик?
Демократик ва фуқаролик жамияти қуриш иши Черчилл айтганидек осон иш эмас экан, аммо биз шу йўлни бошқалардан кечроқ бўлсада босиб ўтаяпмиз муҳими..
Узр, менинг фикрим ва “наҳотки“ларим бошқаларникидан диаметрал фарқланиши мумкин, кимгадир ёқмас, аммо бу мени ракурсим ва муносабатим, озгина оқимга қарши юриш одатим бор.
Шерзодхон Қудратхўжа









