Ўзбекистон делегацияси нафақат ассамблея доирасидаги дебат ва сессияларида иштирок этяпти, шу билан бирга халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда парламентлар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказяпти.
Жумладан, Сенат Раиси Танзила Нарбаева Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт конференцияси Бош котиби Ребекка Гринспан билан учрашди.
Унда Марказий Осиёда илк бор Ўзбекистон мезбонлик қилган Креатив иқтисодиёт бўйича IV Бутунжаҳон анжуманининг юқори савияда ташкил этилганлиги алоҳида эътироф этилди.
Шунингдек, мамлакатимизда креатив иқтисодиётни ривожлантиришга қаратилган кенг кўламли ишлар, соҳани ривожлантириш бўйича қонуннинг қабул қилинишига ҳам тўхталиб ўтилди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг савдо ва тараққиёт конференцияси ҳамкорлигида мамлакатлар ўртасида инновациялар, технологиялар, кадрлар салоҳиятини юксалтириш бўйича тажриба алмашиш масалалари муҳокама этилди.
Шунингдек, халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш мақсадида ижодий технопаркларнинг глобал тармоғини яратишга оид таклифлар юзасидан фикр алмашилди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.