Унди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан 2023 йилдаги фаолияти бўйича ҳисоботи ва 2024 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишлар муҳокама этилди.
Қўмита мажлисида сенаторлар, Қўмита ҳузуридаги Эксперт гуруҳи аъзолари, вазирлик ва идоралар вакиллари ҳамда ОАВ ходимлари иштирок этди.
Мажлис давомида таъкидланганидек, Қўмита аъзолари мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотларнинг қонуний асосларини мустаҳкамлашда парламент назоратини олиб бориш жараёнларида фаол иштирок этди. Кўриб чиқилган ҳар бир қонун ва масала муҳокамасида инсон ҳақ-ҳуқуқларини, юртимиз тараққиётини таъминлаш, ҳудудлар манфаатларини илгари суриш каби жиҳатларига алоҳида эътибор қаратди. Шунингдек, халқаро майдонда давлатимиз имижини яхшилаш, жумладан, парламентлараро муносабатларни ривожлантириш, маҳаллий Кенгашлар фаолиятини кучайтириш каби муҳим йўналишларда иш олиб борди.
Ўтган даврда Қўмитанинг ўтказилган 14 та мажлисида 41 та масала кўриб чиқилди.
«Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Қонун ҳам шулар жумласидандир. Сенат томонидан маъқулланган мазкур Қонун йўлларда фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлашга, йўл ҳаракатини ташкил этишни тўғри ва тизимли йўлга қўйилишига, Давлат бошқаруви ва ваколатли органлар ўртасида самарали ҳамкорлик тизимлари жорий этилишига, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилинишига хизмат қиляпти.
Қўмита ўтган йилда қонунчилик фаолияти билан бирга назорат-таҳлил фаолиятига ҳам алоҳида эътибор қаратди.
Мамлакатимизда ер қаъри участкаларида олтин изловчилар усулида қимматбаҳо металларни қазиб олишда амалдаги қонунчилик нормаларининг ижро этилиши ҳолати юзасидан олиб борилган ўрганишлар натижалари Қўмита мажлисида қизғин муҳокама этилди.
Сенаторлар йил давомида аҳолини ташвишга солаётган, шунингдек мамлакат миқёсида долзарб бўлиб турган муаммоли масалаларни ҳал этиш устида ҳам иш олиб борди. Уларнинг ечимига Ҳукумат, масъул вазирлик ва идоралар эътибори қаратилди.
Бундан ташқари, Қўмита томонидан кўтарилган кўп квартирали уйлар ва аҳоли гавжум бўладиган объектларда фойдаланиладиган лифтлар билан боғлиқ муаммолар Вазирлар Маҳкамаси томонидан ўрганиб чиқилди.
Шу билан бирга, Қўмита томонидан «Uzbekistan Airways» АЖга қарашли чипта сотиш кассалари фаолиятида эскирган бюрократик усуллар ҳамон сақланиб қолаётганлиги, фуқаролар томонидан ўз яқинлари учун чипта сотиб олиш жараёнида улардан фуқаролик паспортининг асл нусхаси талаб этилаётганлиги, асл нусхаси тақдим этилмаганда эса чипта сотилмаётганлиги маълум қилинган эди. Ўз навбатида, Вазирлар Маҳкамаси томонидан мазкур масала билан боғлиқ камчиликлар ва қонунбузарликларга чек қўйиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилди.
Ўтган йил давомида Қўмита аъзолари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 5 437 та мурожаат, шундан 2 373 та мурожаат Сенатда доимий асосда ишловчи сенаторлар томонидан кўриб чиқилди. Жойларда эса жами 4 598 нафар фуқаро қабул қилинди.
Шу билан бирга, Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси аъзолари томонидан тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш борасида парламент назоратининг сенатор сўрови шаклидан йигирма маротаба фойдаланилган.
Бундан ташқари, ўтган 2023 йилда сенаторларнинг қатъиятлилиги билан жойларда аҳолини ичимлик суви билан таъминлаш, ички йўлларни қуриш ва таъмирлаш, электр-энергияси билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш, умуман сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни ҳал этиш борасида ҳам салмоқли ишлар амалга оширилди.
Қўмита мажлисида 2024 йилда амалга оширилиши режалаштирилган ишларга ҳам қисқача тўхталиб ўтилди.
Мажлис сўнггида кўрилган масалалар юзасидан Қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди, деб хабар беради Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати.