Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати маълум қилди.
Қонун билан тезкор-қидирув тадбирлари тизимларининг техник воситаларини республика ҳудудига олиб киришда телекоммуникациялар операторларига солиқ ва божхона имтиёзлари берилмоқда.
Солиқ кодексига киритилаётган қўшимчага мувофиқ эндиликда махсус ваколатли давлат органи томонидан республика ҳудудига олиб кириладиган тезкор қидирув тадбирлари тизими техник воситалари солиқ солишдан озод қилинади ва мазкур техник воситалар солиқ солиш объекти ҳисобланмайди.
Бундан ташқари, Божхона кодексига юқорида кўрсатилган техник воситаларни божхона божини тўлашдан озод қилиш тарзида тариф имтиёзлари берилишини назарда тутувчи қўшимча киритилмоқда.
Шунингдек, ҳарбий хизматни назарда тутувчи бошқа идоралар ҳарбий юклар божхона расмийлаштирувида божхона йиғимини тўлашдан озод қилинмоқда.
Сенаторлар таъкидлаганидек, Қонун белгиланган солиқ ва божхона имтиёзларидан тезкор-қидирув тадбирлари тизимларининг техник воситаларини республика ҳудудига олиб киришда фойдаланиш тартибини янада такомиллаштиришга ҳамда тезкор-қидирув тадбирлари самарадорлигини оширишга хизмат қилади.
Муҳокамадан сўнг Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.