Шихэцзи шаҳри делегацияси билан учрашув бўлиб ўтди

    Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари Шароф Рахманов Шихэцзи (ХХР) шаҳар партия қўмитаси котиби, Шихэцзи шаҳар Халқ конгресси Доимий комиссияси директори жаноб Э Хонгда бошчилигидаги делегация билан учрашди.

    Учрашув аввалида Ш.Рахманов сўнгги йилларда пойтахтимизда амалга оширилган ислоҳотлар ва янгиланишлар ҳақида қисқача маълумот бериб, шаҳар ҳокимлиги меҳмонлар билан ҳамкорликда иш олиб боришга, барча масалаларда кўмаклашишга тайёрлигини билдирди. Шунингдек, меҳмонларга мамлакатимиздаги қулай сармоявий муҳит ҳақида гапириб, хизмат кўрсатиш, саноат, бизнес, ижтимоий ривожланиш ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш истиқболларини айтиб ўтди.

    Шу билан бирга, меҳмонларга амалга оширилиши кутилаётган йирик истиқболли сармоявий лойиҳалар ҳақида батафсил маълумот берилди.

    Э Хонгда самимий қабул учун миннатдорлик билдириб, Шихэцзи шаҳри ҳақида қисқача гапириб берди, делегация таркибидаги компаниялар, уларнинг фаолият соҳаси ҳақида маълумот берди, пойтахтимиз билан ўзаро манфаатли ҳамкорлик қилиш ва шаҳримиз иқтисодиётига сармоя киритишдан манфаатдор эканини билдирди.

    Ҳоким ўринбосари шаҳар ҳокимлиги хитойлик тадбиркорларнинг ташаббусларини қўллаб-қувватлаши ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга ҳар томонлама ёрдам беришга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати.