Бу ҳақда ХХР Раиси Си Цзиньпин Пекинда БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш билан учрашуви чоғида айтиб ўтди.
“Хитой Африканинг тинчлик, барқарорлик, тараққиёт ва тикланишга эришишга ёрдам бериш учун БМТ билан ҳамкорликни кучайтиришга тайёр”, дея унинг сўзларидан иқтибос келтирди Хитой марказий телевидениеси.
Хитой раҳбарининг сўзларига кўра, Пекин Хитой-Африка муносабатларини ривожлантиришга катта аҳамият беради ва қитъа билан ҳамкорликни йўлга қўйишда “Хитойнинг худбин манфаатлари йўқ”.
Гутерришнинг таъкидлашича, “тарихий жиҳатдан Африка мустамлакачиликнинг асосий қурбони бўлган”. “Хитойнинг Африка билан ҳамкорлиги Африкани қийнаётган тарихий адолатсизликларни камайтиришга ва унга тинчлик ва тараққиётга эришишга ёрдам беради”, деди БМТ Бош котиби.
Гутерриш 4-6 сентябрь кунлари Хитой пойтахтида бўлиб ўтаётган Хитой-Африка ҳамкорлиги форумининг 9-саммитида иштирок этиш учун мазкур мамлакатга ташриф буюрди, деб хабар беради tass.ru.