Пойабзал бизнеси вакиллари учун йилига икки марта ташкил этиладиган саноат тадбирининг аҳамияти шундаки мазкур кўргазмада МДҲнинг йирик ритейлерлари ва улгуржи савдо вакиллари иштирок этишидир. Шунингдек халқаро инвестицияларни жалб этиш, соҳадаги сўнги тенденциялар билан танишиш, келгуси мавсум учун йирик ҳажмдаги буюртмалар қабул қилишда айнан ушбу халқаро анжуманнинг ўрни каттадир.
«Euro Shoes Premiere Collection 2022» халқаро кўргазмасининг дастлабки кунида маҳаллий корхоналаримиз Россиянинг «Москва» улгуржи савдо комплекси вакиллари билан музокаралар ўтказди. Мулоқотда мамлакатимиз корхоналари томонидан ишлаб чиқарилган чарм-пойабзал маҳсулотлари, чарм-атторлик буюмларини экспорт қилиш масаласи кўриб чиқилди. Қайд этиш керак, 260 минг метр квадрат майдонни эгаллаган савдо комплексида 50 та йўналиш бўйича 6 500 та савдо дўконлари, омборхоналар, кўргазма маркази, шоу румлар жой олган. Ушбу марказдан йилига 65 минг улгуржи савдо вакиллари маҳсулотларни харид қилади.
Мулоқотда савдо комплекси вакиллари хусусан Самарқанд вилоятида жойлашган «Grand Fayz Baraka» МЧЖнинг мавсумий ва спорт пойабзаллари, шунингдек, маҳаллий корхоналаримизнинг чарм сумкаларига катта қизиқиш билдирди. Шунингдек, уларни сифати ва нархининг уйғунлиги миллий маҳсулотларимизнинг Россия бозоридан тез фурсатда жой олиши таъкидланди. Жорий йил октябрь ойида Тошкентда бўлиб ўтадиган «UzCharmExpo-2022» халқаро кўргазмасида Икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириш билан боғлиқ масалаларни батафсил муҳокама қилиб олишга келишиб олинди.
Шунингдек, Россиянинг «Аналпа» компанияси вакили билан ҳам мулоқот ўтказилди. Мазкур компания таркибида «KEDDO», «BETSY», «CROSBY», «GRUNBERG» брендлари бўлиб, дунё бозори учун ҳар йили янги коллекцияларни тақдим этиши билан ажралиб туради. Россиянинг энг йирик компанияларидан бири саналган «Аналпа» Ўзбекистондан пойабзал маҳсулотлари учун хом ашё, тайёр чармни харид қилишга қизиқиш билдиряпти. Мулоқотда «Hamkor Nur Savdo», «Angren Charm», «Peng Sheng», «Asl Charm» каби тайёр чарм ишлаб чиқарувчи корхоналар маҳсулотларнинг намуналари тақдим этилди. Компания намуналарни техник кўрикдан ўтказгандан сўнг Ўзбекистон билан ҳамкорлик қилиш бўйича шартнома имзолашини маълум қилди. Октябрь ойидаги кўргазмада «Аналпа» компанияси ҳам иштирок этиб, ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади, деб хабар беради «Ўзчармсаноат» уюшмаси матбуот хизмати.
«Euro Shoes Premiere Collection 2022»халқаро кўргазмаси 2 сентябрга қадар давом этади.