Суд тизимида рақамлаштириш кенг жорий қилинади

    Фикр 22 сентябр 2020 8092

    Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида бўлгани каби, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг кафолати сифатида адолатли суд-ҳуқуқ тизимини шакллантириш борасидаги ислоҳотлар изчил давом этмоқда.

    Ўтган давр мобайнида судлар фаолиятини ислоҳ қилиш борасида бир қатор қонун ҳужжатлари қабул қилинди. 2017 йилдан «Ҳаракатлар стратегияси» доирасида Олий суд ва Олий хўжалик суди бирлаштирилиб суд ҳокимияти ягона маъмурий, жиноий фуқаролик ва иқтисодий ишлар бўйича коллегиялардан иборат Олий суд тизими ташкил этилди. Маъмурий ва иқтисодий судлар ташкил қилинди.

    Суд –ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар давом этиб, фуқаро ва тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш чораларини кучайтириш, одил судловни самарали таъминлаш борасида изчил ишлар олиб борилмоқда ва тегишли қарорлар қабул қилинмоқда.

    Замонавий халқаро стандартлар ва илғор хорижий тажрибани инобатга олган ҳолда, шунингдек, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштиришнинг мутлақо янги устувор йўналишларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 майдаги ПҚ-3723-сон Қарори билан Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланди. Ушбу концепциянинг асосий йўналишлари ва вазифаларидан бири этиб жиноят процессининг янги шакл ва тартиб-таомилларини жорий этиш яъни суд-тергов фаолиятида, хусусан «Электрон жиноят иши» ва «масофадан сўроқ қилиш» тизимларини жорий этишда ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланишни таъминлаш этиб белгиланди.

    Шунингдек, Президентимиз томонидан 2020 йил 24 июлда “Судлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва одил судлов самарадорлигини оширишга доир қўшимча
    чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон қабул қилиниб, илғор тажрибалар ва халқаро стандартлар асосида суд тизимини «бир суд – бир инстанция» тамойили асосида шакллантириш вазифалари белгилаб берилди.

    Шу билан бирга, бугунги кунда судларда ишларни кўришда кўпгина вазирлик ва идоралар билан маълумот алмашинуви уларнинг ахборот тизимлари ўзаро интеграция қилинмаганлиги сабабли асосан қоғоз шаклида амалга оширилаётганлиги. Бундан ташқари, судлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорларга кўрсатиладиган интерактив хизматлар етарли даражада эмаслиги, ушбу хизматларнинг турини кенгайтириш бўйича ишларни жадаллаштириш мақсадида, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Суд ҳокимияти органлари фаолиятини рақамлаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди.

    Шуни таъкидлаш керакки, қарор асосида 30га яқин давлат органлари ва идоралар, ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси, Бош вазирининг Тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ахборот тизимларини Олий суднинг ахборот тизимига босқичма-босқич улаш судлар фаолиятини ахборот технологиялари фойдаланган ҳолда ташкил қилишга қаратилгани билан аҳамиятли.

    Қарорга асосан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларига кўрсатиладиган интерактив электрон хизматлар турларини кенгайтириш, ҳар бир мурожаатни кўриб чиқиш жараёнининг онлайн кузатиб борилишини таъминлаш, суд биноларида интерактив хизматлардан эркин фойдаланиш имкониятини яратиш, суд мажлисларида масофадан туриб, мобил қурилмалар ва электрон ҳамкорликнинг бошқа шакллари орқали иштирок этиш имкониятини кенгайтириш, энг асосийси муайян судда кўрилган иш бўйича тарафлар учун суд қарорларини онлайн тарзда олиш имкониятлари яратилади.

    Бундан ташқари жорий йилнинг якунига қадар суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этиш имконини берувчи мобил дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалиётга жорий этиш, жазони ижро этиш муассасаларида махсус хоналарни маҳбусларнинг суд мажлисларида ва суд раҳбарияти қабулларида видеоконференцалоқа режимида иштирок этишлари имконини берувчи ускуналар билан жиҳозлаш чораларини кўриш белгиланган.

    2021 йилнинг 1 октябрдан бошлаб барча иштирокчиларни суд мажлисларининг вақти ва жойи ҳақида «SMS» хабар орқали бепул асосда хабардор қилиш ва 2022 йил
    1 январдан эса суд қарорларини иш бўйича тарафларга онлайн тарзда, уларнинг илтимосномаси бўйича эса қоғоз шаклида тақдим этиш амалиёти жорий қилинади.

    2022 йил 1 январдан бошлаб:

    давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, хўжалик бошқаруви органлари, адвокатлар томонидан судларга даъво, ариза ва шикоятларни фақат электрон шаклда тақдим этиш;

    манфаатдор шахслар томонидан даъво, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш жараёнини онлайн тарзда кузатиб бориш;

    суд мажлиси иштирокчилари томонидан маълумотлар ва ҳужжатларни электрон шаклда юбориш имконини берувчи «Адолат» ахборот тизимлари комплекси жорий қилинади.

    Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, суд тизимида рақамлаштиришни кенг жорий қилиш, судларга жисмоний ва юридик шахсларни мурожаат қилишни янада енгиллаштириш ҳамда одил судлов самарадорлигини ошириш билан бир қаторда, судлар фаолиятини шаффофлигини, очиқлигини таъминлашга ва судлар мустақиллигини янада кучайтиришга хизмат қилади.

    Пўлат Қобилов,

    Тошкент давлат юридик университети

    Ихтисослаштирилган филиали ўқитувчиси

    No date selected
    апрел, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates