Бу борада Сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехининг ўрни ва аҳамияти катта. 2024 йилда ишлаб чиқариш кўрсаткичи 102,94% ни ташкил этди ва амалда 525 000 тонна маҳсулот ишлаб чиқарилди.
Цехда маҳаллийлаштиришнинг имкониятлари ортиб, кўплаб истиқболли лойиҳалар амалга оширилмоқда. Маҳаллий саноатни янада ривожлантириш, ишлаб чиқаришда қўшимча қиймат занжирини яратиш, ички тармоқ ва тармоқлараро саноат кооперациясини кенгайтириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва турларини кўпайтириш муҳим аҳамиятга эга.
"Навоийуран" ДК республикамиздаги ягона табиий уран ишлаб чиқарувчи саноат корхонаси сифатида, ишлаб чиқариш фаолиятидаги зарурий бурғилаш ускуналари, компрессор қурилмалари ва эҳтиёт қисмларга бўлган талаби ортиб бормоқда. Бундай техника ва ускуналар учун импорт ўрнини босувчи маҳсулотларни корхона қувватларида ишлаб чиқариш ёки уларни маҳаллий ишлаб чиқарувчилардан кооперация асосида харид қилиш маҳсулот таннархини камайтириш ва валюта захирасини мустаҳкамлашда муҳим ўрин тутади.
Шу боис, корхонанинг Сульфат кислотаси ишлаб чиқариш цехи қувватларида тайёр маҳсулотлар, бутловчи қисмлар ва материаллар ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш даражасини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Корхонада бу борада қабул қилинган дастур ижроси бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда. Жорий 2025 йил давомида корхонада Маҳаллийлаштириш дастури доирасида 2 та лойиҳа бўйича қиймати 2,9 млрд. сўмлик маҳаллийлаштирилган маҳсулот ишлаб чиқариш режалаштирилган. Ҳозирда сульфат кислотаси ишлаб чиқариш жараёнларида қўлланиладиган совутгичлар ҳамда техник олтингугуртни эритиш печи цех мутахассислари томонидан ишга туширилди. Бундан ташқари, 2025 йил сульфат кислота ишлаб чиқариш тан нархини пасайтириш мақсадида тузилган чора-тадбирга асосан, 22 дона бурғилаш дастгоҳлари учун штангаларга механик ишлов бериш йўли орқали 4 млрд сўмликдан зиёд иқтисодий самара кутилмоқда.
Корхона ички талабидан келиб чиққан ҳолда, эҳтиёжни ички бозорда маҳаллий ишлаб чиқарувчилар томонидан қаноатлантирилиши ортиқча вақт ва харажатларнинг олдини олиш билан бирга, юртимизда янги корхоналар ташкил этилишига ва мавжуд корхоналарни иш ҳажми ва даромадларининг ошишига олиб келади, — дейди цех бош механиги Зиядулла Абдурахманов.
Ҳамкорлик материали