Сариосиё туманининг “Сарижар” маҳалласида яшовчи фуқаро Эркин Тулаков ҳовлиси ҳудудида иссиқхона қуриш учун ер кавлаётган пайтида тахминан ярим метр чуқурликда катта хум гардишига дуч келади.
Қазиш ишларини давом эттириб, ушбу гардиш баландлиги тахминан 1.50-1.60 метр бўлган, бутун сақланган бир дона улкан хум эканлигига гувоҳ бўлади. Топилма юзасидан Сурхондарё вилояти маданий мерос бошқармасига хабар қилинади.
Сурхондарё вилояти маданий мерос бошқармаси ҳамда Термиз археология музейи мутахассислари томонидан ушбу хум атрофида олиб борилган археологик кузатув ишлари натижасида бу ерда яна уч дона хум мавжудлиги аниқланди. Барча хумлар зарар етказилмаган ҳолда қазиб олинди.
Дастлабки ўрганиш натижаларига кўра, хумларнинг икки донаси милодий IX-XIII асрларга, яна иккитаси XIV-XVI асрларга оид эканлиги тахмин қилинмоқда.