Сув танқислигининг хавф оқибатларини қандай юмшатиш мумкин?

    Долзарб 7 август 2023 2907

    1 августдан Қашқадарё ва Сурхондарё, 20 августдан бошлаб эса Тошкент вилоятида сув учун тарифлар оширилишига доир хабарлар ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлди.

    Эътиборли жиҳати, бунга эътирозли фикрлар билан бир қаторда, нархлар ошиши бозор талабларига мослашув, айниқса, сув танқислиги муаммоси тобора кучайиб бораётган айни вазиятда ушбу неъматни асраш, исрофгарчиликнинг олдини олишнинг самарали усули ўлароқ бугунги кун зарурати эканига оид қарашлар ҳам кўп бўлди.

    Дарҳақиқат, глобал иқлим ўзгаришлари дунё бўйлаб қурғоқчилик, атмосфера ҳавосининг ифлосланиши каби қатор экологик муаммоларни юзага келтирмоқда. Ушбу ҳолат ўз навбатида, барча минтақалар, шу жумладан, Марказий Осиёда ҳам музликларнинг кескин қисқариб кетиши, демакки, дарё ҳавзаларига салбий таъсир кўрсатяпти. Мутахассислар прогнозларига кўра, 2050 йилга келиб Сирдарёда сув ҳажми 5 фоиз, Амударёда эса 15 фоизгача камайиши мумкин.

    Бу масаланинг бир жиҳати. Бошқа томондан эса, сув ҳажми камайиб боришига номутаносиб равишда аҳоли сони ўсиши ҳамда ишлаб чиқариш саноати ривожи ҳисобига сувга талаб муттасил ошиб боради. Демак, бундан хулоса қилиш мумкинки, сув танқислиги ва у келтириб чиқариши мумкин бўлган муаммолар кўлами йилдан-йилга кенгайиб бораверади.

    Хўш, бундай вазиятда нима қилмоқ керак? Сайёрамиз бўйича қарийб 1,1 миллиард киши турли даражадаги сув танқислигидан азият чекаётган бир пайтда, ушбу муаммога энг самарали ечим – тежамкорлик ҳисобланади. Негаки, биринчидан, сув захираларини ошириш, яъни тоғлардаги музликлар ҳажмини кенгайтиришнинг имкони йўқ. Борини асраб қолиш эса экологик барқарорликка боғлиқ. Бу, ўз навбатида, кўп вақт – узоқ йиллар талаб этадиган жараён.

    Иккинчидан, сув танқислиги муаммоси билан юзма-юз турибмиз, лекин ҳали ҳам оби ҳаётни исроф қилишда давом этяпмиз. Йўқ, дейсизми? Унда адашасиз, ён-атрофингизга, жилла қурса, яқинларингизнинг сувга муносабатига назар солинг: қанчадан-қанча меҳнат, ресурс ва маблағ эвазига неча босқичда тозаланиб, хонадонимизга олиб келинган тоза ичимлик сувини салқинлик учун ҳовлига то ер лой бўлгунича сепамиз, машинамизни ювамиз, тишимизни тозалаб бўлгунича жумракни ёпмаймиз... Тўғри, бу билан муаммо тугал ҳал бўлмас, лекин ҳаммамиз ҳар ишимизда, ҳар бир соҳада уни тежасак, танқисликнинг олдини олиш мумкин. Ахир доноларимиз “Тома-тома кўл бўлур”, деб бежиз айтишмаган.

    Гап сувдан самарали фойдаланиш, уни тежаш ҳақида борар экан, бу борада энг аввало, эътибор қаратилиши лозим бўлган тармоқ, бу – қишлоқ хўжалиги. Негаки, дунё, шу жумладан, Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида ишлатилаётган сув ресурсларининг энг катта қисми аграр соҳа ҳиссасига тўғри келади – 89,7 фоиз. 5 фоизи эса коммунал хўжалик, 2 фоизи саноат тармоқлари, қолган қисми бошқа тармоқлар ҳиссасига тўғри келади.

    Шу боис, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги экинларини суғоришда сув тежовчи технологиялардан фойдаланишни кенгайтириш, ариқ ва каналларни бетонлаштириш, сув агрегатларини модернизация қилишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

    Пойтахтимизда Сув хўжалиги вазирлиги томонидан ташкил этилган “Келажак учун сувни асранг” мавзуидаги тадбирда ҳам сув тежамкорлигига эришишнинг аҳамияти тўғрисида ўзаро фикр алмашилиб, бу борада амалга оширилаётган ишлар сарҳисоб қилинди.

    Тегишли вазирлик ва идоралар, журналист ва блогерлар, сув тежовчи технологиялар бутловчи қисмларини ишлаб чиқарувчи ва пудратчи корхоналар, кластер ва фермер хўжаликлари вакиллари иштирок этган тадбирда сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш учун кредит олиш шартлари, “Сувчилар мактаби” фаолияти ҳақида атрофлича маълумот берилди.

    – Бугунги кунга қадар жами 473,5 минг гектар майдонда томчилатиб, 44,7 минг гектарда ёмғирлатиб, 18 минг гектарда дискрет, 133,9 минг гектар майдонда бошқа сув тежовчи суғориш тизимлари жорий қилинди, – дейди Сув хўжалиги вазири ўринбосари Рустам Қаршиев. – Шунингдек, 569 минг гектар экин майдони лазер ускунаси ёрдамида текисланди. Натижада сув тежалишига эришилган ер майдони ҳажми 1,2 миллион гектарга ёки умумий майдонга нисбатан 28 фоизга етказилди. Шу тариқа мавжуд сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлиги йил сайин ортиб бормоқда.

    Халқаро экспертларнинг фикрича, Ўзбекистон нисбатан қисқа вақт ичида суғориш сувидан тежамкорлик билан фойдаланиш борасида сезиларли натижаларга эришяпти.

    Яқинда Euronews хорижий оммавий ахборот воситаси юртимизда сув тежамкорлиги бўйича амалга оширилаётган самарали лойиҳалар ҳақида мақола чоп этди.

    Мақолада қайд этилишича, сув танқислиги кузатилаётган ерларда амалга оширилган йирик инфратузилма лойиҳаси сув исрофини камайтириш орқали қишлоқ хўжалигида суғоришни яхшилаш, шунингдек, электр энергияси истеъмолини камайтириш ва экинлар ҳосилдорлигини ошириш имконини берди.

    “Жанубий Қорақалпоғистонда сув ресурсларини бошқаришни яхшилаш” лойиҳаси доирасида реконструкция қилинган “Бўстон” канали сув йўқотилишини кескин камайтиришга замин яратмоқда.

    — Бу ерларда чор-атроф кўчма қумтепалардан иборат, — дейди лойиҳа раҳбари Азат Сержанов. — Шунинг учун ҳам сувнинг 50 фоизи ерга сингиб кетади. Бундай катта йўқотишнинг олдини олиш мақсадида канални бетонлаштиришга қарор қилдик.

    Маълумки, Бўстон канали қайта қурилишдан олдин тупроқли ўзан бўлгани боис катта миқдордаги обиҳаёт тупроққа сингиб кетарди.

    Канал иккиламчи каналлар тармоғи билан ҳам боғланган — уларнинг умумий узунлиги 800 километрдан зиёдни ташкил этади. Лойиҳа доирасида учта вилоят ва 100 минг гектар қишлоқ хўжалиги ерларига сув етказиб берадиган каналларнинг барчаси реконструкция қилинди. Сув сизишидан юзага келадиган йўқотишларни бартараф этиш учун 70 километр узунликдаги Бўстон канали махсус материал — геомембранага ётқизилган бетон билан қопланди.

    Натижада сув йўқотишларни камайтириш орқали тахминан 300 миллион метр куб сувни тежаш ҳамда айланмадан чиққан 35 минг гектар суғориладиган ерни қайта фойдаланишга киритишга эришилиши кутилмоқда.

    Илгари сув далаларга насос станциялари — йирик давлат ва кичик фермер хўжаликлари ёрдамида етказиб бериларди. Лойиҳа доирасида Бўстон канали туби иккинчи даражали каналлар ва суғориладиган далалардан баландроққа кўтарилди. Ва энди оғирлик кучи қонуни туфайли сувнинг ўзи керакли жойга оқиб боради. Бу давлат ва фермерларга ҳар йили электр энергиясидан тахминан 3 миллион доллар тежаш имконини беради.

    400 дан зиёд фермернинг насослари, шунингдек, давлат бюджети ҳисобидан ишлайдиган 20 та кичик ва 3 та йирик насос станцияси олиб ташланиши ҳисобига иссиқхона газлари, карбонат ангидриднинг атмосферага чиқиши камаяди, газ сарфи эса 36 минг метр кубга қисқаради.

    Тадбирда сувнинг қадри ва қиймати йил сайин ошиб бораётгани, обиҳаётдан фойдаланиш маданиятини тезроқ ўзгартириб, сувни тежашга тўлиқ ўтиш давр талаби эканига алоҳида эътибор қаратилди.

    – Қишлоқ хўжалиги соҳасида сувдан самарали фойдаланишга эришишда “Сувчилар мактаби” ташкил этилгани айни муддао бўлди, – дейди Сув лойиҳалари маркази директори ўринбосари Музаффар Ҳайитбоев. – Мазкур ўқув курси фаолияти Президентимиз ташаббуси билан Сув хўжалиги вазирлиги, “Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институти” миллий тадқиқот университети ва “Агробанк” АТБ ҳамкорлигида йўлга қўйилган. Фермер хўжаликлари раҳбар ва сувчилари, сув хўжалиги ходимлари бугунги кунда соҳада қўлланилаётган инновацион технологиялар, ривожланган хорижий мамлакатлар амалиётига жорий этилаётган янги билим ва кўникмаларни эгаллаган ҳолда, ўз фаолиятини такомиллаштириб, сувдан самарали фойдаланиш орқали юқори ҳосилдорликка эришиши ўқув курсининг асосий мақсади ҳисобланади.

    Эътиборли жиҳати, дарсларда рўйхатдан ўтиб, текин иштирок этиш мумкин. Дарслар маҳаллий ва туркиялик мутахассислар томонидан олиб борилмоқда. Шу вақтга қадар 60 минг фермер, 4 минг махсус мироблар, минг нафар банк ходими ўқишга жалб қилинди. 84 туманда 24,5 мингга яқин тингловчи ўқитилди.

    – Қишлоқ хўжалигида сувдан тўғри фойлаланиш, уни майдонларга тенг тақсимлаш ва ҳосилдорликни оширишда энг яхши самара берадиган усул, бу – сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш ҳисобланади, – дейди туркиялик мутахассис Мавлуд Айден. – Биласизми, Туркияда ҳам сув муаммоси мавжуд ва айнан шунинг учун ҳам юртимизда мана шундай техникалардан бир неча йиллардан бери фойдаланиб келинади. Асосийси, бу усул аллақачон амалиётда яхши натижалар билан ўзини оқлаган. Фақат буни тўғри йўлга қўйиш ва қандай фойдаланишни билсангиз бас.

    Дарҳақиқат, сув тежовчи технологиялардан фойдаланиш сув тежамкорлигига эришишнинг энг самарали ечимларидан бирига айланди. Бинобарин, томчилатиб суғоришда сув тўғридан-тўғри маданий ўсимликлар ва экинларнинг илдиз қисмига кичик миқдорда етказиб берилади. Сув ва бошқа ресурсларни (ўғитлар, меҳнат харажатлари, энергия ва қувурлар) сезиларли даражада тежаш имконини беради. Шунингдек, бу суғориш усули эрта ҳосил етиштириш, тупроқ эрозиясининг олдини олиш, касалликлар ва бегона ўтларнинг тарқалиш эҳтимолини камайтириши билан аҳамиятлидир.

    Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    ноябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    Use cursor keys to navigate calendar dates