Ўзаро мулоқотимизда “сув текин”, деган ибора бор. Бу одатда, бирор турдаги маҳсулотнинг баҳоси ўтган йилларга ёки таннархига нисбатан анча паст экани, арзонлиги учун қўлланилади. Бошқача айтганда эса, ушбу ибора моҳиятан қадрсизликни англатади. Қайсидир маънода қадрсизлик ёки арзончиликка нисбат ўлароқ “текин”га эга сифатида сув танланганидан англашиладики, яқин ўтмишда ҳам сув танқислиги билан боғлиқ ҳозиргидек муаммо бўлмаган.
Қанақа муаммо дейсизми? Маълумотларга кўра, юртимизда сўнгги 15 йилда ёғингарчилик миқдори 25 фоизга қисқарган. Ўз навбатида, дарё ва сойлар, ер ости сувларининг асосий тўйиниш манбаи ҳисобланган ушбу табиат ҳодисаси туфайли тақчиллик ҳам ортиб боряпти. Масалан, 2023 йил вегетация даврида мутахассислар сув ресурслари ҳажми кўп йиллик меъёрга нисбатан Сирдарё ҳавзасида 10 — 15 фоиз, Амударё ҳавзасида эса 15 — 20 фоизга кам бўлишини қайд этишмоқда.
Сув танқислиги билан боғлиқ вазият фақат Ўзбекистон ёки минтақамизга тегишли ҳолат эмас, балки глобал муаммодир. Кўлами шу даражадаки, дунё экспертлари сув келажакда ҳозирги нефть маҳсулотлари каби, ҳатто ундан ҳам қиммат ресурсга айланишини тахмин қиляпти.
Хўш, мутахассисларнинг ушбу прогнози қанчалик асосли? Аввало шуни қайд этиб жоизки, келажакда замонавий илм-фан тараққиёти самараси ўлароқ, инсон организми учун сувнинг муқобили яратилган тақдирда ҳам, сувсизликдан саҳрога айланган сайёрада тириклик аломатлари кескин камаяди.
Энди, мана шундай хавотирли келажакка сабаб бўлиши мумкин бўлган тақчилликнинг ортиб бориши масаласига келадиган бўлсак, афсуски, бу борадаги факт ва келажак прогнозлари юқоридаги тахминга ишора қилади. Жумладан, БМТ Жаҳон чўлланиш ва қурғоқчиликка қарши кураш ташкилотининг ўтган йили эълон қилган баёнотига кўра, 2050 йилга келиб қурғоқчилик дунё аҳолисининг тўртдан уч қисмидан кўпроғига таъсир қилади. Жаҳон табиий ресурслар институти (World Resources Institute) ва Британиянинг “Economist Intelligence Unit” ташкилоти тадқиқотларига кўра эса, 2040 йилга бориб сув танқислигига энг кўп учраши тахмин қилинаётган 33 давлат орасида Марказий Осиё мамлакатлари, хусусан Ўзбекистон ҳам бор.
Бу албатта, айни пайтдаги сув захиралари, ундан фойдаланиш ҳолати, мавжуд иқлим шароитидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилинаётган прогнозлар. Модомики, келажакда сув танқислиги билан боғлиқ муаммолар шу қадар хавотирли экан, эътиборли жиҳати, бугундан бошлаб унинг олдини олиш, оқибатларини юмшатиш, кўламини камайтириш борасида зарур чоралар кўриш учун вақт бор.
Шунинг учун ҳам мамлакатимизда табиат мусаффолигини таъминлаш, шу жумладан, Орол денгизининг қуриган қисмида экологик барқарорликни тиклаш, шаҳарлар атрофини “яшил белбоғлар” билан муҳофаза қилиш, янги боғлар барпо этиш, шу билан бир қаторда, сувдан самарали фойдаланишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Биргина сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш йўналишини оладиган бўлсак, 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида 7 миллиард куб метр сувни тежаш вазифаси белгилангани ҳам фикримизни тасдиқлайди.
Сув ресурсларини тежаш, ундан мақсадли ва самарали фойдаланишда сув тежовчи технологиялар алоҳида аҳамиятга эга. Хўш, бу борада юртимизда қандай ишлар амалга оширилмоқда?
Сув хўжалиги вазирлиги томонидан оммавий ахборот воситалари учун Жиззах вилояти Зомин туманига ташкил этилган пресс-турда айни саволга жавоб берилиши билан бир қаторда, вилоятда сув тежовчи технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар билан яқиндан танишиш имкони яратилди.
Пресс-тур иштирокчилари дастлаб “Жиззах органик” хорижий корхонаси фаолияти билан танишди. Чорвачиликка ихтисослашган мазкур кластер фермасида бугунги кунда 10 мингдан ортиқ қорамол ва 3,5 мингдан ортиқ қўй боқиляпти.
Корхонанинг чорва озуқаси етиштириш учун 10 минг 700 гектар ер майдони бор. Кластер масъулларининг маълум қилишича, мазкур ер майдонлари, умуман олганда эса, Даштобод шаҳарчасига туташ ҳудудларда сув нисбатан бироз танқис ҳисобланади. Шунинг учун “Жиззах органик”га қарашли 1 минг 300 гектарда ёмғирлатиб суғориш усули жорий этилган.
– АҚШнинг “Валлей” компанияси томонидан ишлаб чиқарилган мазкур ёмғирлатиб суғориш технологиялари жуда самарали, – дейди корхона муҳандиси Улуғбек Маматқулов. – Чорвабоп озуқалар – беда, маккажўхори ҳамда ғаллани суғориш учун 20 дан ортиқ шундай техника олиб келинган. Уларнинг ҳар бири бир кунда 40 гектаргача экинни суғориш имконини беради. 3 йилдан буён 12 комплекти суғоришда фойдаланилмоқда. Бу – улар орқали кунига қарийб 500 гектар экинни суғориш мумкинлигини англатади.
Замонавий суғориш технологияларининг афзаллигига тўхталадиган бўлсак, аввало, унинг катта сув тежаш хусусиятини қайд этиб лозим. Айтайлик, авваллари 1 гектар ерга 900 литр сув сарфланган бўлса, бугунги кунда ёмғирлатиб суғориш орқали эса бу кўрсаткич 100—150 литрни ташкил этмоқда. Қолаверса, экинни озиқлантириш ҳам шу усул орқали бўлгани учун минерал ўғит, ёнилғи ҳамда иш кучи сув сарфи каби каррасига тежалади. Яна бир муҳим жиҳати, сув ва ўғитнинг экин илдизига манзилли етказилиши ҳисобига ҳосилдорлик 20 центнер ошади.
Корхона томонидан экин майдонларини вегетация даврида ҳам барқарор суғориш мақсадида сув ҳовузи ташкил этилган. Бўйи 200, эни 300, баландлиги 6 метрни ташкил этувчи мазкур иншоотда 300 дан 500 минг метр кубгача сув йиғилади. Бу – бир вақтнинг ўзида 600 гектар ерни суғориш имконини беради.
Кейинги манзил Зомин шаҳрига туташ ҳудудда жойлашган “Мароқанд мева-сабзавот” масъулияти чекланган жамияти бўлади. Жамиятга қарашли боғнинг умумий майдони 120 гектар бўлиб, олманинг фужи, гала каби 5 хил экспортбоп нави парваришланмоқда. Исроил ва Туркия компанияларининг замонавий томчилатиб суғориш технологияси жорий этилган боғ бугунги кунда тўлиқ ҳосилга кирган.
– Боғ барпо этилишидан аввал бу жойлар қаровсиз лалми ерлар эди, –дейди боғ агрономи Улуғбек Маматов. – Юртимизда ҳам томчилатиб суғориш усули оммалаша бошлагач, бу ерларда боғ яратдик ва уни суғориш учун шу йўналишдаги технологияларни жорий этдик. Бунинг учун 5 минг метр куб сиғимга эга ҳовузимиз ҳам бор. Боғдорчилик йўналишидаги фермерлар, ҳамкасбларим, ҳатто баъзан, ушбу йўналишдан йироқ бўлган юртдошларимиз ҳам бу усулнинг самарали томонларини сўрайди. Гап шундаки, аввало, интенсив боғларда ҳосилдорлик анъанавийга нисбатан 70–80 фоизгача юқори бўлади. Ҳозир 5 ёшли боғимизнинг ҳар гектаридан ўртача 18 тоннадан ҳосил оляпмиз ва олманинг асосий қисмини қўшни давлатларга экспорт қиляпмиз. Қолган қисмидан қўшилган қиймат яратиш, яъни қайта ишлаш орқали шарбат ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Келгусида ушбу йўналишни ривожлантириб, маҳсулотларни тўлиқ қайта ишлашни режалаштирганмиз.
Томчилатиб суғоришга келадиган бўлсак, сувни 10 баробаргача иқтисод қилиши билан бирга, ўғит, ёнилғи ва меҳнат кучини ҳам сезиларли тежайди. Демак, таннархни камайтириш ҳисобига даромад ошади.
Шу ўринда, модомики сув тежовчи технологияларнинг афзаллик томонлари кўп экан, нима учун у юртимизда кенг оммалашиб кетмагани хусусидаги савол билан мутахассисга юзландик.
– Бу аввало, ушбу йўналишнинг нисбатан янги экани билан боғлиқ, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги мутахассиси Музаям Барноева. – Ҳали кўпчилик фермерларимиз тасаввурида ушбу технологиялар жуда қиммат, бизнинг имкониятимиз етмайди, деган қарашлар мавжуд. Уларнинг қарашларида маблағ масаласи устувор бўлгани учун, кўп ҳолларда бундай технологияларнинг самараси ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайди. Ваҳоланки, бугунги кунда айтайлик, 1 гектарга томчилатиб суғориш технологияларини ўрнатиш 20 дан 25 миллион сўмгача бўлади. Шунинг 8 миллиони давлатимиз раҳбарининг тегишли қарорига мувофиқ, субсидия ҳисобидан қоплаб берилади. Барибир қиммат, қолгани ҳам ўртача 15 миллион сўм бўлар экан, дейишга шошилманг. Чунки биринчидан, бу усулда ҳосилдорлик 20 центнергача ошади, қолаверса, сув, минерал ўғит, ёнилғи ва ишчи кучидан ҳам яхшигина тежалади. Демак, қўшимча ҳосил ва тежалган маблағ 15 миллион сўмнинг асосий қисмини қоплайди.
Дарҳақиқат, Президентимизнинг 2023 йил 1 апрелдаги “Сув ресурсларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан жорий ёзги суғориш мавсумида кутилаётган сув танқислиги шароитида қишлоқ хўжалиги экин майдонлари ва иқтисодиёт тармоқларини сув билан барқарор таъминлаш ҳамда мавжуд сув ресурсларидан самарали фойдаланиш бўйича устувор вазифалар белгилаб берилди.
Қарорга мувофиқ, сув тежовчи технологияларни жорий қилишни рағбатлантириш тартиби сақлаб қолингани ҳолда, 2023 йил 1 апрелдан бошлаб ушбу тизимни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг янги тартиби белгиланди. Жумладан, тижорат банклари кредитларининг гаров таъминоти 50 фоизгача, бироқ 2,5 миллиард сўмдан ортиқ бўлмаган миқдорда Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси кафиллиги асосида таъминланади. Миллий валютада ажратиладиган, фоиз ставкаси Марказий банк асосий ставкасининг 1,5 бараваридан ошмаган кредитлар бўйича фоиз ставкасининг асосий ставкадан ошган, бироқ асосий ставканинг 30 фоизидан кўп бўлмаган қисмини қоплаш учун Тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш давлат жамғармаси ҳисобидан компенсация тақдим этилади.
Умуман олганда, бугунги кунда юртимиз бўйлаб сувдан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида йирик лойиҳалар амалга оширилаётгани, шу жумладан, сув тежовчи технологиялар ўрнатишни оммалаштириш давлатимиз томонидан ҳар томонлама қўллаб-қувватланаётгани қувонарли, албатта. Бинобарин, эътибор ва рағбат эвазига ҳудудларда сувни тежаш борасида ижобий натижаларга эришилмоқда. Буни биргина Жиззах вилоятида қўлга киритилаётган натижалар мисолида ҳам кўриш мумкин.
Жумладан, вилоятда сув тежовчи технологияларни жорий қилиш ҳисобига ўтган йили 25 миллион 300 минг метр куб сув иқтисод қилинган. Сувчи-муроблар жорий йил бу кўрсаткични қарийб 60 миллион метр кубга етказишни режа қилган.
– Бугунги кунга қадар Жиззах вилоятида мавжуд жами 265 минг гектар суғориладиган ер майдонининг 74 минг гектарида сув тежовчи технологиялар жорий қилинган, – дейди Сув хўжалиги вазирлиги Сирдарё – Зарафшон ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бошлиғи ўринбосари Бахтиёр Раҳматов. – Бу йил эса яна 34 минг 744 гектарда ана шундай технологияларни қўллаш режа қилинган. Ҳозир бу борада бир қисм ускуналарни импорт қилиш, қолган қисмини маҳаллийлаштириш ҳисобидан қоплаш, фермер хўжаликлари ва ишлаб чиқарувчилар ўртасида шартномалар тузиш каби ташкилий ишлар амалга оширилмоқда. Умуман олганда эса, 2030 йилгача суғориладиган ер майдонларида тўлиқ сув тежалишига эришишни мақсад қилганмиз.
Очиғи, юқорида қайд этиб ўтилган таҳликали хавотирлар олдида бу каби амалий ишлар кўнгилга хотиржамлик улашади. Зеро, тежамкорлик кўлами қанчалик катта бўлса, самарадорлик ҳам шунга яраша салмоқни ташкил этади. Бу эса ўз навбатида, оби-ҳаёт танқислиги билан боғлиқ мураккаб вазиятларнинг салбий оқибатларини юмшатиши билан янада аҳамиятлидир.
Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири