Тараққиёт қурилишдан — пойдевор яратишдан бошланади

    Мамлакатимизда инвестицион муҳитни янада яхшилаш ва тадбиркорлик фаолиятини жадал тараққий эттиришга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар давом этмоқда. Улар таркибида иқтисодий-ижтимоий жараёнларнинг ривожланиши учун асосий пойдевор ҳисобланган қурилиш соҳасига ҳам катта эътибор қаратилаётир.

    Қурилиш фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва ташкилотлар сони сўнгги йилларда ошиб бориши самарали ислоҳотлар натижаси сифатида намоён бўляпти. Юртимизда 2014 йилнинг 1 январь ҳолатига 18 минг 618 та қурилиш корхона ва ташкилоти фаолият юритган бўлса, 2023 йилнинг 1 январь ҳолатига келиб улар сони 46 минг 971 тага етди.

    Олиб борилаётган ислоҳотларнинг натижалари бўйича маълумотлар тезкорлик ва шаффофлик билан статистик рақамларда ҳам ўз ифодасини топяпти. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, статистика амалиётида қурилиш ишлари ҳажми – молиялаштиришнинг барча манбалари ҳисобидан турар жой ва нотурар жой бинолари ҳамда муҳандислик иншоотларининг янги объектлари қурилиши, капитал ва жорий таъмирлаш, реконструкция, модернизация қилиш бўйича асосий, тўғридан-тўғри ва субпудрат шартномалари асосида бажарилган қурилиш-монтаж ишлари ҳамда бошқа пудрат ишлари қиймати сифатида ҳисоб-китоб қилиб борилади.

    Статистик рақамларга эътибор қаратадиган бўлсак, қурилиш ишлари ҳажми 2010 йилда 8 триллион 245,8 миллиард сўм, 2015 йилда 25 триллион 423,1 миллиард сўм, 2020 йилда 88 триллион 130,3 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2022 йилга келиб 130 триллион 767,1 миллиард сўмга етди. Йиллар бўйича таҳлил қилинганда, қурилиш ишлари ҳажми йилига ўртача 10 триллион 210,1 миллиард сўмдан кўпайиб борганини кўриш мумкин.

    Қурилиш соҳасининг мамлакатимиз иқтисодиёти ривожланишидаги ўрни ҳам мустаҳкамланиб бормоқда. Иқтисодиётимизнинг ҳолатини акс эттирувчи асосий кўрсаткич – ялпи ички маҳсулот ҳажми 2022 йилда 888 триллион 341,7 миллиард сўмга тенг бўлди ва унинг таркибида қурилиш соҳасининг қўшилган қиймати улуши 6,7 фоизга етди.

    Таққослаш учун: Ўзбекистонда қурилиш фаолияти қўшилган қийматининг республика ялпи ички маҳсулотидаги улуши 2010 йилда 5,4, 2015 йилда 5,7 ва 2020 йилда 6,7 фоизни ташкил этган эди.

    Кўриниб турибдики, ушбу соҳанинг иқтисодиётимиздаги ўрни ошиб бормоқда. Инвестиция ва қурилиш фаолияти натижасида яратилган қувватлар, ижтимоий соҳа объектлари республика иқтисодиётининг янада ўсишига замин яратмоқда.

    2017 йилдан мамлакатимизда барча соҳаларда тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётни либераллаштиришга қаратилган ислоҳотларнинг янги босқичи бошланди. Қурилиш тармоғи бўйича ҳам шу йилдан бошлаб ҳажмнинг ортиб боргани, яъни 2017 йилдаги ЯИМдаги қурилиш ишларининг қўшилган қиймати улуши 5,4 фоиздан 2022 йилга келиб 6,7 фоизга кўтарилгани эътиборни тортади.

    2023 йилнинг январь–апрель ойларида Ўзбекистонда 41,7 триллион сўмлик қурилиш ишлари бажарилган. Унинг ҳажми 2022 йилнинг мос даврига нисбатан 4,6 фоизга ошган.

    Ҳудудлар кесимида қурилиш фаолияти таҳлил қилинганда, яратилган инфратузилмалар, аҳоли сони ва талабнинг юқорилигидан келиб чиққан ҳолда, Тошкент шаҳрида энг кўп қурилиш ташкилотлари фаолият олиб бормоқда. 2023 йил 1 январь ҳолатига улар республикада фаолият юритаётган жами қурилиш ташкилотларининг 20,5 фоизини ёки 9 минг 584 тани ташкил этган. Улар томонидан 2022 йилда бажарилган бунёдкорлик ишлари ҳажми эса мамлакатимиздаги жами қурилишларнинг 24,4 фоизига тенг бўлган.

    Ундан кейинги ўринда Тошкент вилояти туради. Мазкур ҳудудда республиканинг 8,8 фоиз ёки 4 минг 108 та қурилиш корхона ва ташкилоти фаолият юритиб, улар томонидан республиканинг 9,3 фоиз қурилиш ишлари бажарилган. Қолган ҳудудларда қурилиш корхона ва ташкилотлари улуши 3,6 дан 8,4 фоизгачани ташкил этиб, бажарилган бунёдкорлик ишлари ҳиссаси 2,5 дан 6,7 фоиз оралиқни қамраб олган.

    2023 йилнинг дастлабки тўрт ойида амалга оширилган жами қурилиш ишлари ҳажмида Тошкент шаҳри (23,9 фоиз) ва Тошкент вилояти (9,3 фоиз) пешқадамлик қилган бўлса, кейинги ўринларни Фарғона (6,4 фоиз), Самарқанд ( 6,1 фоиз) ва Қашқадарё (6 фоиз) вилоятлари эгаллаган.

    Қурилиш ишлари аҳоли сонининг ўзгариши билан қиёсланса, 2010 йилда аҳоли жон бошига ҳисобланган бунёдкорлик ишлари ҳажми 288,7 минг сўмга тенг бўлса, 2022 йилга келиб у 3 миллион 668,3 минг сўмга етган. Унинг реал ўсиши 2022 йилда 6,6 фоизга ошди. Мазкур йилдаги ҳажм 2010 йилга нисбатан реал ўсиш суръати 4 марта, 2015 йилга нисбатан эса 2 марта кўпроққа ўсди.

    Яна бир эътиборли жиҳати, қурилиш ишларининг асосий қисми янги объектларни барпо этишга қаратилгани билан ажралиб туради. Республика бўйича бунёдкорлик ишларидаги янги қурилишларнинг улуши йиллар давомида 70–80 фоиз атрофида бўлиб келмоқда. Бу эса иқтисодиётимиз ривожланишида, энг аввало, янги қувватлар, ижтимоий-иқтисодий аҳамиятга эга инфратузилмалар, объектларни барпо этиш орқали ишлаб чиқариш салоҳиятини оширишга, мамлакат ижтимоий ҳолатини яхшилашга катта урғу берилаётганидан далолатдир. Бундай жараён ривожланаётган давлатларга хос ҳолат ҳисобланади.

    Янги қурилишлар натижасида барпо этилаётган барча тармоқдаги объектлар мамлакатимиз ривожланишига катта ҳисса қўшмоқда. Бунда ижтимоий соҳа объектлари алоҳида ўрин эгаллайди. Жумладан, аҳоли сонининг ўсиб бориши тенденциясига эга бўлган юртимизда аҳолининг уй-жой билан таъминланганлиги муҳим аҳамият касб этади. Бу йўналишда мамлакатимиз бўйича 2022 йилда жами 75,9 минг хонадонга мўлжалланган 14189 минг квадрат метр турар жойлар фойдаланишга топширилди. Маълумот учун, 2010 йилда 75,2 минг хонадонга мўлжалланган 8859,2 минг квадрат метр, 2015 йилда 88,2 минг хонадонга мўлжалланган 12052,7 минг квадрат метр ва 2020 йилда 86,3 минг хонадонга мўлжалланган 12867,9 минг квадрат метр турар жой фойдаланишга топширилган эди. Умуман олганда, сўнгги 10 йилда жами 994,2 минг хонадонга мўлжалланган 137323,4 минг квадрат метр турар жой фойдаланишга топширилган.

    Турар жойлар барпо этиш бўйича 2022 йилда Наманган вилояти етакчилик қилди. Ҳудудда 10,2 минг хонадонга мўлжалланган 1399,8 минг квадрат метр турар жой қад ростлади. Шунингдек, Тошкент (7,6 минг хонадонга мўлжалланган 1593,2 минг квадрат метр) ва Сурхондарё (7,4 минг хонадонга мўлжалланган 1289,2 минг квадрат метр) вилоятларида ҳам нисбатан баланд кўрсаткичлар қайд этилди.

    Соғлиқни сақлаш соҳасига тегишли бўлган объектлардаги касалхона ва поликлиникалар бўйича таҳлил қиладиган бўлсак, охирги 10 йилда жами 79 минг 427 ўринга мўлжалланган касалхоналар ҳамда 114 минг 936 қатновга мўлжалланган поликлиникалар фойдаланишга топширилган. Коммунал хўжалиги бўйича охирги 10 йилда 37 минг 577,5 километр узунликдаги сув қувурлари ва 3 минг 409,1 километр узунликдаги газ тармоқлари тортилган.

    Мамлакатимизда бир вақтнинг ўзида бошланган энг йирик қурилиш бу Тошкент шаҳридаги “Tashkent city” халқаро ишбилармонлик марказининг бунёд этилаётганидир. Унинг майдони 80 гектар бўлиб, унда бизнес, турар жой ва кўнгилочар биноларни ўз ичига олувчи ишбилармонлик ҳудуди яратилмоқда.

    Шунингдек, юртимизнинг туристик салоҳияти юқорилиги сабабли ушбу йўналишда ҳам кенг кўламли қурилишлар олиб борилаётганини алоҳида қайд этиш лозим. Бу жиҳатдан Самарқанд вилоятидаги Самарқанд халқаро аэропортининг янги терминали, Имом Бухорий мажмуаси ҳамда “Silk road Samarkand” туристик марказининг қурилиши эътиборга молик. Биргина “Silk road Samarkand” туристик маркази мажмуасидаги хотеллар, халқаро конгресс маркази, “Боқий шаҳар” мажмуаси турли халқаро анжуманлар ўтказиш, хорижлик ва маҳаллий сайёҳларни жалб қилишда катта ўрин тутади.

    Нефть ва газ, энергетика, кимё ва тоғ-кон саноатларида амалга оширилган йирик лойиҳалардан Сургил конларини ўзлаштириш билан унинг асосида Устюрт газ-кимё мажмуасининг қурилиши, Кандим конлари, Хаузак ва Шоди конларини ўзлаштириш ва замонавий газни қайта ишлаш заводининг барпо этилиши, Ўзбекистон – Хитой газ тармоғи, Ангрен–Поп темир йўл линияси, Шўртан газ-кимё мажмуасида тозаланган метан асосида суюлтирилган синтетик ёқилғи ишлаб чиқаришни ташкил этиш, Тўрақўрғон иссиқлик электр станцияси ва бошқа кўплаб шундай иншоотлар, цемент ва бошқа қурилиш материалларини ишлаб чиқариш заводларини мисол сифатида келтириш мумкин. Уларнинг ишга туширилиши мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига катта ҳисса қўшмоқда.

    Мухтасар айтганда, ҳозирги кунда амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари келажакда кўп тармоқли иқтисодиётни ривожлантиришда индикатор вазифасини бажаради. Архитектура ва қурилиш соҳасини бошқаришнинг самарали механизмларини жорий этиш, ҳудудларнинг замонавий қиёфасини шакллантириш, ҳаёт ва тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга қаратилган шаҳарсозлик фаолиятини сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш бугунги куннинг устувор вазифасига айланиб бормоқда.

    Гап қурилиш соҳасидаги бунёдкорлик ишлари таҳлили ҳақида борар экан, миқдорий ривожланишдан сифат жиҳатидан тараққиётга ўтишда бир қатор муҳим жиҳатларга эътибор бериш лозим бўлади. Жумладан, биринчидан, бизнес муҳитини яхшилаш, инвесторлар учун янада кенг имкониятлар ва жозибадорликни яратишга қаратилган ислоҳотларни кенгайтириш, иккинчидан эса, ишбилармонлик фаолияти, шу жумладан, қурилиш фаолиятини олиб бориш учун республиканинг барча ҳудудларида инфратузилмаларни яхшилашга қаратилган чора-тадбирларни янада кучайтириш талаб этилади.

    Шунингдек, қурилиш ишларида сифат меъёрларига риоя қилинишини назорат қилишни янада яхшилаш, қурилиш материаллари ишлаб чиқарилишини янада кенгайтириш ҳамда уларнинг сифат жиҳатидан халқаро рақобатбардошлигини таъминлаш, бундан ташқари, қурилиш ишлари сифатини ошириш зарур.

    Зеро, ҳар қандай иқтисодий-ижтимоий фаолият қурилишдан бошланади, айниқса, ривожланаётган давлатларда бу яққол намоён бўлади.

    Жавлон СОИПОВ,

    Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги

    Статистика агентлигининг инвестициялар ва қурилиш

    статистикаси бошқармаси бошлиғи ўринбосари

    No date selected
    декабр, 2025
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates