Тараққиёт тонгги

    Дунёдаги халқлар, давлатлар ривожида янги куннинг бошланиши ҳамиша файзли ва тароватли.

    Субҳидам... Зулмат пардалари аста-секин сурилиб, олам ёруғликка чулғана бошлайди. Осмонда оқ кемалардек сузиб юрган парқу булутлар орасидан аста юз очаётган қуёш нурлари бора-бора ёрқинлашиб, бутун оламни нурафшон этади. Она замин узра гиламдек тўшалган яшил майсалардан то гуркираб барқ ураётган, қушларнинг чуғури тутиб кетган қадрдон боғлар, осмонга бўйлашиб, янги кунга таъзим қилаётган азим чинорлар, бағрида қизғалдоқларни аллалаб, уфққа қадар ястаниб ётган қир-адирлару мағрур паҳлавонлардек кўкрак кериб турган, содиқ дўстнинг елкасидек пурвиқор тоғларгача шу офтобнинг нуридан баҳра олади. Заминдан ўз ризқини тераётган чумолидан тортиб, инсониятга қадар шу нурга, ёруғликка интилиб яшайди. Япроқлар юзига қўнган биллур шудринглар ҳам қуёш жилоси олдида томчиларга айланиб тўкилади, кундуз тантанаси олдида бутун коинот бош эгади.

    Тонг отар. Лоларанг уфқда кўзим,

    Сукут оғушида тин олар қуёш.

    Ушбу сатрларда ҳам Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Эркин Воҳидов тонгни энг нафис сўзлар билан тараннум этар экан, кўз ўнгимизда сукут оғушида тин олаётган қуёш тимсолида тинчлик сурури билан хотиржам яшаётган одамлар ҳаёти, сокин кўчалар, қадрдон маҳаллалар гавдаланади.

    Ҳа, бизни қарши олаётган тонгни олам, аслида, шундай музаффарлик билан кутиб олади. Қора тун чангалида зиё истаб азобланган коинот зимистон тутқунидан халос бўлар экан, юзи анордек қизариб, қуёшдан лаъл тус олади ва табиат ширин энтикади.

    Ниҳоят табиат уйғона бошлайди. Янги куннинг ёрлиғи бўлган субҳидам элнинг ўзидек тоза, қалбидек тиниқ булоқлар, келинчак табассумидек беғубор, улуғлар дуосидек муқаддас тупроқ, она кафтидек иссиқ масканни кўзи қийиб ташлаб кетолмай, узоқ туриб қолади. Бу дийдор англатадики, бизнинг юртга тонглару субҳидамлар зебу зийнатдек ярашади.

    Биз илдизлари минг йиллик сарчашмалардан обиҳаёт симирган, асрлар силсиласида тобланиб, ўз даврида дунёга эгалик қилган, жангларда жасорат алангасини ёққан, оловларда ёниб, қақнус каби ўз кулидан қайта яралган, орияти тоғ, баҳодирларга бешик тутган, ҳуррият тонгларини минг тун аро умидвор кутган замин фарзандларимиз. Ҳар бир қоронғи тундан оппоқ тонгни асраган, қуёшга елка тутган, навқирон ва барҳаёт миллатмиз! Қадриятларимиз, анъаналаримиз, тарихимиз, маънавий меросимиз, аслиятимизни авлоддан авлодга бус-бутун етказиш масъулиятини олган илдизлармиз.

    Осуда осмон остида отаётган ҳар тонгига, ўтаётган ҳар кунига шукрона қилиб яшаётган нуронийларимиз, саҳармардонни тандирдан чиқиб, икки юзи ширмойдек қизариб, бир сават иссиқ нон билан қаршилаётган онажонларимиз, қуёшдан олдин туриб, кўча юзини тонгга саришта кўрсатаётган келинларимиз, қўли кўксида “Ассалому алайкум”, дея миллат тарбиясини намоён этаётган ёшларимиз, халқимизнинг файзга ва меҳрга тўла дастурхони — буларнинг барчаси янги Ўзбекистон субҳидамининг гўзал чизгилари.

    Мамлакатимиз узра янги тонг, янги давр нафаси таралиши, халқимизнинг узоқ давом этган қарамлик уйқусидан уйғониши юрт осмонида мунаввар тонгларнинг ота бошлаганидан дарак берса ҳам, аслида, офтобни беркитиб турган қора булутларнинг буткул тарқалиши учун чорак аср вақт кетди. Бу давр мобайнида ўргимчак тўридек чирмаган қўрқув, берклик каби деворлар парчаланиб, ўзбек халқининг кўксига ниҳоят эрк шабадаси тегди.

    Минг шукрки, бугун мамлакатимизда юритилаётган оқилона сиёсат шарофати билан сурурли кунлар, чинакам мунаввар тонг лаззати халқимизга насиб қилди. Манглайимизда порлаб турган толе қуёши бугун йўлимизни ёритиб, ёруғ манзилларга чорламоқда. Шу паллада Ўзбекистон Қаҳрамони, халқ шоири Абдулла Ориповнинг қуйидаги мисралари шууримизда аста пичирлайди:

    Ҳой оппоқ тонг, латофатли тонг,

    Сен гулшанга гул бўлиб қўндинг.

    Дарҳақиқат, бу гулшанга гул мисоли ярашган тонг энди бoғу бўстон бунёд этмоқда. Зеро, бу тонглар шунчаки отган тонглар эмас, улар учун минглаб юраклар тутилган, миллионлаб умидлар тикилган. Бу фараҳбахш кунларга етишни орзу қилган, ҳуррият тонгларига етмоқ учун жонини тиккан жадидлар ҳам, аслида, шу субҳидамларнинг насимлари, десак айни ҳақиқат бўлади.

    Қаттол даврлар буҳронини ёриб чиққан янги ҳаёт тонги, миллат қалбини иситган маърифат қуёши, ёруғ кунларни жасорат билан етаклаб келганлар шу юртнинг пешонасида ярақлаган толе юлдузидир. Шу боис, элга хизмат қилиш шу ватанга дахлдор ҳар бир инсоннинг асосий мақсади, маслагига айланди.

    Бугун юртнинг ҳар қадамида ўзгариш, янгиланиш... Энди шу ўзгаришлар тўлқинида одамларнинг ўз келажагига, эртанги кунига муносабати ўзгарди, ҳаётга, униб-ўсган заминига муҳаббати, жамиятга эътибори ошди. Инсон ва унинг манфаатлари олий қадрият эканини қалбан ҳис этдик. Демакки, янги Ренессанс остонасида давр ва макон, мақсад ва бурч, ислоҳотлар ва самара, етакчи ва елкадошлар бирлиги — янги Ўзбекистон мафкурасида жамулжам бўлди. Мана энди халқимиз ёруғ кунлар ичра яшамоқда ва яшнамоқда. Ортга бир он назар солар эканмиз, нечоғлиқ парвоз қилганимизни беихтиёр англаб, дилдан шукроналар келтирамиз. Ҳаётимизда субҳидам бошланди.

    Бу тонглар қадрига етиш ҳар биримизнинг инсоний бурчимиз. Бу борада ёшларимиз, айниқса, ташаббускор бўлмоғи лозим. Учинчи Ренессанс бунёдкорлари бўлган ўғил-қизларимиз шу мушоҳадалар орқали қалблари туғёнланиб, ҳаётда юксак марраларга эришиш учун тинимсиз меҳнат, қатъият ва шижоат, фидойилик, илму маърифат, садоқат ва етук тарбияни жисму жонларига мужассам этса, қуёш энг покиза субҳидамларни миллатга бахшида қилаверади, мунаввар тонглар отаверади...

    Баҳодиржон ШЕРМУҲАММАДОВ,

    педагогика фанлари доктори, профессор


    ҳамкорлик материал

    No date selected
    октябр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates