Ташқарида аёмажуз, ичкарида эса дилни энтиктирувчи кўкламой

    Сабиҳа опа тандирдан эндигина узилган кўк сомсаларни олдимизга қўяр экан, янгиланиш фаслининг илк кунларида ҳовури чиқиб турган сомсаларга ризқимиз қўшилгани ҳам бир хислат эканлигини таъкидлади.

    Айни кунларда янгиланиш ва яшариш фасли — баҳор ўзи кетса ҳам изғиринли аёзи кетмаётган қиш билан астойдил хайрлашиб, яшиллик ва яратувчанликнинг бор гўзаллигини замин узра сеп қилиб ёйишга интилмоқда. Бир қарич ерга уруғ қадаётган, ҳар бир ниҳол ва кўчатини кўз қорачиғидек асраб, бутун меҳрини ерга бераётган омилкор деҳқон эса дала юмушларини адо этишга киришган.

    Тошкент вилояти ҳокимлиги томонидан Сабзавот маҳалласига уюштирилган пресс-тур жараёнида бунга ўзимиз ҳам амин бўлдик. Тўрт ярим гектар ерда голланд лолалари ва атиргуллари экилган иссиқхонага кириб борар эканмиз, ранг-баранг гуллар ифоридан навбаҳорнинг ҳақиқий нафасини ҳис қилдик. Ташқарида аёмажуз, ичкарида эса дилни энтиктирувчи кўкламой бор тароватини намойиш қилиб, ястаниб ётгандай.

    — Иссиқхонамиз 2016 йилда бунёд этилган. Бу ерда Голландиядан келтирилган ноёб лолалар етиштирилади, – дейди иссиқхона агрономи Алижон Аҳмаджонов. – Барчамизга маълумки, голланд лолалари беқиёс гўзаллиги билан дунёда эътироф этилган. Ўтган тўрт юз йил давомида голландлар бу гулларни етиштиришда ақл бовар қилмас натижаларга эришган. Айнан улар ҳозирги вақтда ҳам сайёрамиздаги асосий лола етказиб берувчилар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам биз Голландиядан турли хил лола пиёзларини олиб келдик. Уч йилдан буён уларнинг 40 дан зиёд турларини етиштиряпмиз. Лола пиёзи ерга қадалгач, 4 ойда ғунча ҳолига келади. Экилаётган пиёз соғлом, чиримаган, бутун бўлиши лозим.

    Лола пиёзи зах бўлмаган, сув шимувчи, яхши ўғитланган юмшоқ ерга экилади. Қадалгандан сўнг кўп сув ва ўғит талаб қилмайди, касалликларга чидамли. Ҳозирда бу гулга талаб жуда катта. 3 ҳафтагача сархил ҳолда сақлаш ва узоқ масофаларга автотранспорт воситаларида етказиш мумкин. Биринчи йил ушбу гуллар сонини юз, иккинчи йил икки юз, бу йил беш юз мингтага етказиб, йилдан йилга кўпайтириб боришни режалаштиряпмиз. Энг асосийси, кўриб турганингиз, кўзни қувнатиб турган бу голланд лолалари баҳорда нишонланажак байрамларга энг муносиб совға бўлади.

    Йилнинг тўрт фаслида ҳам ифори оламни тутадиган гуллардан тортиб турли тропик меваларни етиштираётган ушбу хўжаликнинг иш бошлаганига яқинда уч йил бўлади. Иссиқхонада айни пайтда иш жараёнлари қизғин, ишчиларнинг қўли-қўлига тегмайди, сабаби баҳорий айёмлар яқин.

    Лола ва атиргуллар ифоридан баҳра олиб, қучоқ-қучоқ гуллар билан суратларга тушар эканмиз, ён-атрофимиздаги бошқа иссиқхоналарда етиштирилаётган қулупнай ва лимон сингари сархил мевалардан тотиб кўришни ҳам унутмадик. Танти деҳқонларимиз идиш тўла қулупнайларни олдимизга териб қўйишди.

    — Бугунги кунда Тошкент туманидаги 151 гектар ер майдонида 80 та иссиқхона хўжалиги фаолият юритмоқда. Гулчилик соҳасини ривожлантиришга туман ҳокимлиги томонидан алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2021 йилнинг 4 августдаги “Республика ҳудудларида гулчилик ва кўчатчилик соҳаларини янада ривожлантириш тўғрисида”ги қарори дастуриламал бўлаётир, – дейди Тошкент тумани ҳокими матбуот котиби Дилафрўз Исмоилова.

    – Мазкур қарор деҳқонларнинг манфаат кўришида муҳим аҳамият касб этаётир.

    Дарҳақиқат, ерни эъзозламаган, ҳар бир қаричидан унумли фойдаланмаган, интилиб-изланмаган, ташаббус кўрсатиб, янгилик яратмаган одамни ҳаётнинг ўзи бир чеккага чиқариб қўяди. Сабзавот маҳалласи мисолида амалга оширилаётган деҳқончилик ишлари нафақат ички бозорлардаги нарх-навонинг барқарорлигини таъминламоқда, балки хонадонларга файзу барака олиб кирмоқда.

    Пресс-тур доирасида иссиқхонада миришкор деҳқонларнинг қулупнай етиштириш борасидаги тажрибалари билан ҳам танишдик.

    — Шифокорлар фаол шифобахш восита сифатида таърифлайдиган қулупнайни иштаҳа очадиган, ҳазм қилиш фаолиятини меъёрлаштирадиган неъмат, дея таърифлайди. Айтишларича, унинг бошқа шифобахш хусусиятлари ҳам. Жумладан, хотирани яхшилаб, кўриш қобилиятини оширади ва қондаги қанд миқдорини меъёрлаштиради. Таркибидаги антиоксидантлар организмни эрта қаришдан ва жиддий касалликлардан ҳимоя қилиб, саратон касаллигининг олдини олади, – дейди Сабзавот маҳалласи фаоли Моҳира опа Раҳимова биз билан суҳбатда. – Шунинг учун ҳам маҳалламиздаги деярли ҳар бир хонадоннинг томорқасида қулупнай экилади.

    Туман ва пойтахт бозорларини йилнинг тўрт фаслида тўлдириб турадиган қулупнайларнинг кўпини Сабзавот маҳалласи миришкорлари етиштиради. Агар шу кунларда мазкур ҳудудга йўлингиз тушса, маҳаллий аҳоли иссиқхонада ҳосилни териб олаётганининг устидан чиқасиз.

    Иссиқхонадаги иш эса йил бўйи тўхтамайди. Қулупнайларнинг айни “иликузилди” пайтида маҳаллий бозорларга етказилиб берилиши қувонарлидир. Муҳими, бу орқали кўплаб оилалар бандлиги таъминланган.

    Ҳа, томорқа ризқ-рўз, қўшимча даромад манбаи, бандликни, арзончиликни таъминлашнинг самарали йўлидир.

    Сўнгги манзилимиз Тутзор маҳалласида истиқомат қилувчи тадбиркор Сабиҳа Каримованинг хонадони бўлди. Опанинг айтишича, тандирида сомса ёпиш она мерос касб. 4 фарзанднинг онаси, 11 невара ва бир чеваранинг бувиси Сабиҳа опа тандирдан эндигина узилган кўк сомсаларни олдимизга қўяр экан, янгиланиш фаслининг илк кунларида ҳовури чиқиб турган сомсаларга ризқимиз қўшилгани ҳам бир хислат эканлигини таъкидлади.

    Кун давомида Тошкент тумани сабзавот маҳалласидаги бир нечта иссиқхоналарда бўлиб, у ерда фаолият олиб бораётган ишчи-ходимларнинг қувонч ва ташвиш­ларини ўрганар эканмиз, кўнглимиздан шундай гаплар кечди: меҳнат қилган элда азиз.

    Гуличеҳра ДУРДИЕВА,

    “Янги Ўзбекистон” мухбири

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates