Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 21 апрелдаги “Геология соҳасига инвестицияларни фаол жалб этиш, тармоқ корхоналарини трансформация қилиш ва республика минерал-хом ашё базасини кенгайтириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги “Ўзбекгеология қидирув” AЖ ташкил этилган эди.
Бугун мазкур жамият замонавий ва юқори самарали ускуналар, илғор техника ва инновацион технологиялар орқали ҳудудларда геология-қидирув ишларини жадал бажаряпти. Шу орқали мамлакат минерал хомашё базасини бойитишга катта ҳисса қўшмоқда. Жумладан, ўтган даврда ер қаърини геологик ўрганиш, рангли қимматбаҳо металлар ва бошқа фойдали қазилма майдонларида геологик-қидирув ишларини ташкил этиш борасида жиддий ўзгаришлар бўлди. Хусусан, рангли ва қимматбаҳо металларнинг истиқболли майдонларини топиш учун илмий-тематик ишлар бажарилди. Қолаверса, ресурс борлиги прогноз қилинган майдонларнинг майда, ўрта ва йирик кўламли геологик хариталари яратилди. Бу каби ишлар минерал хомашё базасини кенгайтиришга хизмат қилади.
2025 йилда 100 дан ортиқ лойиҳа доирасида қидирув ишлари режалаштирилган. Ҳозир дастур доирасида олтин, кумуш, мис, қўрғошин, рух, вольфрам каби рудали фойдали қазилмалар ҳамда норудали минераллар – қурилиш материаллари ва кимё саноатида қўлланадиган ресурслар бўйича ҳам ишлар бажарилмоқда.
Соҳа вакилларининг ахборотига кўра, бугун компания замонавий ускуналари орқали 1200–1900 метр чуқурликкача бурғилаш ишларини бажармоқда. Aввал намуналар фақат 50–60 фоиз даражада олинаётган бўлса, ҳозирги технологиялар ёрдамида бу кўрсаткич деярли 100 фоизга етган. Бу эса таҳлиллар аниқлигини ошириб, йўқотишларни камайтиради. Шунингдек, жамият замонавий лабораториялар билан жиҳозланган. Қолаерса, кимёвий элементлар сони ҳам ошган. Таҳлил жараёнлари 60-70 та элементдан ортгани айтилмоқда. Бу эса ердаги ноёб элементлар ва камёб металлар бўйича аниқ, сифатли маълумотлар олишга хизмат қилади.
– Ҳисор марказий геология қидирув экспедицияси (МГҚЕ) мамлакатнинг жанубий ҳудудида жойлашган. У Қашқадарё ва Сурхондарё дала экспедицияларини ўз ичига олади. Шунингдек, Қашқадарё, Сурхондарё ва Самарқанд вилоятлариининг жанубий ҳудудида қаттиқ фойдали қазилмалар бўйича геологик қидирув ишларини бажаради, – дейди Қашқадарё дала геология қидирув экспедицияси бош геологи Зойир Сатторов. – Шу пайтга қадар экспедиция фаолияти давомида юртимизнинг турли вилоятида геологик қидирув ишларини бажарган. Жараёнда бир нечта маъданли ва номаъдан фойдали қазилма конлари топилган. Бундан ташқари, кўплаб истиқболли майдонлар аниқланган. Бу майдонлар прогноз ресурслар ҳисобланади ва истиқболли майдонлар қаторига киритилган.
Жорий йилда Ҳисор марказий геология қидирув экспедицияси 24 та лойиҳа доирасида геологик қидирув ишларини режалаштирган. Қашқадарё дала экспедицияси томонидан 7 та лойиҳа доирасида ишлар бажарилмоқда. Жумладан, вольфрам ва олтин каби қимматбаҳо ресурсларни илгарилама ўрганиш, рух ва графит маъданлари, шунингдек, калий тузлари бўйича баҳолаш ишлари уддаланди.
Ҳисор марказий геология қидирув экспедицияси асосан олтин, вольфрам, рангли ва ноёб металлар ҳамда норуда фойдали қазилмаларни излаш, баҳолаш билан шуғулланади. Геологик қидирув ишлари ерусти ва ерости тоғ лаҳимлари ҳамда бурғилаш ишлари ёрдамида бажарилади. Экспедициянинг геологик ишлари асосан оғир шароитдаги тоғли ҳудудларда амалга оширилади.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, 2019–2024 йилларда Ҳисор марказий геология қидирув экспедициясининг Қашқадарё дала экспедицияси томонидан Мадмон маъданли майдонидаги Акба олтин конида батафсил геологик ишлар бажарилди. Ушбу ишлар Акба олтин конининг қанот ва чуқур горизонтларини баҳолаш, Шарқий Кайлюк олтин намоёнида дастлабки таҳлил, шунингдек, Шимолий Акба участкасини ўрганиш лойиҳаси доирасида бажарилди. Натижада Акба олтин конининг саноатбоп захиралари расман ҳисобга олинди.
Ҳисобланган олтин захираси Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги ҳузуридаги давлат захиралари комиссиясида кўриб чиқилган. Натижада C1+C2 тоифа бўйича 13 тоннадан ортиқ олтин захираси давлат захиралар балансига топширилган.
Ҳозир Aкба олтин конининг ғарбий томонида Шарқий Кайляк олтин намоёнида дастлабки баҳолаш ишлари бажарилмоқда. Шимолий Aкба участкасида эса ерусти тоғ лаҳимлари ва колонкали бурғи қудуқлари орқали изланишлар давом эттириляпти. Aкба олтин кони атрофидаги геологик қидирув ишлари натижасига кўра, бу коннинг ён қанотлари ўрганилиб, келажакда 50 тоннага яқин олтин захираси аниқланиб, республика хомашё базаси ривожлантирилишига катта ҳисса қўшилади.
– Жорий йилда Ҳисор марказий геология қидирув экспедицияси доирасида 31 минг 970 куб метр ҳажмда ерусти тоғ-лаҳим ишлари, 2900 погонометр ерости лаҳими қурилиши ҳамда 72 минг погонометр бурғилаш ишларини бажариш режалаштирилган, – дейди тажрибали геофизик Ботир Ҳакимов. – Жорий йилда фойдали қазилмалар захираси бўйича салмоқли кўрсаткичларни бажариш мақсад қилинган. Жумладан, олтин – 157 тонна, кумуш – 190 тонна, мис – 270 минг тонна, қўрғошин – 42 минг тонна, рух – 48 минг тонна, вольфрам – 8500 тонна, литий — 5000 тонна, кўмир захирасини 6000 тоннага кўпайтириш кўзда тутилган.
Бунинг учун 131 та лойиҳа амалга оширилади. Шундан 50 таси давлат бюджети, 24 таси ОКМК AЖ, 63 таси НКМК AЖ маблағи ҳисобидан ишга туширилади. Ушбу лойиҳалар асосида геология қидирув ишлари бажарилиши режалаштирилган.
Пресс-тур давомида иштирокчилар тош майдалаш цехида керн намуналарини тайёрлаш ҳамда Акба олтин участкасида геофизик ва бурғилаш жараёни билан танишди.
Цехда намуналар ерусти ва ерости бурғилашидан олиниши, майдаланиши ва лабораторияга таҳлил учун жўнатилиши хусусида маълумот берилди.
Акбар РАҲМОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
Ҳамкорлик материали












