Халқаро Форум ишида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Хотин-қизлар ва гендер тенглик масалалари қўмитаси раиси М.Қодирхонова ҳам онлайн тарзда иштирок этди.
Сенатор ўз маърузасида бугунги кунда сув муаммоси Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистон учун ҳам ниҳоятда долзарб эканлиги, минтақамизнинг барқарор ривожланишига катта экологик хавф солаётган Орол денгизининг қуриши ва ушбу муаммони ҳал этишда Марказий Осиё давлатлари ва халқаро ҳамкорларнинг саъй-ҳаракатларини бирлаштириш давр тақозоси эканлигини айтиб ўтди.
Шунингдек, М.Қодирхонава халқаро ҳамжамият томонидан бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг ташаббуси қўллаб-қувватланаётгани, хусусан, БМТнинг Оролбўйи учун инсон хавфсизлиги бўйича кўп шериклик Траст фонди ташкил этилгани, Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюцияси қабул қилингани ниҳоятда муҳим воқеа бўлганини алоҳида таъкидлади.
Форумда бу каби глобал муаммоларни ҳал этиш, соҳанинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, иқлим ўзгариши масалалари бўйича қарорлар қабул қилишда аёллар иштирокини ошириш, уларнинг ер, сув ва биологик ресурслардан мустақил фойдаланиш имкониятларини кенгайтириш чораларини кўришда аёл парламент аъзоларининг ҳам фаол иштирок этиш ҳолатига эътибор қаратилди.
Қайд этиш жоизки, ушбу анжуман жорий йилнинг 6-9 июнь кунлари Душанбе шаҳрида ўтказилаётган «2018-2028 йилларда «Сув барқарор ривожланиш учун» халқаро ҳаракатлар ўн йиллиги Иккинчи юқори даражадаги конференция доирасида бўлиб ўтди.
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Ахборот хизмати.