“Тез ёрдам” аҳолига масофавий тиббий хизмат ҳам кўрсатмоқда

    Саломатлик 27 декабр 2021 3098

    Касалликни ўзбилармонлик билан даволаш қандай оқибатларга олиб келишини кўпчилик билади. Қолаверса, муолажа олишни пайсалга солиш ҳам — ҳаёт учун хавфли. Аммо тиббий хизматдан фойдаланишнинг ўз тартиб-қоидалари бор. Масалан, саломатлигимизда ўзгариш бўлгани заҳоти, энг аввало, “тез ёрдам”га мурожаат қилиб, тиббиёт  бригадаси келишини талаб қилишимиз қанчалик тўғри? 

    — “103” қисқа рақамига сутка давомида бўладиган мурожаатларнинг 60-70 фоизи соат 18:00 дан 24:00 гача бўлган вақт оралиғига тўғри келади, — дейди Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Тошкент шаҳар тез тиббий ёрдам станцияси бош шифокори Дониёр БЎРИБАЕВ. — Бу бир қатор омиллар билан боғлиқ.

    Биринчидан, кечки пайт шошилинч тиббий хизмат кўрсатиш муассасаларидан ташқари, кўплаб шифо масканлари ўз фаолиятини тўхтатади. Иккинчидан, кундузги фаол ҳаёт жараёнида турли касаллик белгилари яққол намоён бўлмаслиги мумкин. Кечки пайт, вегетатив нерв тизими бўшашиши ҳисобига оғриқлар кучайиши, ҳарорат, қон босими кўтарилиши кузатилади.

    Учинчидан, уйда ўтирадиган катта ёшли инсонлар ёки болалар кечқурун фарзандлари ёхуд ота-оналари ишдан, ўқишдан қайтишини кутиб, “кун бўйи мазам бўлмади” деган шикоятларини айтишади. Натижада кўпчилик эҳтиёт шарт сифатида “тез ёрдам”га мурожаат қилишни маълул кўради.

    Бироқ ана шундай ҳолатда барча беморлар ҳам аслида тез тиббий ёрдамга муҳтож бўлмаслиги мумкин. Шуларни ҳисобга олиб “103” қисқа рақамли “Сall-марказ”имизда тиббий маслаҳат хизматини ҳам йўлга қўйганмиз. Унга малакали шифокорлар бириктирилган.

    Мисол учун, йиллар давомида сурункали касалликлардан азият чекиб келаётган беморлар бор. Улар шифокор тавсияси асосида зарур дориларни мунтазам ичиб юришади. Ана шу препаратларни қабул қилиш тўхтатиб қўйилса ёки дорилар комбинацияси ўзгартирилса, уларда касаллик белгилари кучайиши мумкин.

    Тиббий маслаҳат хизмати ана шундай паллада уларга масофадан туриб қайси дориларни қанча миқдорда ва қайси пайт ичиш юзасидан зарур кўрсатма ва тавсияларни беришяпти.

    Қолаверса, тана ҳарорати 37- 37,5 даражага кўтарилгани юзасидан ҳам мурожаатлар бўлади. Бундай маҳалда, аввало, ҳолат сабаби, ҳарорат кўрсаткичи, беморнинг аҳволига аниқлик киритилади. Сўнг иситма туширувчи препаратларни қабул қилиш тавсия этилади. Қон босими бироз ошган вазиятларда ҳам аввал шикоятлар эшитилиб, шунга кўра, дорилар буюрилади.

    Агар бемор ҳолати яхшиланса, эртаси куни оилавий шифокорга учрашиши, саломатлигида ўзгариш бўлмаса, ярим соат, бир соат ўтиб, “103” хизматига қайта мурожаат қилиши тушунтирилади.

    Буларнинг барчасидан кўзланган мақсад битта — “тез ёрдам”нинг фаолияти самарадорлигини ошириш, асоссиз чақирувлар сонини камайтириш ҳамда, биринчи навбатда, ҳақиқий шошилинч тиббий ёрдамга муҳтож беморлар дардига дармон бўлишдан иборатдир.

    Соғлиқни сақлаш вазирлиги
    Матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates