Тожикистон Республикаси нотариал палатаси делегацияси дастлаб Ўзбекистон Нотариал палатаси раҳбарияти билан учрашди.
Учрашув давомида меҳмонлар эътиборига Ўзбекистон нотариат соҳасига жорий этилган янгиликлар, «Нотариус» автоматлаштирилган ахборот тизими орқали аҳолига кўрсатилаётган ҳуқуқий хизматлар, хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариусларнинг фаолиятидаги афзалликлар, нотариусларнинг ўз жамоасини ўзи шакллантириши, иш вақтини ўзи белгилаши, нотариусларнинг малакасини ошириш, Медиация тўғрисида қонунга кўра нотариусларнинг профессионал медиаторлар сифатида олиб борилаётган фаолият, давлат органлари билан ҳамкорлик, Ташқи ишлар вазирлиги билан имзоланган меморандум доирасида олиб борилган ишлар натижасида консуллар томонидан чет элларда вақтинча истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларига кўрсатилаётган нотариал ҳаракатларни амалга ошириш қулайлашганлиги, шунингдек, Нотариал палатанинг халқаро майдонга кириб бориши, чет давлатлар нотариат тизимлари билан йўлга қўйилган ўзаро ҳамкорлик ҳақида маъруза тақдим этилди.
Ўзбекистон Нотариал палатасининг қисқа давр ичида Халқаро нотариуслар иттифоқига аъзо бўлганлиги меҳмонлар томонидан эътироф этилди.
Ташриф доирасида Тожикистонлик нотариусларнинг Юристлар малакасини ошириш маркази, Адлия вазирлиги раҳбарияти билан учрашуви кутилмоқда, шунингдек, меҳмонлар Тошкент, Самарқанд шаҳарларида фаолият юритувчи хусусий амалиёт билан шуғулланувчи нотариуслар фаолиятида юқорида айтиб ўтилган янгиликларнинг амалда қўлланиши билан яқиндан танишадилар, деб хабар беради Нотариал палатаси матбуот хизмати.