Абдулла Орипов деганимизда кўз ўнгимизда беихтиёр қалбларни ларзага солувчи, кўнгиллар торини чертиб ўтувчи шеърият дунёсини ўз қалами билан титрата олган улкан қалб эгаси гавдаланади. Унинг асрларда барҳаёт асарларида замон дарди билан ҳамнафас бўла олганлигини, зўрма-зўракиликдан қочиб, халқ муаммолари, инсоний дард тўлғонишлари билан шеърият аталмиш бебаҳо хазинани тенгсиз жавоҳирлар билан тўлдирганлигини илғаш қийин эмас. Абдулла Орипов шоирлик заҳматини Аллоҳ унинг зиммасига юклаган бурч деб билди ва ҳар бир сўзини минг чиғириқдан ўтказади. Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда: “Шеъриятда кутилмаган янги нафас пайдо бўлди. Томчини кузатган бўлсангиз, тўлишганидан кейин томади. Абдуллажоннинг шеърлари ҳам ана шундай. Олдин сўзма-сўз, сатрма-сатр юраги қонида қайнаб пишади”
Абдулла Орипов шеъриятга ўзига хос овоз, ўзига хос оҳанг билан кириб келди. Шоир шеърларида инсонга хос барча туйғулар: қувонч, қайғу, ҳасрат, алам дард, муҳаббат, ишонч, вафо, садоқат, нафрат, рашк ўзгача акс эттирилган ва улардан ҳар бир инсон ўз “мен”ини топади. Халқ шоири ижодининг энг муҳим жиҳатларидан бири шуки, бадиий образларни маҳорат билан яратади ва бу образларда сиз кимнидир кўрасиз. Айниқса, унинг ижодида она, аёл образлари “Онамга хат”, “Аёл”, “Онажон”, “Ўзбек онаси”, “Она вафотига” шеърлари юксак маҳорат билан яратилган.
Шоирнинг ижодида бадиий тасвир воситалари ҳам ўзига хос акс эттирилган:
Беш асрким назмий саройни
Титратади занжирбанд бир шер.
Темур тиғи етмаган жойни
Қалам билан олди Алишер
Ушбу мисраларда беш асрдан бери назмий саройни занжирбанд шер титратаётганлигини ва, ҳатто, Темурнинг тиғ билан ололмаган жойларини Навоий қалами билан забт этганлигига ишора қилган ва бу ўхшатиш санъатини юзага келтирган. Бу каби тасвир воситаларини унинг ҳар бир шеърида кўриш мумкин.
Абдулла Орипов асарларининг асосий қисмини ўзбек шеъриятидаги етакчи шакл — бармоқ вазни ташкил этса-да, серқирра ижодкор сифатида арузда ғазалда ҳам, рубоийда ҳам ижод қилган ва гўзал намуналар яратган:
Тоғ аро балққанда сен
Билки, у тоғнинг тошиман,
Тун бўйи кутган сени жим
Сабриман, бардошиман.
Бу ғазал олти байтдан иборат бўлиб, рамали мусаммани маҳзуф (мақсур)да ёзилган ҳамда ташбеҳ санъати маҳорат билан қўлланган.
Ўша ҳаммамиз учун таниш ва машҳур бўлган Ўзбекистон халқ ёзувчиси Ўткир Ҳошимов қаламига мансуб “Баҳор қайтмайди” қиссаси қаҳрамони Алимардон Тўраев тилидан куйланган “Кетмакдаман” радифли ғазали ҳам шоир ижодига мансублиги кўпчиликка аён. Қайсидир маънода асарнинг жозибадорлигини оширишда мисралардаги нолалар қаҳрамоннинг ички кечинмаларини тасвирлашда, ҳатто асар сюжетида ҳам ушбу ғазалнинг ўрни беқиёсдир:
Яхши қол, эй дилбарим, дилда кадар, кетмоқдаман,
Ишқ аро энди ҳолим зер-у забар кетмоқдаман.
На ишонч-у, на қувонч-у, на кўнгилдан очма гап,
Барчасидан ушбу кун йўқдир самар кетмоқдаман.
Биринчи мисраларда қўлланган “кадар” сўзи кўпчилик томонида “қадар” тарзида талаффуз қилинади. Аслида бу “кадар”, яъни арабчадан олинган сўз бўлиб, ғам-ғусса маъносида келган. Ғазал рамал баҳрида ёзилган бўлиб, ишонч, қувонч сўзлари таносуб санъатини юзага келтирган. Ушбу ғазалда ошиқ йигитнинг ёридан кетиши ҳақидаги изтиробли кечинмалари тасвирланган бўлса, “Эмиш” радифли ғазалида келтирилган қуйидаги мисраларда шукроналикни, маънан етукликни юракдан ҳис этади:
Минг бор шукр айтса арзир, кимки омон эмиш,
Яратганга ношукурлик жуда ёмон эмиш.
Расулуллоҳ лутф айламиш саҳобаларга:
Ғазабини енголса ким чин паҳлавон эмиш.
Шоир кўпгина шеърларида поэтик синтаксисларнинг, жумладан, интонация, риторик мурожаат, риторик сўроқ, параллелисм, эллипсис, апосфора каби турли кўринишлари акс эттирилган. “Ҳаёт, сени улуғлай нечун” деб бошланувчи “Ҳаёт” шеъри – апосфорага, “Мен нечун севаман, Ўзбекистонни?” мисраси — риторик сўроққа ёрқин мисол қилиш мумкин. Ёки:
– Отанг билан онанг ҳаётми, укам?
– Улар юрибдилар саломат ўктам.
– Сенга қилмадими дўстлар хиёнат?
– Ҳозирча ўртада бордир диёнат .
“Диалог” шеридаги ушбу мисралари эллипсиснинг ёрқин намунасидир.
Шоир ижодида нафақат поэтик синтаксис, балки поэтик фониканинг аллитерация, ассонанс, диссонанс, монирим ҳодисалари ҳам кўп учрайди. Қуйидаги ғазалидаги қўлланган қалам, алам, қадам, адам, дам-бадам, нам, шам, жам ва ҳам каби қофиядош сўзларда сўзларида келган “м” равийси бунинг ёрқин намунасидир:
Сени ёд айлаган чоғим қоғоз пайдо, қалам пайдо,
Сени ёд этмаган оним ўкинч пайдо, алам пайдо.
Абдулла Орипов нафақат шеъриятда, балки достон яратишда ҳам ўз йўлига эга ижодкордир. Бу асарлардаги қаҳрамонлар ҳаёти мисолида олис мозий воқелиги била бирга бугунги кунни боғлаб, эзгулик, адолат ғояларини, бетимсол маънавий-ахлоқий гўзаллик намуналарини ёзади. Юксак маҳорат билан бадиий-фалсафий ёғсинда кўрсатишга муваффақ бўлади ва достончилик анъанасини яна бир поғонага кўтарди. Масалан, “Ҳаким ва ажал” достонидаги асар воқеалари лирик қаҳрамон тилидан ҳикоя қилинади.
Ҳакимда ҳам турфа хислат эди мужассам,
Хусусан, у табибликда пур ҳунар эди.
Ҳар бир гиёҳ кўзларига гўёки малҳам,
Малҳам эса гиёҳ бўлиб кўринар эди.
Абдулла Орипов бу достонида мозий воқелигини миллат манфаатлари нуқтаи назаридан ёритади, яъни Абу Али ибн Сино тақдири, ҳакимлик фаолияти ёритилган мисраларида ҳақиқат, эзгулик ва адолат йўлида кечган қутлуғ умр мазмуни акс этган.
Ҳаким деди:
Икки нарса мубҳам мен учун,
Бири ажал, бири эса муҳаббат дарди…
Шоир дотонларига назар ташлар эканмиз, унинг ўз ақидасига, ўзига ҳукм қилинган бурчга содиқ қолиб “қалбига доир” сўзлаганлигининг, халқ орзу-армонлари, интилишларининг ифодачиси бўлганлигининг гувоҳи бўламиз. Шоиримиз қаламига мансуб бўлган “Жаннатга йўл” номли драматик достонидаги ушбу мисралар юқоридаги фикримизнинг яққол далилидир:
Сен шоирсан, сенга Аллоҳ ёруғ нур берди,
Оташ берди, забон берди, ҳам улуғ юрак.
Тимсолингда бечоралар ўз дардин кўрди,
Бахтин кўрди, шодликларин кўрганлар бешак…
Халқимизнинг суюкли шоири Абдулла Орипов ўзини таржимачилик соҳасида ҳам синаб кўрди ва Данте Алигерининг “Илоҳий комедия” асаридан “Дўзах” қисмини маҳорат билан таржима қилди. Бундан ташқари Украинканинг “Моғорларда” ҳамда Хелтаиннинг “Соқов рицар” шеърий драмаларини, А.С. Пушкин, Т. Шевченко, Н. Некрасов, К.Кулиев ва бошқа бир қанча ижодкорларнинг ижод намумаларини ўзбек тилига маҳорат билан таржима қилади ва бу таржималар миллатимизга хос қарашларни ўзида уйғунлаштирган ҳамда халқимиз кўнглидан чуқур ўрин эгаллаган.
Шоир шеъриятидаги ўзгачалик шунда эдики, қайси бир мавзуни олманг, бу улкан бисотдан, албатта, шунга мос бир сатр топилади. Шоир бор умрини, ҳаётда кўрган-кечирганларини, ўй-хаёлларини бус-бутун шеърга кўчирган, шеърга сола олган дейиш мумкин. Ватанга бўлган севги-муҳаббатини Ватан севгиси дея ўзгача ном билан таърифлайди:
Сев Ватанни, севгин борини,
Тоғларининг қоригача сев.
Ҳукм деб бил ихтиёрини,
Чексиз, тубсиз ғоригача сев.
Юқоридаги фалсафий мисралардаги сўз қўллаш маҳорати ҳам ўзгача тасвирланган. “Ҳукм” ва “ихтиёр” сўзлари, “тоғларнинг қори ва “тубсиз ғори” каби жозибадор тасвирларда сўзлар ўртасида қарама-қаршилик билан бирга маъновий боғлиқлик ҳам бор.
Абдулла Орипов меҳр, ишонч, соғинч вафо, садоқат, армон, хиёнат, иккиюзламачилик ва бошқа бир қанча инсонга хос туйғуларни теран ҳис қила олган ва гўзал сатрларда жо қила олган ижодкордир. Шоир мисраларида хаёлга келмаган бадиий топилмалар топганки, мисраларини ўқиганимизда беихтиёр “ҳақиқатдан ҳам” дея фикрларига қўшиламиз:
Негадир ёш бола ва ёки бемор
Гуноҳ иш қилгандек боқар жовдираб.
Овозингни баланд қилдингми бир бор,
Улар ҳадик ичра қолар довдираб.
Бу ҳолат барчамизга таниш, барчамизнинг бошимиздан ўтган. Аммо бу нигоҳларнинг ўхшаш боқишлари ҳақида ҳеч биримиз ўйлаб ҳам кўрмаганмиз.
Соғинч – ҳаммамизга таниш туйғу. Барчамиз кимнидир соғинамиз ёки кимларнидир соғинтирамиз. Аммо “Чора йўқ барибир икки ҳолда ҳам” деганда шоир мутлақ ҳақ эди:
Соғинган одамнинг кўнглида доғи,
Соғинтирганга ҳам осон эмасдир.
Ҳаётда шундай инсонлар борки, эл орасида ўз ўрнига, обрўйига эга шахсларни кўра олмайдилар. Уларни ўз ҳаётида муваффақиятга эришишидан кўра бошқа бировларнинг ҳаётда учрайдиган омадсизликлари кўпроқ қизиқтиради ва қувонтиради. Ўзининг камчилигини кўра олмайди, аммо ўзгалар камчилигини ўз ютуғи деб билади:
Бировларни камситиб ерга уришдан олдин
Каттакон кўзгу қўйиб, ўзингга қараб олгин.
Зарга ўралган билан кесак ҳамиша кесак,
Чолдевор ўртасида кўмилган бир хум олтин.
Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, Абдулла Орипов ижоди бепоён саҳро, тубсиз уммон, серёғин булут ва серҳосил дарахтдир. Унинг шеъриятидан ҳар бир яраланган қалблар малҳам топади, ойнада гўё ўз аксини кўргандай бўлади. Унинг шеърияти инсон қалбида беихтиёр ижодга нисбатан меҳр туйғусини оширади, ҳаётга нисбатан муҳаббатни кучайтиради. Шоирнинг ҳар бир шеърида кимнингдир руҳи яшайди, ҳар бир мисраси қалб торларимиздан яралган ўтли сатрлардир ва улар доимо бизни ўзига оҳанрабодек тортиб туради.
Дилдора ШОДМОНОВА,
Моҳигул ОЛИМЖОНОВА,
Абдулла Орипов номидаги ижод
мактабининг она тили ва адабиёт фани ўқитувчилари