Тошкент шаҳар жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Сурхондарё вилоятида рўйхатдан ўтган тўқимачилик маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи масъулияти чекланган жамият мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 167 ва 184-моддалари билан қўзғатилган жиноят иши кўриб чиқилмоқда.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва Тошкент шаҳар Солиқ бошқармаси томонидан ўтказилган тафтиш давомида мазкур МЧЖга нисбатан қўшимча 8,7 млрд сўм солиқ ҳисобланган.
Жорий йилнинг 15 сентябрь куни суд томонидан қайта тафтиш ўтказиш бўйича ажрим чиқарилгандан кейин бош инспектор ушбу солиқни бекор қилиб беришини ваъда қилиб, МЧЖ вакилларидан 5 минг АҚШ доллари олган.
Бироқ, у ҳисобланган солиқни тўлиқ бекор қила олмаган ва олган пулни қайтариб берган пайтда Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланди.
Унга нисбатан Жиноят кодексининг 210-моддаси (пора олиш) 2-қисми «в» банди билан жиноят иши қўзғатилиб, «қамоқ» эҳтиёт чораси қўлланилди.
Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.









