Тошкентда Ўзбекистон ва Миср ҳамкорлиги доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди

    Жорий йил 24 декабрда Тошкентда Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни ривожлантириш доирасида бир қатор тадбирлар бўлиб ўтди.

    Кун тартибидан олдин икки давлат делегациялари раҳбарларининг — Ўзбекистон томонидан Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Миср томони Мисрнинг режалаштириш, иқтисодий ривожланиш ва халқаро ҳамкорлик вазири Рания ал-Машат икки томонлама учрашуви бўлиб ўтди.

    Учрашув давомида икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг жорий ҳолати ва муносабатларни ривожлантириш истиқболлари батафсил кўриб чиқилди. Ўзаро савдо кўрсаткичлари, инвестициялар жалб этиш ва саноат кооперацияси бўйича мақсадли йўналишлар белгилаб олинди.

    Хусусан, ўтган йил якунларига кўра, Ўзбекистон ва Миср ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки бараварга ошгани, ва бу ижобий тенденция жорий йилда ҳам изчил давом этаётгани қайд этилди. Ип-калава, нефть, кимё ва фармацевтика маҳсулотлари, электротехника жиҳозлари, агросаноат маҳсулотлари етказиб бериш ҳамда хизматлар ҳажми деярли икки бараварга ошгани таъкидланди.

    Ўзбекистонда Миср капитали иштирокидаги 15 корхона фаолият кўрсатиб келяпти. Айни пайтда Миср компаниялари томонидан Ўзбекистон ҳудудларида озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқариш, геология-қидирув ишлари, ичимлик сув билан таъминлаш ва оқова тизимларини модернизация қилиш йўналишларида лойиҳалар амалга ошириляпти.

    Томонлар ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаб, савдо-иқтисодий ва илмий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш бўйича Ўзбекистон Республикаси ва Миср Араб Республикаси ўртасидаги Ҳукуматлараро комиссиянинг 7-мажлиси доирасидаги ишларни давом эттирдилар.

    Йиғилишда тегишли вазирлик, идора ва тармоқ бирлашмалари раҳбарларининг амалдаги келишувлар ижроси юзасидан ҳисоботлари тингланди. Лойиҳаларнинг ҳар бир босқичи атрофлича таҳлил қилиниб, уларни муваффақиятли амалга оширишни тезлаштириш бўйича самарали ечимлар ишлаб чиқилиб, муддатлар белгиланиб, масъул шахслар белгилаб олинди.

    Кун дастури икки мамлакатнинг 150 дан ортиқ йирик компаниялари раҳбарлари иштирокидаги бизнес-форум билан давом этди. Хусусан, Миср томонидан El Sewedy Electric, Hassan Allam Holding, ACDIMA, EPICO, Nile sugar, Badawy Group, Masriya machine, Ebtkarat Smart Systems, Solyphar, Al Farouk For Import & Export ва бошқа компаниялар иштирок этди.

    Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ўз кириш сўзида ишбилармон доиралар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни фаоллаштириш ва минтақавий бозорлар сиғими, транспорт-логистика имкониятларини чуқур таҳлил қилиш асосида савдо ҳажмларини кескин ошириш муҳимлигини таъкидлади.

    Бизнес-форум давомида Ўзбекистоннинг ҳудудлари ва иқтисодиёт тармоқларининг салоҳияти тақдим этилди, рақамли технологиялар, таълим, фармацевтика маҳсулотлари ишлаб чиқариш, озиқ-овқат саноати, қишлоқ хўжалиги ва туризм соҳаларида юқори соф келтирилган қиймат кўрсаткичларига эга бўлган аниқ инвестиция ташаббуслари ва лойиҳавий таклифлари тақдим этилди.

    Шунингдек, Ўзбекистонда тадбиркорларнинг қулай фаолият юритиши, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун яратилган шарт-шароитлар, мамлакатимиз сармоявий ва саноат салоҳиятининг асосий жиҳатлари ҳақида сўз юритилди.

    Дастур доирасида B2B ва B2G форматларида учрашувлар ташкил этилиб, уларда тадбиркорлар янги, фойдали алоқалар ўрнатишга, ўзаро манфаатли лойиҳалар ва савдо шартномаларини биргаликда амалга ошириш масалаларини муҳокама қилиш имконига эга бўлди.

    Йиғилиш якунида Ўзбекистон-Миср ҳукуматлараро қўшма комиссиясининг 7-йиғилиши Баённомаси ва бир қатор икки томонлама келишувлар имзоланди. Улар орасида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги техник ҳамкорлик, Самарқанд вилояти ва Александрия вилояти ўртасидаги ҳудудлараро ҳамкорлик, Мисрнинг Қадимий Ёдгорликлар олий кенгаши ва Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази ўртасидаги ҳамкорлик, Айн-Шамс университети ва Тошкент давлат шарқшунослик университети ўртасидаги таълим соҳасидаги ҳамкорлик, фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва ACDIMA компанияси ўртасидаги ўзаро англашув меморандумлари ўрин олган, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates