Тошкент вилоятида туризм салоҳиятини янада ривожлантиришда талабаларнинг ҳам иштироки ва ҳиссаси ошади

    Кўҳна тамаддун ва маданиятлар чорраҳасида жойлашган Ўзбекистон жаҳондаги туризм салоҳияти юқори ва жозибадор давлатлардан бири. Мамлакатимизда 7 мингдан зиёд нодир тарихий ёдгорлик, бетакрор архитектура намуналари мавжуд.

    Иқтисодчилар туризм мамлакат тараққиёти драйвери, иқтисодий юксалишнинг муҳим ҳаракатлантирувчи кучи эканини таъкидлайди. Ҳақиқатан, ривожланган давлатлар — Франция, Испания, АҚШ, Хитой, Италия, Мексика, Буюк Британия, Туркия, Германия, Тайланд, Швейцарияда ҳаёт фаровонлиги даражаси ошиши сайёҳлар кўплиги, туризм инфратузилмаси ривожлангани билан бевосита боғлиқ.

    Ҳужжатлар муҳим дастуриламал бўлмоқда

    Сўнгги йилларда мамлакатимизда соҳани ривожлантиришга қаратилган кўплаб ислоҳотлар бўй кўрсатди. Фармон ва қарорлар қабул қилиниб, пировардида бетакрор юртимизга сайёҳлар оқими ошди.

    Президентимиз раислигида мамлакатимиз туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш юзасидан жорий йил 29 март куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтига Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманлари ҳамда Ангрен шаҳрининг туристик салоҳиятини ошириш асосий вазифа этиб белгиланди.

    Шунингдек, давлатимиз раҳбари 2023 йил 26 апрель куни “Республиканинг туризм салоҳиятини жадал ривожлантириш ҳамда маҳаллий ва хорижий туристлар сонини янада оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолади.

    Туризм хизмат кўрсатиш соҳасини рағбатлантиради ҳамда шу орқали аэропортлар, вокзаллар, умуман, транспорт тизими, меҳмонхоналар, меҳмон уйлари, хостеллар, умумий овқатланиш, савдо, ҳунармандчилик, маданият ва санъат соҳалари ривожланишининг асосий омилларидан бири ҳисобланади. Мамлакатимизда туризмни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилаётгани ҳам бежиз эмас. Бу жараёнда туризм соҳасидаги қонун ҳужжатларини ўз муддатида сифатли ижро этиш муҳим аҳамиятга эга.

    Видеоселектор йиғилиши ҳамда қарорда белгиланган топшириқлар ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институтида тажрибали мутахассислар, профессор-ўқитувчилар ҳамда иқтидорли талабалардан иборат ишчи гуруҳ шакллантирилиб, иш бошлаб юборилди. Энг аввало, туризм кластерини ташкил этиш мақсадида институтимиз ҳудудида 10 қаватли меҳмонхона комплексини барпо этиш юзасидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилди.

    Туризм кластери бу — туризм соҳаси тармоқларининг ҳам географик, ҳам ишлаб чиқаришнинг ўзига хослиги ва яқинлигини назарда тутадиган инновацион шакли. У алоҳида туристик корхоналар, ташкилот ва фирмаларнинг мавжуд туристик ресурслардан самарали фойдаланиш, барча асосий фаолият учун харажатларни камайтириш, синергетик самарага эришиш ҳамда ўзаро ҳамкорлик доирасидаги ташкилий тузилмаларнинг рақобатбардош устунликларига эришиш имконини беради.

    Туризм кластери шаклланиши техник-технологик, ташкилий, маркетинг ва бошқа соҳаларга инновацияларни жорий этиш орқали унинг унумдорлиги ва самарадорлигини оширишга олиб келади ҳамда тадбиркорлик фаолиятининг замонавий шакл ва турлари кенгайишини рағбатлантиради.

    Ҳудудларда Сингапур тажрибасини оммалаштириш

    Мамлакатимизда туризм энди-энди тараққиётга юз бурмоқда. Демак, ҳали олдимизда ишлар кўп. Бу йўналишда халқаро тажрибалар ўрганилиб, амалиётга жорий этиляпти.

    Биз туризм соҳасини ривожлантиришда Сингапур тажрибасини татбиқ қилиш имкониятларини ўрганиш мақсадида Тошкент вилояти ҳокимлиги билан биргаликда ҳудудларга бордик ва чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик.

    Соҳада мутахассислар тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш долзарб масалалардан саналади. Туризм ва меҳмондўстлик соҳаси мутахассислари учун қисқа муддатли тренинглар, малака ошириш курслари ва маҳорат дарслари дастурлари ишлаб чиқилди. Хорижий тил ва мулоқот кўникмалари, меҳмон кутиб олиш ва кузатиш, меҳмонхона ва ресторан, хона хизматлари, ахборот технологиялари, бухгалтерия, маркетинг мутахассислиги каби йўналишларда дарслар ўтилди. Ўзбек, рус ва инглиз тилларида шу соҳага оид махсус сўзлашгич китоби тайёрланди.

    Туризм ва меҳмондўстлик соҳасида таҳсил олаётган ёшлар ҳамда мутахассислар ўртасида “Инновацион стартап” лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича танлов эълон қилинди. Иштирокчиларга ўз лойиҳаларини амалга ошириш бўйича институт томонидан мунтазам кўмак бериб борилади.

    Ҳудудларнинг диққатга сазовор манзиллари тўғрисидаги “Туризм харитаси” ҳамда қизиқарли фактлар тўпламлари учун маълумотлар жамланди. Бириктирилган ҳудудларнинг туристик салоҳияти тўғрисида маълумотлар базаси тайёрланди. Уларни 12 хорижий тилга таржима қилиш белгиланган. Бу мамлакатимизга ташриф буюрган ёки юртимиз сайёҳлик салоҳиятига қизиққан хорижликларга саёҳат объектлари билан танишиш имконини беради.

    Талабалар сайёҳлик фирмаси очди

    Назарий билимлар амалиёт билан уйғун олиб борилса, талабалар профессор-ўқитувчидан эшитган маълумотини амалда қўллаш имконига эга бўлса, бу талаба ёшлар учун соҳани янада жозибадор қилади. Ўз ишига қизиқиш ва меҳр билан ёндашади.

    Институтимиз талабалари иштирокида барқарор туризмга оид “Энг қизиқарли видеороликлар” танлови эълон қилиниши уларнинг соҳага қизиқишига, янги ғояларни ўртага ташлашига, шу асосда соҳа тараққиётига ҳисса қўшишига сабаб бўлади. Лойиҳа доирасида тайёрланган энг яхши роликлар танлов асосида “Видео-журнал” шаклида интернет саҳифалари ва ижтимоий тармоқларда кенг ёритилади.

    Институтимизга бириктирилган ҳудудларда Буюк Британия таълим дастури асосида туризм йўналиши бўйича таҳсил олаётган талабаларнинг малака ошириш амалиёти ташкил этилди. Шунингдек, бошқа йўналишда таҳсил олаётган талабаларнинг ҳудудларга мавсумий саёҳатлари амалга оширилмоқда.

    Туркий давлатларнинг туризм ва меҳмондўстлик йўналишидаги олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда ҳудудларда “Tourism Fest” фестивалини ўтказиш белгиланди. Буларнинг барчаси талабалар учун яратилаётган муҳим имкониятдир.

    Хориж тажрибасини ўрганиш учун яна бир ҳамкорликка қўл урилди. Гап шундаки, Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси билан ҳамкорликда Франция ўқитиш методологиясига асосланган ўзаро алмашув дастурлари, халқаро конференциялар, ёзги мактаблар, ўқитувчилар малакасини оширишда ўзаро стажировка дастурларини амалга ошириш режалаштирилди. Бу ўқитувчилар ва талабалар учун халқаро тажрибани ўрганишда муҳим қадам бўлиши шубҳасиз.

    Бириктирилган ҳудудлар туристик жозибадорлигини ошириш мақсадида институтимиз томонидан ҳар йили ташкил этиладиган “IV Millenials’ Tourism Festival” халқаро туризм фестивали доирасида тадбирлар ташкил этиш режалаштирилди. Мазкур тадбирларга ташриф буюрадиган хорижий меҳмонларга сифатли хизмат кўрсатиш мақсадида институтнинг туризм факультети талабалари томонидан янги “New Age team” сайёҳлик фирмаси ташкил этилди. Бу — талабалар учун тайёр амалиёт. Улар соҳадаги ҳар бир жиҳатга эътибор билан қарашга, масъулият билан ёндашишга ўрганмоқда. Ҳозирда талабалар иштирокида ҳудудларга саёҳатлар ташкил қилиниб, шу орқали камчилик ва муаммолар тизимли бартараф этилади, йигит-қизлар ўз маҳоратини ошириб боради.

    Замонавийлик асосида ишлаймиз

    Юқорида таъкидлаганимиздек, Бўстонлиқ, Паркент ва Оҳангарон туманлари, Ангрен шаҳрида аллақачон ишлар бошлаб юборилди. Апрель ойида институтимиз шу ҳудудларда туризм ва меҳмондўстлик соҳаси вакиллари учун семинар-тренинг ташкиллаштирди. Унда профессор-ўқитувчилар, етакчи мутахассислар, талабалар ҳамда туризм вакиллари иштирок этди. Институтимиз инновацион тренинг дастури ривожланган хорижий мамлакатларнинг шу соҳа бўйича етакчи таълим муассасалари ўқитиш услубига асосланган.

    Тренингдан кўзланган асосий мақсад туризм соҳаси мутахассислари билим ва кўникмасини, шунингдек, хизмат кўрсатиш соҳасини бошқаришда малакасини оширишдан иборат. Энг муҳими, семинар-тренинглар амалий самарасини беради.

    Ҳали олдимизда вазифалар кўп

    Ҳар бир иш тизимли, муайян режа асосига қурилади. Тошкент вилоятида туризм ривожи учун амалга оширилаётган ишлар қизғин паллага кирмоқда. Бунинг учун, аввало, ҳудуднинг туризм брендини яратиш, туризм ва меҳмондўстлик соҳасида малака ошириш қисқа ўқув курсларини ташкил этиш муҳим вазифалардан саналади. Бундан ташқари, вилоятнинг туристик салоҳиятини намоён қилувчи сайтини яратиш, босқичма-босқич такомиллаштириб бориш талаб этилади.

    12 хорижий тилда маълумотлар жамланган контент тайёрлаш, саёҳат йўналишлари ишлаб чиқиш, ўзбек, рус, инглиз, корейс, немис, испан ва бошқа тилларда видеороликлар, қисқа метражли фильмлар тайёрлаш, ҳудудларнинг туристик харитасини ишлаб чиқиш орқали сайёҳлар жалб этилади. Бунда 21 та туризм маҳалласида янги сайёҳлик масканларини ташкил этиш, мутасадди ходимларни Сингапурга қисқа муддатли ўқув ва амалиёт курсларига юбориш режалаштирилган.

    Туризмни ривожлантиришнинг жаҳон амалиёти шуни кўрсатадики, мазкур индустрияни юқори даромадли соҳага айлантириш учун давлат ва хусусий сектордаги барча иштирокчилар саъй-ҳаракатини бирлаштириш ва мустаҳкамлаш зарур. Бунда ҳукуматнинг роли туризм соҳасида ривожланиш сиёсатини мувофиқлаштириш ва режалаштиришни таъминлашдан иборат.

    Шу мақсадда Оҳангарон туманида янги саёҳат йўналишлари ишлаб чиқиш, туризм қишлоқларига хорижлик сайёҳларни жалб қилиш, туманда фаолият юритмаётган оромгоҳларда туристик хизматлар ташкил этиш йўлга қўйилади.

    Бўстонлиқ тумани бўйича этно қишлоқлар, диққатга сазовор жойлар ва табиат ёдгорликлари тўғрисида жойнинг манзили (локацияси) акс этган ва батафсил тарихи тўғрисида китоб тайёрлаш режалаштирилган. Бу бўйича бошланган ишлар амалга ошса, ҳудуднинг сайёҳлик объектлари ҳақида сайёҳларда ёки туманга ташриф буюришни ният қилган хорижлик ва юртимиз фуқароларида яққол тушунча ва таассурот пайдо бўлади.

    Бундан ташқари, институтимиз талабаларининг Бўстонлиқ туманидаги туристик объектлар ҳақида контент ва ролик тайёрлаб, ижтимоий тармоқлар (TikTok, Instagram, Telegram, Faсebook) орқали кенг ёритиб бориши йўлга қўйилади. Маданий ва кўнгилочар фестиваллар ташкил этиш, танлаб олинган кўчани “Туризм кўчаси”га айлантириш белгиланган. Ички сайёҳликни ривожлантириш мақсадида ўқувчи ва талабаларнинг Паркент туманига саёҳатлари уюштирилади. Сайёр семинар-тренинглар ҳамда спорт мусобақалари ўтказилади. “Узум сайли” фестивали ташкил қилинади. Бу йўналишдаги ишлар Ангрен шаҳрида ҳам амалга оширилади. Интенсив малака ошириш курслари олиб борилади.

    Президентимиз ўтган йили сентябрь ойида Тошкент вилоятига ташрифи чоғида туризм соҳаси имкониятларидан етарлича фойдаланилмаётганини танқид қилиб, “Имкониятимиз бор, лекин фойдаланмаймиз. Одамларга шароит яратиб берилса, дам олишга чиқишни хоҳлайдиганлар жуда кўп. Худога шукр, халқимизда пул бор. Лекин уларга етарли шароит йўқ. Паркент, Ангрен ва Оҳангарон тоғли ҳудудларида замонавий туризм кластерларини ташкил этиш ишларини бошлаш вақти келди”, деган эди.

    Бугун Тошкент вилоятида бошланган ва катта иштиёқ билан амалга оширилаётган ислоҳотларга институтимиз жамоаси ҳам дахлдорлик ҳисси билан ёндашмоқда. Бу соҳа тараққиётида талабаларимиз иштирокини ва ҳиссасини янада оширади.

    Илҳом МАМАТҚУЛОВ,

    Тошкент шаҳридаги Сингапур менежментни ривожлантириш институти ректори

    No date selected
    декабр, 2024
    1
    2
    3
    4
    5
    6
    7
    8
    9
    10
    11
    12
    13
    14
    15
    16
    17
    18
    19
    20
    21
    22
    23
    24
    25
    26
    27
    28
    29
    30
    31
    Use cursor keys to navigate calendar dates