Мулоқотда Маданият ва туризм вазирининг биринчи ўринбосари Улуғбек Азамов, “Uzbekistan Airports” АЖ бошқаруви раиси Рано Жураева ҳамда “Changi Airports International” компанияси делегацияси вакиллари иштирок этди.
Маълумот учун, Сингапурнинг “Changi” аэропорти 1981 йилда қурилган бўлиб, 30 йил ичида йиллик йўловчи ташиш ҳажми 8 миллиондан 60 миллионга ошган. Аэропортнинг фаолияти бутун дунё аэропортларидан консалтинг хизматларига кўплаб сўровларни жалб этганлиги сабабли, “Чанги Airports International” авиация консалтинг хизматлари, лойиҳаларни бошқариш ва глобал инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш мақсадида ташкил этилган.
2023-йил 24 майда Сингапур Президенти Ҳалима Якубнинг Ўзбекистонга ташрифи арафасида бўлиб ўтган Ўзбекистон-Сингапур бизнес-форуми доирасида “Uzbekistan Airports” АЖ ва “Changi Airports International” компанияси ўртасида ҳамкорлик бўйича шартнома имзоланган.
Ҳамкорлик шартномаси доирасида Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропорти фаолиятини оптималлаштириш, жумладан, йўловчиларга хизмат кўрсатишнинг рақобатбардошлиги ва сифатини ошириш, илғор технологияларни жорий этиш ва йўловчилар оқимини ошириш, шунингдек, янги Тошкент халқаро аэропорти лойиҳасининг техник-иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш юзасидан ҳамкорлик олиб бориляпти.
Учрашувда дастлаб “Changi Airports International” компанияси делегацияси вакилларига республикамизнинг туристик салоҳияти, туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, жумладан, Ўзбекистонда жорий этилган “очиқ эшиклар” сиёсати туфайли сўнгги йилларда визасиз давлатлар сони 9 тадан 91 тага кўпайганлиги ҳамда авиация соҳасида тақдим этилаётган имтиёзлар тўғрисида батафсил маълумот берилди.
Музокаралар давомида хорижий томон Ўзбекистон бозорини ўрганиш бўйича олиб борилаётган жараёнлар, шунингдек, ҳозирги Тошкент халқаро аэропортини оптималлаштириш юзасидан режаларини маълум қилди.
Учрашув якунида томонлар муҳокама этилган барча келишувларни ҳаётга татбиқ этишни жадаллаштириш бўйича босқичма-босқич қўшма ҳаракатлар режасини ишлаб чиқишга келишиб олдилар, деб хабар беради Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати.