Йиғилиш Ўзбекистон Республикаси инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов ва Россия Федерацияси иқтисодий ривожланиш вазири Максим Решетников ҳамраислигида онлайн режимида ўтказилди.
Россия Ўзбекистоннинг анъанавий йирик савдо ҳамкори ҳисобланади. Жорий йилнинг 7 ойида товар айирбошлаш ҳажми 29,1 фоизга ўсиб, 6,8 миллиард долларни ташкил этди, бу даврда Россия Федерациясига 175 товар позицияларида экспорт ҳажмининг ўсиши кузатилди. 11,3 миллион долларлик 64 та янги товар экспорти йўлга қўйилди.
Музокаралар давомида саноат, энергетика, транспорт ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги тегишли раҳбарларнинг ҳисоботлари тингланди. Улар Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасидаги 2024-2030 йилларга мўлжалланган ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини ошириш бўйича қўшма Чора-тадбирлар режаси доирасида келишилган лойиҳа ва келишувларни амалга оширишнинг бугунги ҳолати тўғрисида маълумот бердилар. Таъкидлаш жоизки, дастур икки давлат раҳбарлари томонидан белгилаб берилган товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш бўйича аниқ мақсадга эришишга қаратилган.
Учрашув иштирокчилари Тошкентда Бутунроссия ташқи савдо академиясининг филиалини очиш ва Стратегик ташаббуслар эксперт маркази фаолияти билан ҳам танишдилар, деб хабар беради Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги матбуот хизмати.
Музокаралар якунида ҳамкорликни кучайтириш ва икки давлат ўртасидаги савдони ривожлантиришнинг барча йўналишлари бўйича биргаликда самарали чораларни кўришда давом этишга тайёрлик билдирилди.