Тадбирда вазирлик ва идораларнинг юқори даражадаги мутасаддилари, БМТ, ногиронлиги бўлган шахслар ташкилотлари ва халқаро таълим соҳасининг экспертлари иштирок этишди.
Ўзбекистон ҳукумати ногиронлиги бўлган болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича қатъий чоралар ишлаб чиқди. USAIDнинг “Барча болалар муваффақиятли” лойиҳаси инклюзив таълим билан боғлиқ учта муҳим йўналишни қўллаб-қувватлайди:
- инклюзив таълим учун қулай ўқув-методик материаллар,
- ўқитувчилар учун амалиёт ва мактаб муҳитини яратиш, шу билан бирга
- асосий манфаатдор томонлар, яъни ўқитувчилар ва ногиронлиги бўлган шахслар билан биргаликда ишлаб чиқилган барқарор сиёсатни ривожлантириш.
USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Девид Хофман ўз мурожаатида ҳар бир болага хос бўлган улкан салоҳият, ҳар бир боланинг ривожланиши ва ўз салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариши учун таълим имкониятларини яратиш юзасидан жамоавий масъулият ҳақида тўхталди.
Шунингдек, тадбир иштирокчилари Ўзбекистондаги ҳар бир боланинг муваффақиятини таъминлашда ҳамкорлик ва фидоийлик муҳим ўрин тутишини таъкидлаб ўтди.
USAID беш йил давомида “Барча болалар муваффақияти” лойиҳасига 25 миллион доллар ажратишни режалаштирган. Лойиҳа Creative Associates International ҳамда Халқаро таълим бўйича Америка кенгашлари, АҚШнинг Сиракуз университети қошидаги ногиронлик ва инклюзия маркази, Praxis Plus ва “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати билан ҳамкорликда амалга оширилади.
Тадбир якунида Creative Associates International, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Ўзбекистон Республикаси Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги, Ўзбекистон Республикаси Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари томонидан сифатли инклюзив таълимни ташкил этиш ва Ўзбекистондаги барча болаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳамкорликда иш олиб бориш назарда тутилган Ҳамкорлик Келишуви имзоланди, деб хабар беради АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонаси матбуот хизмати.
.